Абдулла II Самарқандда тантанали кутиб олинди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн давлат ташрифи билан Самарқандда бўлиб турибди. Бугун, 26 август куни Самарқанд шаҳрида ташрифнинг асосий тадбирлари Иордания раҳбарини расмий кутиб олиш маросимидан бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Конгресс маркази биноси олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон Президенти олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф этди. Ҳарбий оркестр икки мамлакат давлат мадҳияларини ижро этди. Ўзбекистон Президенти ва Иордания Подшоҳи фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегация аъзоларини қутлади.

Саммит кун тартибидан сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, кимё, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, кончилик ва бошқа тармоқларда кооперацияни йўлга қўйиш, маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш масалалари ўрин олган. Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилади. Музокаралар якунида икки томонлама битимлар тўплами имзоланиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Абдулла II ибн ал-Ҳусайн кеча, 25 август куни давлат ташрифи билан Самарқандга келганди. Самарқанд шаҳри аэропортида Иордания Подшоҳини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Кейин Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида қадимий Самарқанд шаҳрининг улуғвор тарихий обидалари билан танишди. Етакчилар кечқурун Самарқанд халқаро туризм марказидаги "Боқий шаҳар" тарихий-этнографик мажмуасини ҳам бориб кўрди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Самарқанд Ўзбекистон Иордания Абдулла II

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг