Абдулла II Мирзиёевни мукофотлади

Жамият

image

Бугун, 26 август куни Иордания подшоҳининг давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Иорданиянинг “Ан-Наҳда” (“Ренессанс”) ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу мамлакатнинг олий мукофотини давлат раҳбарига Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн шахсан топширди.

“Ушбу мукофотни кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларимизнинг муносиб эътирофи, шунингдек, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган Ўзбекистон халқига дўстона муносабат ва ҳурмат ифодаси сифатида катта мамнуният билан қабул қиламан”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Қайд этиш жоиз, Иордания подшоҳининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи ва самарали музокаралар натижасида мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар янги шериклик даражасига кўтарилди. Етакчилар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга келишиб олди.

Шавкат Мирзиёев подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Иорданиянинг жадал ривожланишига, мамлакатнинг тинчликсевар ташқи сиёсатини амалга оширишга, халқаро ҳамжамиятдаги нуфузи ва таъсири юксалишига қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этди. Президент ушбу юксак мукофот Ўзбекистон ва Иордания халқлари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик рамзи сифатида муносиб ўрин эгаллашини таъкидлади.

Ўзбекистон етакчиси сўзининг якунида подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайнга мукофот учун яна бир бор миннатдорлик билдириб, Иордания халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Маълумот учун, сўнгги йилларда Президент Мирзиёев қўшни ва дунёдаги етакчи давлатларнинг бир қатор нуфузли мукофотларига сазовор бўлди. Қозоғистоннинг “Олтин қиран” ва “Дўстлик”, Қирғизистоннинг “Данакер”, Тожикистоннинг “Зарринтож”, Россиянинг “Александр Невский”, Франция “Фахрий легион”и, Туркиянинг “Республика” орденлари, Туркий дунёнинг олий ордени, МДҲ фахрий нишони, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг фахрий нишони ва бошқалар шулар жумласидан.

Эслатиб ўтамиз, Абдулла II ибн ал-Ҳусайн кеча, 25 август куни давлат ташрифи билан Самарқандга келганди. Самарқанд шаҳри аэропортида Иордания Подшоҳини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Кейин Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида қадимий Самарқанд шаҳрининг улуғвор тарихий обидалари билан танишди. Етакчилар кечқурун Самарқанд халқаро туризм марказидаги "Боқий шаҳар" тарихий-этнографик мажмуасини ҳам бориб кўрди. 26 август куни Самарқанд шаҳрида ташрифнинг асосий тадбирлари Иордания раҳбарини расмий кутиб олиш маросимидан бошланди. Кейин музокаралар бўлиб ўтди ва унинг якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилди. Ташриф доирасида 15 та икки томонлама ҳужжат имзоланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Иордания Абдулла II Ан-Наҳда

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг