Абдулла II Қозоғистонга жўнаб кетди
Жамият
−
26 Август 3806 1 дақиқа
Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи бугун, 26 август куни ниҳоясига етди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Куни кеча давлат раҳбарлари Самарқанднинг диққатга сазовор жойларига ташриф буюрди. Бугун бўлиб ўтган самарали музокараларда ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор ва истиқболли йўналишлари белгиланди, икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олинди.
Тадбирлар якунлангач, Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди. Шу билан Ўзбекистон раҳбари Самарқандга сафарини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди. Абдулла II эса Қозоғистонга учиб кетди.
Эслатиб ўтамиз, бугунги музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилди. Ташриф доирасида 15 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Шунингдек, Иордания подшоҳининг давлат ташрифи доирасида у Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Иорданиянинг “Ан-Наҳда” (“Ренессанс”) ордени билан тақдирлади. Ўзбекистон-Иордания саммити якунида биргаликда дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.