Абдулла Арипов Имомали Раҳмон билан учрашди
Жамият
−
22 Июль 2023
4809Кеча, 21 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Тожикистон пойтахти Душанбеда Президент Имомали Раҳмон билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида маълум қилинди.
Айтилишича, суҳбат аввалида Ўзбекистон Бош вазири Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмонга Президент Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказган.
Ўз навбатида, Президент Раҳмон Ўзбекистон етакчисини ва бутун халқини Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан яна бир бор табриклаб, ўзбекистонликларга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.
Ўзбекистон Бош вазири мамлакатда бўлиб ўтган сайловдан сўнг Шавкат Мирзиёевни дастлабки дақиқаларда Президент Имомали Раҳмон табриклаганини билдириб, бу қардош Тожикистон давлати Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлаётганидан далолат эканини қайд этган.
Учрашувда олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлаш, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Абдулла Арипов Грузия ва Озарбайжонга ҳам бориб, ҳукумат ва давлат раҳбарлари билан учрашганди.