Арипов – Озарбайжонда. У Илҳом Алиев қабулида бўлди
Олам
−
19 Июль 2023
4841Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бугун, 19 июль куни Грузияга ташрифини якунлаб, Озарбайжонга борди ва Президенти Илҳом Алиев қабулида бўлди.
Озарбайжон раҳбари яқинда Ўзбекистон Президенти билан бўлиб ўтган телефон мулоқотини эслаб, суҳбат чоғида Шавкат Мирзиёевнинг сайловдаги ишончли ғалабаси билан табриклагани, барча соҳаларда ижобий ривожланиш тенденцияси кузатилаётганидан мамнунлигини айтган. Президент Илҳом Алиев Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг Озарбайжонга ташрифи ҳамкорлик истиқболларини белгилаш нуқтаи назаридан муҳим эканини билдирган.
Озарбайжон Президенти икки томонлама муносабатлар йилдан-йилга ривожланиб бораётганини қайд этиб, келгусида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган янги муваффақиятли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилишига ишонч билдирган.
Абдулла Арипов, Президент Илҳом Алиевга Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказган. Давлат раҳбари қутлов учун миннатдорлик билдириб, унинг саломини Ўзбекистон Президентига етказишни сўраган.
Абдулла Арипов Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловдан сўнг Шавкат Мирзиёевни биринчи бўлиб Президент Илҳом Алиев табриклаганини қайд этиб, бу давлат раҳбарлари ва мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва қардошлик намунаси эканини урғулаган.
Арипов Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш муҳимлигини айтган.
Суҳбат чоғида Ўрта йўлакнинг аҳамияти ҳақида сўз борган, Ўзбекистон компанияларининг Озарбайжонда ташкил этилган эркин иқтисодий зонада иштирок этиш истиқболлари, 18 июль куни Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Озарбайжон-Ўзбекистон ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг 12-мажлисининг аҳамияти кўрсатилган.
Охирги вақтларда ўзбекистонлик расмийларнинг Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев қабулида бўлиши ортган. Масалан, жорий йилнинг 1 май куни “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Рўзиқулов, 15 май куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, 5 июль куни Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Алиев қабулида бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Арипов бунгача Грузияга бориб, Бош вазир Ираклий Гарибашвили билан учрашган эди.