Абдулла Абдуллага суиқасд уюштирган гуруҳ номи маълум - у “Толибон” эмас
Олам
−
07 Март 2020
11363Кеча, 6 март куни Афғонистон Ислом Республикаси вице-порезиденти Абдулла Абдуллага суиқасд уюштирилгани ҳақида хабар берилганди. Бугун, 7 март куни ушбу суиқасд учун жавобгарликни "ИШИД" террорчилик ҳаракати ўз зиммасига олди. Бу ҳақда "Reuters" агентлиги маълум қилмоқда.
Ҳужум 25 йил аввал "Толибон" ўлдирган Ҳазара этник лидери Абдул Али Мазарий ўлимининг 25 йиллиги нишонланаётган маросим вақтида амалга оширилган. Маросимда Афғонистон вице-президентидан ташқари, бир қанча ҳукумат вакили ҳам иштирок этган. Лекин уларнинг ҳеч бири жароҳат олмаган.
Афғонистонда бўлиб ўтган сўнгги учта президентлик сайловида Абдулла Абдулла иккинчи ўринни эгаллаб келади. У 2014 йилдан бери коалиция ҳукуматининг ижрочи директори, шунингдек, собиқ ташқи ишлар вазири ҳисобланади.
АҚШ, Европа Иттифоқи ва НАТО вакиллари ушбу ҳужумни қоралади.
“Хотира маросимида бегуноҳ ва ҳимоясиз одамларга ҳужум қилиш кучлиликнинг белгиси эмас, аксинча, кучсизлик ифодасидир. Афғонистон халқи терроризмдан холи келажакка лойиқдир", деди АҚШ давлат котиби Майкл Помпео.
Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони 32 тага етган. Жароҳат олганлар сони эса 81 нафарлиги айтилмоқда.
"Кобулдаги даҳшатли ҳужум оғриқли ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир. Биз уруш ва зўравонликдан чарчадик”, деди Афғонистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил комиссияси раҳбари Шаҳзод Акбар.
Эслатиб ўтамиз, бироз аввал Ҳиротда тинч аҳолига ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берилди.