Аҳолига бериладиган микрокредит миқдори 2 баробарга ошиши мумкин
Жамият
−
24 Октябрь 2023
13384Ноябрь ойидан Ўзбекистонда аҳолига ажратиладиган микроқарз миқдори икки баробарга ошиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан муҳокамага қўйилган “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасида айтиб ўтилган.
Унга кўра, ушбу қонуннинг 5-моддасидаги аҳолига ажратиладиган микрокредит миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмга ўзгартирилади. Ушбу қарор ижросини таъминлаш эса Марказий банк ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юкланади.
Ҳужжат лойиҳаси 31 октябрга қадар regulation.gov.uz порталида муҳокамага қўйилган. Ҳар бир фуқаро ушбу жараёнда овоз бериши мумкин. Агар ушбу Қонун муҳокамадан ўтса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг "Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида"ги ЎРҚ–765-сонли Қонуни 2022 йил 20 апрелда қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 1 ноябрдан транспорт воситалари учун давлат рақами беришда ундириладиган тўлов ставкалари ҳам оширилади.