$90 миллионлик Корея иши бўйича суд бошланади
3-саҳифа
−
10:19 3881 2 дақиқа
90 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказилгани айтилган Корея иши бўйича суд жараёни эртага, 29 июль куни бошланади. Бу ҳақда “Ezgulik” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўз Telegram-каналида маълум қилди.
Иш Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судида судья Дадахонова раислигида кўриб чиқилади. Мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов Бош прокуратура томонидан олиб борилган.
Иш доирасида Ганчар Узақов, Тимур Шариксиев, Алижон Ашуров ва Сухроб Сайфутдиновлар судланувчи сифатида жалб этилган.
Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандлари (пора олиш), 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ҳамда 301-моддаси 1-қисми (ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) билан айблов эълон қилинган.
Аввалроқ, Ташқи меҳнат миграцияси ва хусусий бандлик агентликларининг собиқ мансабдор шахслари томонидан амалга оширилган коррупцион схема аниқлангани, улар 600 дан ортиқ одамдан 90 миллион АҚШ доллари олгани фош қилингани маълум бўлганди. Азизбек Тоштемировнинг иддао қилишича, бу жиноятга Мусаев ҳам алоқадор.
“Айни пайтда Кореяга ишлаш учун кетган фуқароларнинг ким орқали, қанча пул эвазига кетганлиги текширилмоқдами? Хўш, нима сабабдан Б. Мусаевнинг шахсан топшириғи ортидан Кореяга кетганлар билан ҳеч ким қизиқмаяпти? Бундай топшириқларнинг сон-саноғи йўқ. Қай биридан қанчадан олгани номаълум, лекин ҳойнаҳой 90 млн доллар Мусаевнинг уйидан чиқса, ажабмас”, деб ёзган у.
Жорий йилнинг 20 июнь куни Миграция агентлиги шов-шувли ҳолат бўйича расмий муносабат билдирган. Унда Азизбек Тоштемиров скриншот, аудио ва расмлар билан илгари сураётган даъволар ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва бир томонлама талқин қилингани айтилган.
“Мазкур ҳолатлар бўйича ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда текширув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув натижаларига кўра, барча ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилади”, дейилади расмий баёнотда.
Орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, бирор расмий идора – на Бош прокуратура, на Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва на Ички ишлар вазирлиги Тоштемировнинг айбловлари юзасидан қандай текширув олиб борилаётгани, натижалар қачон маълум бўлишига ойдинлик киритмаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг собиқ ходими – Ички ишлар вазирлиги сўрови билан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган Азизбек Тоштемировнинг номи халқаро қидирувдаги шахслар рўйхатидан сирли равишда ғойиб бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси