9 ёшли қизчага жинсий йўл билан юқувчи дардга қарши вакцина нега керак?

Саломатлик

image

Ўзбекистонда одам папиллома вирусига қарши эмлашга старт берилди. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида хабар берилди.

311 минг аёлни ҳаётдан олиб кетаётган дард

Бачадон бўйни саратони аёллар саломатлигига таҳдид қилувчи жиддий касалликлардан бири ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, дунёда биргина 2018 йилда бачадон бўйни саратони билан қарийб 570 000 янги касалланиш ҳолати қайд этилган. Ҳар йили шу касалликдан 311 000 нафардан ортиқ аёллар вафот этади.

Дунёда бўлгани каби, мамлакатимизда ҳам ушбу хасталик аёллар ўртасида тарқалиши бўйича кўкрак бези саратонидан кейин иккинчи ва касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса туғиш ёшидаги аёллар орасида иккинчи ўринда туради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили юртимизда 1600 нафардан зиёд аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинмоқда.

12 та инфекцияга қарши эмланамиз

Миллий эмлаш тақвимига кўра, мамлакатимизда болалар давлат бюджети ҳисобидан 12 та бошқариладиган инфeкцияларга қарши эмланади. Эндиликда ОПВга қарши вакцинанинг жорий қилиниши эса яна бир оғир касаллик — бачадон бўйни саратони касаллигининг олдини олишга хизмат қилади.

Хозирда юртимиздаги барча 9 ёшли ўсмир қизлар ушбу касалликка қарши эмланмоқда. Мазкур вакцинанинг нархи анча қимматлиги сабаб аксарият давлатларда у пулли асосда бажарилади. Мамлакатимизда эса, ўсмир қизлар давлат ҳисобидан бепул эмланади. Натижада келажакда ҳар йили 1100 та касалланиш ва бачадон бўйни хасталиги бўйича эса 600 га яқин ўлим ҳолатининг камайишига эришилади.

96 та давлатда мавжуд вакцина

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти одам папилломаси вирусига қарши вакцинани барча иммунизация дастурларига киритишни тавсия этади. Бугунги кунда жаҳоннинг 96 давлати уни ўз миллий эмлаш тақвимига киритган. Уларнинг орасида Буюк Британия, Дания, Швеция, Финландия каби қатор Европа давлатлари, АҚШ, Канада, Австралия ва Лотин Америка мамлакатлари ҳам бор. 2006 йилдан бошлаб шу кунгача бутун дунёда 100 миллион нафардан ортиқ одам ушбу вакцина билан эмланган. Мазкур вакцина нафақат саратондан ҳимоялаш, балки, репродуктив аъзолар саломатлигини ҳам янада мустаҳкамлаш хусусиятига эга.

ОПВ – дунё бўйлаб жуда кенг тарқалган вирус. Унинг 100 дан ортиқ тури бўлса, 14 та кўриниши онкоген ҳарактерга эга. Мазкур вирус асосан жинсий йўл билан юқади.

Саратондан ҳимояланишга кафолат ортди

Бачадон бўйни саратони аёлларнинг кўп тарқалаган онкологик касалликлари орасида етакчилик қилади. Барвақт аниқланса, тўлиқ даво топишга кафолат бор (80 фоиз). Аммо афсуски, кўп ҳолларда кеч босқичларда аниқланади. Иммунитети яхши бўлган аёлда бачадон бўйни саратони 15-20 йил давомида ривожланади. Иммунитети паст бемор учун 5-10 йил кифоя. Инфекцион хасталиклар (генитал герпес, хламидиоз, гонорея) бачадон бўйни саратони юзага чиқишини кучайтириб юборади.

ОПВга қаши профилактик эмлаш 9 ёшдан эътиборан амалга оширилади. 14 ёшга қадар вакцинани олишга улгуриш керак. Бу жиддий хасталикка қарши курашнинг самарали ва хавфсиз йўлидир.

Айрим мамлакатларда ушбу вакцина ўғил болаларга нисбатан ҳам қўлланилади, чунки у эркак жинсий органлари саратонидан ҳам ҳимослайди. Бундан ташқари, одам папиллома вируси жинсий йўл билан юқиш нуқтаи назаридан аёллар билан бир қаторда эркакларга ҳам хавф солади. Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг хулосаси ва тавсиясига асосан, вакцина 9-14 ёшли қизларга бағишланган.

30 ёшдан сўнг аёлларга бачадон бўйни саратонидан ҳимояланиш мақсадида бачадон бўйни скрининги текшируви қўлланилади. Бу барча аёллар учун тенг тавсиядир. Чунки у орқали бачадон бўйни саратонидан эрта воқиф бўлиш ва муфассал давога эришиш мумкин. ОИВ билан зарарланган аёлларга 30 ёшдан ҳам эртароқ, тўғрироғи ОИВ аниқланиши биланоқ бачадон бўйни скринингини амалга оширган маъқул.

Бачадон бўйни саратонининг аломатлари

Эрта босқичда:

  • Ҳайздан ташқари вақтларда қонли ажралмалар;
  • Климаксдан ўтган, қондан қолган аёлнинг ҳайз кўриши;
  • Жинсий алоқадан кейинги қонашлар;
  • Қиндан келувчи одатий ажралмалар миқдорининг кўпайиши, ёқимсиз хид келиши.


Кеч босқичда юқоридаги безовталикларга қуйидагилар ҳам қўшилади:

  • Бел, оёқ, тос соҳасидаги доимий оғриқ;
  • Тана вазнининг кескин камайиши;
  • Ланжлик, тез чарчаш;
  • Иштаҳанинг пастлиги.


Бачадон бўйни саратони ташхиси гистологик текширувлар натижасига мувофиқ қўйилади. Шиш ҳажми ва бошқа аъзоларга тарқалганлик ҳолатига кўра касаллик даражаси белгиланади. Сўнг шундан келиб чиқиб, даво чораси белгиланади. Бу нурли терапия, кимётерапия ёки жарроҳлик амалиёти бўлиши мумкин.

ФАКТ:

Папиллома вируси билан фақат жинсий йўл эмас, маиший йўл, яъни жамоат жойларидаги ҳожатхона, ҳаммом, бассейн, спорт залларида, шунингдек, эркаклар соқол олиш, аёллар эпиляция қилдириш пайти зарарланиб қолишлари мумкин.

Дурдона Алимова,

Ўзбекистон "Адолат" СДП
Матбуот хизмати масъул ходими


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Бачадон бўйни саратони папиллома вакцина

Баҳолаганлар

397

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг