87 кунлик узилиш: Эронда интернет қисман ишлай бошлади
Олам
−
26 Май 1043 1 дақиқа
Эронда интернетга кириш имконияти қисман тикланаётгани кузатилмоқда. Бу ҳақда “NetBlocks” халқаро мониторинг хизмати ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар берди.
“Тасдиқланди: тезкор метрикалар Эронда узилишнинг 88-кунида, яъни 2093 соатлик чекловдан сўнг интернет алоқаси қисман тикланаётганини қайд этмоқда”, дейилади хабарда.
Бундан олдин Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён яқин 24 соат ичида мамлакатда халқаро интернетга киришни қайта тиклаш тўғрисида фармон чиқарган. Унинг сўзларига кўра, Алоқа ва ахборот технологиялари вазири Саййид Саттор Ҳошимий тармоққа киришни қайтариш бўйича тегишли топшириқни берган ва жараён бошланган.
Икки ойдан кўпроқ вақт давомида Эронда глобал тармоққа уланиш бўйича мисли кўрилмаган узоқ муддатли чекловлар амал қилди, бу эса фуқаролар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг танқидига сабаб бўлди. Шу билан бирга, имтиёзли тоифадаги фойдаланувчилар учун “Интернет Про” очиқлигича қолган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ҳормуз бўғози орқали ўтган кабеллар учун техногигантлардан ҳақ ундириш ниятида экани, акс ҳолда мамлакат уларни узиб қўйиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси