48 жамоали Жаҳон чемпионати тўғри танлов – Арсен Венгер
Спорт
−
05 Декабрь 2025 2644 2 дақиқа
FIFA’нинг глобал футболни ривожлантириш бўйича раҳбари Арсен Венгер Жаҳон чемпионатининг 48 та жамоага кенгайтирилишини ҳимоя қилиб, бу турнир учун “тўғри миқдор” эканлигини айтди. Бу ҳақда ESPN нашри хабар берди.
“Менимча, 48 та жамоали Жаҳон чемпионати бу тўғри танлов. FIFA’га аъзо бўлган 211 давлат учун бу 25 фоиздан кам, яъни тўртта жамоадан биттаси ҳали ҳам иштирок эта олмайди”, дейди Венгер.
Турнирга яқинлашган сари майдонларнинг сифати ва жамоаларнинг юқори ҳароратга дош бериши ҳам муҳим савол бўлиб қолмоқда. Венгернинг айтишича, FIFA АҚШда бўлиб ўтган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бу борада кўп сабоқ олган.
“Биз майдонлар сифати мукаммал бўлишига ишончимиз комил, чунки мусобақадан олдин икки ой давомида майдонда ҳеч қандай ўйин бўлмайди. Қуръа ташлашдан кейин жамоаларни қандай ҳимоя қилиш бўйича тажриба тўпладик. 6 декабрь куни ўйинлар вақти ва жойи эълон қилинади, шунингдек, жамоаларни иссиқликдан ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар кўриб чиқилади”, дея қўшимча қилди Венгер.
Шунингдек, “Арсенал” жамоаси собиқ устози мусобақанинг асосий фаворитини айтиб ўтди.
“Англия ҳар доим ғалаба қозонишга ҳаракат қилади. Улар бунга тайёр. Аммо Европада имкон қадар объектив бўлишга ҳаракат қиламан. Франция эса супер фаворит ва у дунёнинг исталган жамоасидан сифатли ҳужумчиларга эга жамоа”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “The Athletic” нашри 2026 йилда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган энг яхши 100 футболчи рўйхати эълон қилган ва унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Манчестер Cити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ҳам ўрин олган эди.
Live
БарчасиНавоийда олтин ўғрилари қўлга олинди
19 Январь