38-йилгача қатағон қилинган 23 киши оқланди
Жамият
−
25 Август 2021
10536Аввалроқ, Ўзбекистон Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси очиқ суд мажлисида раислик қилувчи Олий суд раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Икром Муслимов, ҳайъат аъзолари Олий суд судьялари: Жаҳонгир Жўраев, Абдулла Аллаевдан иборат таркибда Марказий Осиё бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (ОГПУ)нинг мухтор вакили қошидаги учлик кенгаши баёнига асосан ҳукм қилинган Носирхонтўра Саидкамолхонтўраев ва бошқаларга нисбатан (жами 92 киши) олиб борилган жиноят ишини кўриб чиқиб, уларни оқлагани ҳақида хабар берган эдик.
Кеча, 25 август куни Ўзбекистон Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси очиқ суд мажлисида раислик қилувчи Олий суд раиси ўринбосари, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Икром Муслимов, ҳайъат аъзолари Олий суд судьялари Жаҳонгир Жўрабоев, Шамсуддин Тожиевдан иборат таркибда 23 нафар шахсга нисбатан юритилган яна 5 та жиноят ишини апелляция тартибида кўриб чиқди.
Биринчи ишда Бош прокурор ўринбосари томонидан келтирилган протест асосида Марказий Осиё бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ)нинг 1932 йил 23 апрелдаги баённомасига асосан жиноий жавобгарликка тортилган Иброҳимбек Чакабаев, Абдуқаюм Парвоначи Ўлаев, Эшон Исахон Мансурхонов, Алимардон додҳо Муҳамедов, Сулаймон Салахутдинов, Кур Ортиқ Аширов, Мулла Ниёз Парвоначи Ҳакимов, Мулла Аҳмадбий Саидов, Тошматхўжа Бердиев, Азим Астанақулов, Куганбек Ширалиев, Шоҳасан Имонқулов, Мирзақаюм Черов, Куган Кенжаев, Алят Полвон Илмирзаев, Эшон Полвон Баҳодирзодага нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди. Суд ҳайъати қуйидагиларни аниқлади.
ОГПУнинг 1932 йил 13 апрелдаги баённомасидан кўчирма мавжуд. Бироқ ОГПУнинг ҳукми мавжуд эмас.
1932 йил 13 апрелда Иброҳимбек Чакабаев, Абдуқаюм Парвоначи Ўлаев, Эшон Исахон Мансурхонов, Алимардон додҳо Муҳамедов, Сулаймон Салахутдинов, Кур Артык Аширов, Мулла Нияз Парваначи Хакимов, Мулла Аҳмадбий Саидов, Тошматхўжа Бердиев, Азим Астанақулов, Куганбек Ширалиев, Шоҳасан Имонқулов, Мирзақаюм Черов, Куган Кенжаев, Алят Полвон Илмирзаев, Эшон Полвон Баҳодирзодага оид жиноят иши БДСБ томонидан кўриб чиқилиб, отиб ўлдириш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Иккинчи ишда Терегулов Осман Игматулович ва бошқаларга оид (4 нафар шахсга нисбатан) жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилди. Ўзбекистон Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ишни ўрганиш давомида қуйидагиларни аниқлади.
Маъмурий сургун қилиш Комиссиясининг 1922 йил 5 мартдаги қарорига кўра, Осман Игматулович Терегулов, Александр Васильевич Юнгеров, Искандар Исхакович Муратов ва Загидлулла Гайдулоевич Гайнулин Жиноят кодексининг 60-моддасига асосан айбдор деб топилган. Маъмурий сургун қилиш Комиссияси баёни билан:
• О.Терегулов – 3 йил концлагерда, А. Юнгеров 2 йил концлагерда жазо ўташи белгиланган;
• И. Муратов ва З. Гайнулин жавобгарликдан озод қилиниб, Туркистон, Бошқирдистон, Татаристон ва Кавказ Республикаларида яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Хоразм Республикаси фавқулодда сессияси Олий Революция Трибунали томонидан 1922 йил 18 ноябрь куни ЖК 40-моддасига асосан Терегулов Осман Игматулович, Юнгеров Александр Васильевич, Муратов Искандар Исхакович ва Гайнулин Загидлулла Гайдулоевич отишга ҳукм қилинган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари алоҳида иш юритувига ажратилган.
Учинчи ишда Даминов Латифга оид жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилди. Ўзбекистон Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ишни ўрганиш давомида қуйидагиларни аниқлади.
СССР Олий суд ҳарбий ҳайъати сайёр судининг 1938 йил 15 октябрдаги ҳукмига кўра, Латиф Даминов отишга ҳукм қилиниб, мол-мулки мусодара қилиниши белгиланган.
1938 йил 15 октябрдаги маълумотномага кўра, Латиф Даминовни отиш ҳақидаги ҳукм ижроси амалга оширилган.
Навбатдаги ишда Ғофур Султонова оид жиноят иши суд ҳайъати томонидан кўриб чиқилди. Ўзбекистон Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ишни ўрганиш давомида қуйидагиларни аниқлади.
1930 йил 27 октябрдаги Марказий Осиё Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) Мухтор вакили қошидаги Учлик кенгаши қарори билан Ўзбекистон ССР ЖК 58-модда 2-қисми (қуролли тўдалар, совет ҳудудига қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий мақсадларда бостириб келиши) ва 59-модда 3-қисми (Чет эл давлатлари билан аксилинқилобий мақсадларда алоқада бўлиш) бўйича айбдор, деб топилган ва отувга ҳукм қилинган.
Сўнгги ишда Кивам Кирамовга оид жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилди. Ўзбекистон Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ишни ўрганиш давомида қуйидагиларни аниқлади.
СССР Олий суди ҳарбий ҳайъатининг 1938 йил 9 октябрдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 58, 64 ва 67-моддалари билан Кивам Кирамов отувга ҳукм қилиниб, барча мол-мулки мусодара қилинган.
Суд ҳайъати иш материалларини ўрганиш давомида юқорида номи қайд этилган фуқароларга нисбатан жиноят ишини юритишда бир қатор процессуал талаблар бузилгани, хусусан, уларнинг ҳимоя ҳуқуқи, таржимон билан таъминланмагани, келтирилган фактлар тасдиғини топмаганини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жиноят иши бўйича чиқарилган учлик баёнини бекор қилиб, юқорида қайд этилган шахсларни оқлаш керак деган қарорга келди.
Суд ҳайъати ушбу жиноят ишларини кўриб чиқиб, келтирилган протестларни қаноатлантирди ва Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 5 та жиноят иши бўйича 23 нафар шахс оқланди.