3 яшар болани ўлдирган эркак қамоққа олинди
3-саҳифа
−
11 Июль
12255Аввалроқ Тошкент шаҳрида 31 ёшли эркак ўзи билан бирга қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келган аёлнинг биринчи турмушидан туғилган 3 яшар ўғлини пичоқлаб, ўлдиргани хабар қилинганди. Қотилга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Билдирилишича, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди томонидан Яшнобод тумани прокурорининг Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в”, “ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи С. М.га (эркак, 1993 йилда Фарғона вилоятида туғилган, оилали, маълумоти – ўрта-махсус, муқаддам судланган, ишсиз) нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳамда суд-психиатрия экспертизаси ўтказиш тўғрисидаги илтимосномалари тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқилган.
Суднинг 2024 йил 10 июлдаги ажримлари билан илтимосномалар қаноатлантирилиб, гумон қилинувчи С. М.га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, суд-психиатрия экспертизаси ўтказиш белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ мазкур воқеа фонида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров мурғак болага ваҳшийлик қилган инсон яшамаслиги кераклигини айтганди.
LiveБарчаси