Жойида кесиб нуқта қўймасак, яна авж олиб кетиши мумкин – Шерматов
Жамият
−
19 Апрель 2020
10198Карантин пайтида ўқитувчиларни касбий фаолиятидан ташқари бўлган ишларга мажбуран жалб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда қатъий таъкидлади.
Баҳодир Аҳмедов, журналист: — Бизда маълум давр мобайнида ўқитувчилар яхши қадрланмади. Улар касбий фаолиятига тааллуқли бўлмаган кўплаб ишларга жалб этилди. Эски давр инерцияси таъсирида шу кунларда ҳам бундай талаблар қўйилаётгани ҳақида мурожаатлар бўлмоқда. Томорқасига экин эккани расми, мактаб ҳудудида ўт ўриш учун одам ёллашга пул бериш ва ҳоказо. Бундай ҳолатларга вазир сифатида нима деб муносабат билдирасиз?
Хушнуд Худойбердиев, блогер: — Қисқагина изоҳ бермоқчиман. Ўқитувчилар айрим жойларда ўзининг томорқасини эмас, маҳаллалардаги томорқаларни ҳам уйма-уй юриб назорат қилиши кераклиги бўйича шикоятлар келмоқда.
Шерзод Шерматов, вазир: — 3907-сонли Президент қарорида аниқ айтиб ўтилган. Бирорта халқ таълими тизими ходимлари ўзининг меҳнат мажбуриятидан ташқари бўлган ишга жалб этилиши мумкин эмаслиги белгилаб ўтилган. Буни назорат қилиш Бош прокуратура билан меҳнат инспекцияларига юклатилган. Бундай ҳолатларни олдини олишда ОАВ ҳам охирги 1-2 йил ичида жуда катта ёрдам бермоқда.
Умумий гап эмас, конкрет ҳолатлар бўлса, охиригача олиб бориб, чорасини кўрамиз. Масалан, аноним мурожаат келиб тушади ва жойига борганимизда ҳолат тасдиқланмайди. Шунга ўхшаш ҳолат бўлганидан кейин қонун доирасида чора кўра олмаймиз-да. Карантин қоидасини бузма деб айтса ҳам, минглаб фуқаролар қонунни бузиш ҳолатлари кузатилмоқда-ку. Шунга ўхшаб, қайсидир инсон ўзини ташаббускорлигини кўрсатиш учун ҳам шундай қилаётган ҳолатлар бор. Жойида кесиб нуқта қўймасак, яна авж олиб кетиши мумкин.
Ўқитувчиларни оммавий тарзда қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этилиши ҳолатлари тарихда қолди-ку. Қандайдир ҳолатларга вақтида чора кўрилмаса, эски ҳолатга қайтиб келишимиз мумкин. Лекин давлатимиз, Президентимиз сиёсатига кўра, ўқитувчига ортиқча иш буюриш мумкин эмаслигини жойлардаги вилоят ҳокимлари ҳам, бошқа амалдорлар ҳам билади. Аммо қаердадир, кимдир ташаббускорлик қилган бўлса, буни умумий гап қилмай охиригача олиб бориш керак. Масалан, журналистик суриштирув қилиш мумкин. Биз ҳам керак бўлса назоратга олайлик, прокуратурадан илтимос қилайлик, жиноий жавобгарликка тортишсин.
Ҳозирги карантин вақтида ўқитувчини бировнинг томорқасини назорат қилишга ҳеч ким топшириқ беришга ҳаққи йўқ. Бундай ҳолатни охиригача олиб бориш керак.
Эслатиб ўтамиз, 16 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Унга кўра, томорқага ўз танлови асосида бирон-бир қишлоқ хўжалик экини экмаган фуқаролар, аввал огоҳлантирилади. Кейин базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жаримага тортилади.