25 декабрдан Ўзбекистонда карантин чоралари кучайтирилиши ростми?

Жамият

image

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин чора-тадбирлари жорий йилнинг 25 декабридан эътиборан кучайтирилиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Уларда асосан мактаб ва боғчалар, йирик савдо мажмуалари, кинотеатр, гўзаллик салонлари ўз фаолиятини тўхтатиши ёзилмоқда. Хўш, бу қанчалик рост? Ижтимоий тармоқларда тарқалган миш-мишларга Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Нурмат Отабеков муносабат билдирди. 

"Халқимизда “ниятга яраша беради” деган гап бор, билмадим, баъзи шахслар бу каби миш-мишларни яхши ниятда тарқатишаяптими ёки доим шундай “совуқ” ният қилишга ўрганиб қолишганми? Дейлик, карантин тадбирлари қайтадан кучайтирилса, аниқроқ айтганда, уйдан чиқиш, ишга бориш, ҳаракатланиш, қўйингки, шу каби барча эркинликлар чегараланса, бундан кимга ва қандай наф?! Дунё ҳамжамиятида вазият ўта оғир бўлиб турган бир пайтда ва юртимизда карантин тадбирларининг бирмунча юмшатилиши мавжуд эпидемик вазиятга салбий таъсир қилиши мумкинлигини тўлиқ англаган ҳолда Республика махсус комиссиясининг чеклов тадбирларини бирмунча юмшатишга қарор қилгани бу пандемияни жиловлаш тадбирларига жалб этилган соҳаларга катта ишонч намунаси, десак хато бўлмайди.

Албатта, бу каби қарорлар қабул қилинишидан олдин барча шарт-шароитлар ўрганиб чиқилади, юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва уларнинг ечими бўйича имкониятлар тарозининг икки палласига қўйилади, ҳар томонлама хисоб-китоблар қилинади, энг асосийси, халқнинг кайфияти, шароити, имкониятлари ва муаммолари ҳар томонлама ўрганилади".

Маълумки, ноябрь ойидан бошлаб Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашди. Пойтахт Тошкентда ва вилоятлар марказларида ташкил этилган коронавирус беморларини аниқлаш ва тақсимлаш марказлари фаолияти тўхтатилди. Бош вазир ўринбосари Мусаевдан тортиб, Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси аъзоларигача мамлакатда вазият барқарорлигини бот-бот такрорламоқда. Нурмат Отабеков ҳам сўзида давом этаркан, вазият барқарорлигини янада бир бор урғулади. 

"Таъкидланганлардан келиб чиқиб, юқоридаги каби миш-мишларни тарқатаётган шахсларга айтмочимиз: халқни бесаранжом қилиб, чалғитиб, қўрқитиб ёки хавотирга солиб барака топмайсиз, Республика махсус комиссияси аъзолари эса карантин тадбирларини кучайтириш ҳақида ҳозирча ўйлаб кўришмади, Негаки, бугун бу каби чекловлар ҳақида ўйлаш учун умуман асос йўқ, юртимизда коронавирус касаллиги бўйича барқарор эпидемик вазият ҳукм сурмоқда".

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ карантин чоралари жорий йилнинг 16 мартидан эълон қилинган эди. Бу орада мамлакатда икки марта кучайтирилган карантин тадбирлар ҳукм сурди.  Сўнгги бор кучайтирилган карантин чекловлари 10 июлдан 15 августгача давом этди. Сентябрь ойига келиб, Республика махсус комиссиясининг қарори билан бирин-кетин ўрнатилган чекловлар олиб ташланди. Айни вақтда ниқоб тақиш, қўлларни ювиш ва дезинфекция воситаларидан фойдаланиш, ижтимоий масофа сақлаш, кўпчилик бўлиб тўпланмаслик, 30 кишидан ортиқ оилавий тадбирлар ўтказмаслик асосий карантин қоидаси бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, жорий йилнинг 25 декабридан бошлаб хориждан кириб келаётган фуқаролар мамлакат халқаро аэропортларида антиген тестини топшириши мажбурий этиб белгиланди. 21 декабрдан 2021 йилнинг 10 январигача Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш) тўхтатилди


Мақола муаллифи

Теглар

карантин Нурмат Отабеков

Баҳолаганлар

2902

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг