$210 минг эвазига Учкўприк ҳокими курсисини ваъда қилган шахс ушланди
3-саҳифа
−
10:06 1972 1 дақиқа
Фарғона вилоятида фуқарони 210 минг АҚШ доллари эвазига Учкўприк тумани ҳокими лавозимига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти хабар берди.
Маълум бўлишича, департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида фуқаро С. А. фуқаро И. Д. нинг ишончига кириб, ўзини Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик суди судьясининг ёрдамчиси сифатида таништирган.
У юқори лавозимларда ишловчи танишлари борлигини айтиб, И. Д. ни 210 минг АҚШ доллари эвазига Учкўприк тумани ҳокими лавозимига ишга жойлаштириб қўйишини ваъда қилган. Келишилган пулнинг 100 минг АҚШ долларини олган вақтида С. А. ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Билдирилишича, ҳозирда жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятининг Нурота туманида фуқарони ҳамширалик лавозимига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган тиббиёт ходими 1,5 минг доллар олган вақтида ушлангани ҳақида хабар берилган эди.