2026 йилнинг энг “олифта” ити аниқланди
Бу қизиқ
−
15:45 1202 2 дақиқа
Мода ҳақидаги машҳур “Vogue” журнали уй ҳайвонларига бағишланган танловда 2026 йилнинг энг пўрим итини аниқлади. Бу ҳақда кеча, 18 август куни журнал сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, танлов эгалари томонидан ўз итларининг суратлари билан юборилган минглаб аризалар асосида ўтказилган. Танлов ҳакамлари ғолибни суратнинг композицияси, сурат орқали очиб берилган итнинг характери ва журналнинг мода руҳига мослигини акс эттирувчи “dogueness” мезони бўйича танлаб олган.
Якунда 2026 йилги танлов ғолиби деб Сэр Спад (Sir Spud) лақабли италиялик грейхаунд (кичик този) зотига мансуб ит топилган. У ўзининг мукаммал оғир-босиқлиги ва синчков қараши билан ҳакамлар эътиборини қозонган.
“Ҳакамларимиз 25 нафар финалчининг суратлари стол устида тартиб билан териб қўйилган мажлислар залига кириб келишганда, ҳавода оғир сукунат чўккан эди. Даъвогарлар синчковлик билан ўрганиб чиқилгач, шиддатли муҳокама ва баҳс-мунозаралар бошланди ва фақат биргина “Dogue” ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. “Vogue”нинг 2026 йилги “Dogue” танлови ғолиби – Сэр Спад!
Ҳаммаси бизнинг расмий мезонларимизга бориб тақалди: фотокомпозиция (50 фоиз), сурат орқали очиб берилган итнинг характери (25 фоиз) ва ҳақиқий “dogueness” (мода руҳига мослик) (25 фоиз). Сэр Спад аввалига ўзининг мукаммал оғир-босиқ ҳолати билан эътиборимизни тортди, сўнг ўзининг доно ва шу билан бирга жуда синчков қарашлари билан бизни бутунлай маҳлиё қилди”, дейилади журнал хабарида.
“Vogue”нинг қўшимча қилишича, ғолиб ит мода оламидаги уй ҳайвонларига бағишланган “Dogue” рақамли журналининг муқовасида пайдо бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ халқаро ҳакамлар ҳайъати илк бор дунёдаги энг гўзал сўзни танлаган эди. Бу Янги Зеландиянинг туб аҳолиси бўлмиш маори халқи тилидаги “кайтиакитанга” (kaitiakitanga) сўзи бўлиб, у ўзбек ва бошқа кўплаб тилларда аниқ муқобилга эга эмас.
Live
Барчаси