Илк бор дунёдаги энг гўзал сўз аниқланди
Бу қизиқ
−
22 июл 18385 2 дақиқа
Халқаро ҳакамлар ҳайъати илк бор дунёдаги энг гўзал сўзни танлади. Бу Янги Зеландиянинг туб аҳолиси бўлмиш маори халқи тилидаги “кайтиакитанга” (kaitiakitanga) сўзи бўлиб, у ўзбек ва бошқа кўплаб тилларда аниқ муқобилга эга эмас. Бу ҳақда халқаро танловни ташкил этган чет тилларини ўрганиш бўйича “Babbel” платформаси хабар берди.
“Кайтиакитанга” сўзи инсоннинг табиат олдидаги масъулиятини, уни атроф-муҳитни асраб-авайлаш ва келажак авлодлар учун сақлаб қолиш бурчини англатади. Маори халқининг дунёқарашида инсон табиатнинг эгаси эмас – у табиатнинг ажралмас қисми ва унинг ҳимоячиси ҳисобланади.
Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, танлов жараёнида сўзнинг фақатгина эшитилиши (оҳангдорлиги) эмас, балки унинг маъноси, маданий қиймати ва замонавий дунё учун долзарблиги ҳам баҳоланган.
Ғолибни аниқлаш учун “Babbel” жамоаси ижтимоий тармоқлар ва тил форумларидаги кўплаб муҳокамаларни таҳлил қилиб чиққан. Якуний қарорни эса тилшунослар ва маданиятшунос экспертлардан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати қабул қилган. Танловда дунёнинг 75 дан ортиқ тилидан 223 та сўз иштирок этган.
Финалга, шунингдек, аллақачон бутун бошли маданиятлар рамзига айланган бир нечта таниқли сўзлар ҳам чиққан:
- “Saudade” (португалча) – йўқотилган ёки эришиб бўлмайдиган нарсага бўлган чуқур соғинч (қўмсаш);
- “Ikigai” (японча) – ҳаёт мазмуни ёки инсон ҳар эрталаб уйғонишига сабаб бўладиган мақсад;
- “Hiraeth” (уэльсча) – ватанга ёки энди қайтиб бўлмайдиган маконга бўлган соғинч;
- “Ubuntu” (зулу тили) – одамийлик, инсонлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва жипслик;
- “Luftmensch” (йиддиш тили) – моддий қадриятлардан кўра кўпроқ ғоялар дунёси билан яшайдиган хаёлпараст, идеалист инсон.
Ташкилотчиларнинг билдиришича, танлов дунёнинг тил ва маданият ранг-баранглигига эътиборни қаратиш ҳамда айрим сўзлар бошқа тилларда аниқ таржимаси бўлмаган ноёб тушунчаларни ифодалай олишини кўрсатиш учун ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунё бўйича фойдаланувчиларнинг паролларида энг кўп учрайдиган сўз “Love” бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси