Тошкентда қидурувдаги 2 мингдан ортиқ шахс ушланди

Жамият

image

2025 йил давомида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва унинг ҳудудий тизимлари, прокуратура ва суд органлари томонидан қидирув эълон қилинган жами 3923 нафар шахснинг 2146 нафари ушланган. 94 нафарининг қидирув ишлари ҳудудийлик бўйича юборилган. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, қидирувдаги шахслар томонидан содир этилган жиноятларнинг Жиноят кодексида белгиланган моддалар кесимидаги таҳлили қуйидагича:

  • 97-модда (қотиллик) – 6 нафар;
  • 104-модда (оғир тан жароҳати етказиш) – 18 нафар;
  • 118-модда (номусга тегиш) – 5 нафар;
  • 164-модда (босқинчилик) – 16 нафар;
  • 165-модда (товламачилик) – 14 нафар;
  • 166-модда (талончилик) – 38 нафар;
  • 135-модда (одам савдоси) – 7 нафар;
  • 169-модда (ўғрилик) – 293 нафар;
  • 168-модда (фирибгарлик) – 1084 нафар;
  • 167-модда (ўзганинг мулкини талон-торож қилиш) – 83 нафар;
  • 277-модда (безорилик) – 48 нафар;
  • 273-276-моддалар (гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ) – 143 нафар;
  • терроризм ва диний экстремизм билан боғлиқ жиноятлар – 20 нафар;
  • бошқа турдаги жиноятлар бўйича 443 нафар.

Бундан ташқари, республика ҳудудидан қочиб кетган 86 нафар қидирувдаги шахслар МДҲ ва бошқа чет эл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ушланган. Улардан 73 нафари МДҲ давлатларида, 17 нафари бошқа давлатлар ҳудудларида қўлга олинган. 67 нафари 2025 йил давомида Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиниб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

Тергов ва суд органларига келишдан бўйин товлаб юрган, бироқ расмий қидирув эълон қилинмаган жами 741 нафар шахслар ҳам ўз вақтида аниқланиб, тергов ва суд органларига келтирилган.

Шунингдек, узоқ йиллар аввал жиноят содир этиб, тергов ва суд органларидан қочиб юрган 73 нафар қидирувдаги шахс ушланган. Мисол учун, Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисмида (одам савдоси) назарда тутилган жиноятни содир этган 1977 йилда туғилган Н.Р. 2012 йилдан бери қидирувда бўлган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу шахс 2025 йилнинг 19 март куни ушланган. 2019 йилдан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан айбланиб қидирув эълон қилинган 1984 йилда туғилган Т.О. 2025 йилнинг 23 январь куни ИИО ходимлар томонидан қўлга олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фирибгарлик иши бўйича халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Хорватияда қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент жиноят қидурув

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг