2024 йилнинг 5 ойи давомида 65 нафар ўқувчи ЙТҲ қурбони бўлди

Жамият

image

Ўзбекистонда дастлабки 5 ойда 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган, 294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳати олган. Бу ҳақда кеча, 25 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида маълум қилинди.

Билдирилишича, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида 2023 йилда республика бўйича қарийб 8 мингта объектда умумий қиймати 13,5 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. Натижада, жорий йилнинг 5 ойи давомида йўл-транспорт ҳодисалари сони 7,2 фоизга, тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар 8,7 фоизга камайган. 

Шу билан бирга, йўл-транспорт ҳодисаларининг 57 фоизи йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ҳамда 43 фоизи ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинмагани оқибатида содир этилган. Ҳодисаларнинг 53,7 фоизи пиёда ва велосипедчилар билан боғлиқ ҳолатлар ҳиссасига тўғри келган. 

Таъкидланишича, умумий ўрта таълим мактабларининг 9548 таси транспорт қатнови кўп ҳудудларда жойлашган ва аксарият мактаблар олдида пиёдалар учун йўлаклар мавжуд эмас, тегишли светофорлар ўрнатилмаган. 
Йўлларда йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмагани сабабли 2023 йилда жами 16 миллиондан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган. 

Содир этилган 9839 та ЙТҲ оқибатида 9209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2282 нафар фуқаро ҳалок бўлган. 

2023 йилда болалар билан боғлиқ 1794 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 1 568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафар бола ҳалок бўлган. Ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг салмоғи Самарқанд, Тошкент (80 тадан), Фарғона (69 та), Қашқадарё ва Сурхондарё (53 тадан) вилоятларида ҳамон юқори экани қайд этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙТҲ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг