Ўзбекистон энергетика корхоналари 2022 йилни фақат зарар билан тугатган
Жамият
−
08 Август 2023
4136Давлат активларини бошқариш агентлиги Ўзбекистоннинг 2022 йилда энг кўп зарар кўрган ТОП-20 давлат иштирокидаги корхоналар рўйхатини очиқлади. Улар орасида энергетика йўналишида фаолият юритувчи корхоналар кўпроқ.
Агентликнинг 2022 йил якуни бўйича ҳисоботига кўра, энг кўп зарар кўрган давлат корхонаси “Ўзагроэкспортбанк” тижорат банки бўлиб, у 2023 йил бошида хусусийлаштирилган эди. Корхона 2022 йилда жами 18,5 трлн сўм зарар кўрган ва бунга сабаб муаммоли кредитлар экани айтилган.
Шунингдек, 10 та энг кўп зарар кўрганларнинг нақ олтитаси электр энергияси таъминоти тизимидаги давлат корхоналаридир.
Булар:
• “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” – 4,3 трлн сўм;
• “UzGasTrade” – 3,9 трлн сўм;
• “Ўзтрансгаз” – 2,2 трлн сўм;
• Янги Ангрен ИЭС АЖ – 237 млрд сўм;
• Ангрен ИЭС АЖ – 207 млрд сўм;
• “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ – 56,7 млрд сўм зарар қилган.
Бундан ташқари, ўнлик рўйхатда 2021 йилни 52 млрд сўм фойда билан якунлаган “Ўзбекистон темир йўллари”АЖ ҳам бор. У 2022 йилда 1,17 трлн сўм зарарга кирган.
Йўл ҳақи учун янги нархларни жорий қилишни кечиктираётган “Тошшаҳартрансхизмат” бюджетида нақ 155 млрд сўм камомад аниқланган бўлса, йирик корхоналардан бири бўлган “Ўзсувқурилиш” АЖда бу миқдор 1,6 млрд сўмга тенг.
2022 йилда зарарга кирган давлат иштирокидаги унчалик йирик бўлмаган корхоналарнинг рўйхатида эса бир қанча иссиқлик таъминоти корхоналари бор.
Масалан, “Ангрeн иссиқлик энeргияси” ДУК 2022 йилда 58,4 млрд сўм зарар кўрган. Мазкур корхона 2021 йилда 68,3 млрд сўмни йўқотган эди.
“Тошкент иссиқлик маркази” ДУК эса ўтган йили 52,4 млдрлик камомадни қайд этган. “Иссиқлик манбаи” ДУК 34 млрд сўмни ўз зарарлари ҳисобига ёзиб қўйган. Тошкeнт вилояти “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш бошқармасида бу рақамлар 22 млрдга тенг.
Давлат активларини бошқариш агентлиги иссиқлик таъминоти корхоналарининг зарар кўриб фаолият юритиш сабабларини қуйидагича изоҳлаган:
• марказлашган иссиқлик таъминоти тизими, магистрал ва тақсимловчи иссиқлик тармоқлари ҳамда марказий қозонхоналар эскирганлиги;
• иссиқлик энергияси кўп миқдорда йўқотилаётганлиги;
• истеъмолчиларнинг йилдан йилга қисқариб бораётганлиги (аҳоли томонидан газ ёки муқобил иситиш тизимига ўтилаётганлиги).
Электр энергияси таъминоти тизимидаги корхоналарнинг катта миқдорда зарар кўраётганига эса валютада жалб қилинган кредитлар бўйича валюта курси фарқи, етказиб берилган иссиқлик энергияси учун маблағларнинг вақтида тўланмаслиги, нархларнинг пастлиги, энергоблокларнинг паст қувватда ишлаши, кўмир ёқилғиси табиий газга нисбатан қимматлиги каби сабаблар келтирилган.