2021/2022 ўқув йилидан мактабларда жисмоний тарбия фани ҳафтада 2 соатдан ўқитилади
Жамият
−
31 Октябрь 2020
182522021/2022 ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида умумий ўқув соатлари доирасида жисмоний тарбия фани барча синфларда ҳафтада 2 соатдан ўқитиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган.
2021 йилда умумтаълим мактабларига 50 та спорт зали қурилиши учун 100 млрд сўм, спорт таълим муассасаларига 48 та спорт иншооти қурилиши учун 400 млрд сўм ажратилади.
2021 йил 10 апрелга қадар 2022-2023 йилларга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилиб, шу асосда умумтаълим мактаблари спорт заллари билан тўлиқ таъминланади, ҳар бир туман(шаҳар)да моддий-техника базасига эга болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда бошқа жисмоний тарбия ва спорт муассасаларининг спорт иншоотлари қурилади ва жиҳозланади.
Бундан ташқари, президент имзолаган соғлом турмуш тарзига оид фармонга асосан:
• икки ой муддатда умумтаълим, профессионал ва олий таълим муассасаларида дарслар оралиғида (катта танаффус вақтида) "Спорт дақиқаси" жисмоний машқлари амалиётга жорий этилади;
• дарслар бошланишидан олдин эса 2 дақиқа нафас олиш машқлари ўтказилади;
• 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар, талабаларнинг ёш тоифасига қараб уларнинг жисмоний кўрсаткичларини (югуриш, отиш, сакраш, тортилиш) баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилиб, "Кундалик" рейтинг дафтарига алоҳида саҳифада киритилади; ҳар чоракда таҳлил қилиб борилади.
Уч ой муддатда болаларнинг жисмоний ривожланишини рақамлаштирилган дастур ёрдамида мониторинг қилиш тизими ишлаб чиқилади.
2021 йил 1 мартга қадар тиббиёт ходимлари томонидан болаларнинг соғлиғини инобатга олган ҳолда, жисмоний тарбия билан шуғулланиши устидан назорат ўрнатилади. Болалар саломатлиги асосида тиббий-соғломлаштириш гуруҳларига ажратилиб, шунга қараб жисмоний чиниқтириш миқдори белгиланади.
Боғчаларнинг тиббиёт ходимлари ва мактабларга бириктирилган тиббиёт ходимлари тарбияланувчилар ва ўқувчилар соғлиғи ва жисмоний камолотини доимий равишда назоратга олади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
• бир ой муддатда Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази билан биргаликда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларининг врач ва ўрта тиббий ходимларини диетология бўйича тайёрлаш, шу жумладан амалий кўникмаларини шакллантириш бўйича қисқа муддатли курсларни ташкил қилади;
• 2021 йил 1 мартга қадар, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда ортиқча вазнга эга шахслар учун ўртача кунлик овқатланиш меъёри ва рациони ҳамда жисмоний машқлар комплексини ишлаб чиқиб, уни аҳоли орасида доимий тарғиб этиб боради;
• таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори меъёридан ортиқ бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини кам истеъмол қилиш бўйича оилалар ўртасида тарғибот ишларини олиб боради.
Инновацион ривожланиш вазирлиги эса 2021 йилдан бошлаб ҳар йили:
• жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар учун 10 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда грант маблағлари ажратади;
• жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий салоҳиятга эга бўлган кадрлар улушини ошириш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги ОТМларга таянч докторантура ва докторантура учун камида 10 та ўрин ажратади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь