$2000 га “права” олиб бермоқчи бўлган шахс ушланди

3-саҳифа

image

Бухоро вилоятида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилиб, фуқародан 2 000 АҚШ доллари талаб қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, тезкор тадбир давомида Ғиждувон туманида яшовчи фуқаро 2008 йилда туғилган қизнинг ишончига кириб, унга автомактабда 3 ой таҳсил олганлиги ҳақидаги сертификатни тайёрлаб бериш ҳамда “B” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш имтиҳонларидан ўтказиб юборишини ваъда қилгани аниқланган. Ушбу “хизмати”нинг эвазига у қиздан 2 000 АҚШ доллари талаб қилган.

Жорий йилнинг 8 июль куни Бухоро шаҳридаги олийгоҳлардан бирининг 19-20-автотураргоҳида ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи талаб қилинган маблағнинг 1 900 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 168-моддаси (Фирибгарлик) 1-қисми ҳамда 28-моддаси (Жиноят иштирокчиларининг турлари) орқали 211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилиб, бунинг эвазига 800 АҚШ доллари талаб қилган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг