20 июль фитнаси: Гитлер ўлмай қолган кун

Таҳлил

image

Бундан 80 йил олдин, яъни 1944 йилнинг 20 июль куни Германия рейхканцлери, Иккинчи жаҳон уруши даврида мамлакат қуролли кучларининг бош қўмондони бўлган Адольф Гитлерга суиқасд уюштирилади. Ушбу суиқасд тарихга “Валькирия операцияси” номи билан кирган. Суиқасдда тўрт киши ҳалок бўлади. Аммо улар орасида Гитлер йўқ эди.

“Валькирия операцияси”

“Валькирия операцияси” Гитлерга қарши амалга оширилган суиқасд ва ҳарбий тўнтариш орқали ҳокимиятни қўлга олиш учун ташкиллаштирилган ҳаракатнинг номланишидир. Ушбу суиқасд “Қора оркестр” (“Schwarze Kapelle”) номли гуруҳ аъзолари томонидан амалга оширилади ва муваффақиятсизлик билан тугайди. Шарқий Пруссияниниг Растенберг шаҳри яқинидаги “Wolfsschanze” (“Бўри уяси”) Гитлернинг қаттиқ қўриқланадиган қароргоҳларидан бири эди. Граф Клаус Шенк фон Штауффенберг томонидан қароргоҳга ўрнатилган бомба портлаткич орқали Гитлер ўлдирилиши керак эди. 

Гуруҳ аъзолари аввалдан тузилган режа бўйича Берлинда Гитлернинг ўлганини эълон қилишади. Шундан сўнг улар ҳукуматни ўз қўлига олиш учун ҳаракатни бошлаб юборади. Бу ҳаракат тарихга “Валькирия операцияси” номи билан киради. 

Суиқасднинг сабаблари

Гитлернинг мухолифлари уни ҳокимиятдан ағдариш, Нацистлар партияга содиқлик идеологиясида тарбияланган давлат ташкилотларини йўқ қилиш орқали тузумни ўзгартиришни ният қилган эди. Шу билан бирга, улар давом этаётган урушда Германиянинг батамом мағлуб бўлмасидан аввал тинчлик сулҳи тузишни режа қилади. Гитлернинг генераллари унга бир неча бор сулҳ тузиш таклифини берса ҳам, фюрер душманлари билан бир столда ўтиришдан бош тортиб келаётган эди. Бунинг ўрнига, у икки томоннинг тўлиқ йўқ бўлгунича курашишини айтган. 1944 йилга келиб, Гитлер тарафдорлари бўлган генераллар ҳам урушда енгилишларини тушуниб етган ва уни хаёлпарастликда айблай бошлаганди.

Суиқасд ва давлат тўнтаришининг режалаштирилиши

1943 ва 1944 йилларда уруш Германия учун фалокатли тус ола бошлайди. Шарқий фронтдан тезкорлик билан чекиниб бораётган немислар бу вақтда Шимолий Африкадан ҳам улоқтириб юборилади. Шундай шароитда Иттифоқчи давлатларнинг Сицилияга армия тушириб, Италияни урушдан чиқариб олиши вазиятни янада чигаллаштириб юборади. Бунинг устига янги “Ғарбий фронт” (Нормандия)нинг очилиши кун тартибида турган эди. Тўнтаришда қатнашган Трешков 1943 йилнинг август ойида Африкада хизмат қилиб, бу ердаги жангларда оғир ярадор бўлган полковник Клаус Шенк фон Штауффенберг билан танишади. Африкада бир қўли ва бир кўзидан айрилмасдан аввал ҳам Штауффенберг Гитлер ва унинг ғояларини Германия учун хавфли деб биларди. У Гитлерни ўлдирмасдан туриб, давлат тўнтаришини амалга ошириб бўлмаслигини, Гитлер ўлдирилган тақдирда ҳам Генрих Гиммлер, Герман Геринг, Йозеф Геббельс каби партия етакчиларининг ҳибсга олиниши кераклигини яхши тушуниб турганди. 

Штауффенберг гуруҳга келиб қўшилгач, тўнтариш ўтказиш учун ҳаракат янада тезлашиб кетади. Генерал Ольбрих суиқасддан сўнг қилиниши керак бўлган давлат тўнтаришининг режаларини тайёрлашни бошлаб юборади. Бунинг учун шарқий фронтда ҳаракат қилаётган генерал Тресков билан доимий алоқада бўлиб туради. Гитлер ўлдирилгандан кейин захирадаги қўшин, Гиммлер ва СС бўлинмаларининг ҳибсга олиниши жуда муҳим эди. Фавқулодда вазиятларда захирадаги армияга “Валькирия“ асосидаги ваколатларни фақатгина Фридрих Фромм бериши мумкин эди. Шунинг учун ҳам гуруҳ аъзолари Фроммни бу ишга даъват қилади. У эса Гитлер ўлган тақдирдагина гуруҳга қўшилишини билдиради. Лекин Фромм нофаоллик кўрсата бошлайди. 

Суиқасд амалга оширилиши

1944 йил 20 июлда "Фюрер" га суиқасд уюштиришга қаратилган кўплаб уринишларнинг энг муваффақиятлиси Гитлернинг "Бўрилар уйи" штаб-квартирасида амалга оширилди. Бош штаб полковниги граф Клаус Шенк фон Стауффенберг портфелида портловчи мосламани Гитлер билан учрашув бўлиб ўтаётган казармага олиб кирди. У портфелни ерга қўйиб, мантиқий баҳона билан чиқиб кетди. Бир неча дақиқадан сўнг кучли портлаш содир бўлди. Тўрт киши ҳалок бўлди, кўплар яраланди, деворлар ва том қулаб тушди. Аммо Гитлер омон қолди. Уни эман столи қутқарди Полковник Брандт тасодифан бомба жойлаштирилган портфелни тепиб юборган ва уни нарироққа, столнинг йирик тўсиқли оёқлари ёнига қўйганди. Балки, айнан шу тасодиф Гитлернинг ҳаётини сақлаб қолган бўлса ажабмас. Бомба портлаши билан полковник тезлик билан у ердан узоқлашади ва самолёт орқали Берлинга етиб боради. Полковникнинг суиқасд муваффақиятли бўлганига ишончи комил эди. 


Давлат тўнтаришига уриниш

Штауффенберг генерал Ольбрихтга қўнғироқ қилиб, Гитлернинг ўлганини айтади. Ольбрихт бу маълумотни захира қўшин қўмондони Фроммга етказади. Аммо Фромм бунга ишонмайди ва хабарнинг тасдиқланишини кутишини айтади. Фромм Кейтелга қўнғироқ қилиб, Гитлернинг аҳволини сўраганида, у Адольфнинг аҳволи яхши эканини ва Муссолини билан учрашганини айтади. Буни эшитган гуруҳ аъзолари Кейтелнинг ёлғон гапиряпти деб ўйлайди ва режани амалга оширишга киришади. Лекин Фромм бунга қарши чиққани учун Штауффенберг ва Ольбрихт уни бир хонага қамаб қўяди.

Гуруҳ аъзолари бир неча соат ичида Берлинни тўлиқ қўлга олади. СС раҳбари — Йозеф Геббельсни қўлга олиш учун юборилган захира қўшин капитани Отто-Эрнст Ремер Геббельснинг хонасида Гитлер билан телефон орқали суҳбатлашгач, узр сўраб, исёнчи гуруҳ аъзоларини қўлга олиш учун юборилади. Ремер ва унинг аскарлари Штауффенберг эгаллаб турган Мудофаа вазирлиги биносини ўраб олади. Қисқа отишмадан сўнг, гуруҳ аъзолари таслим бўлади. Шу кечанинг ўзида полковник Штауффенберг ва генерал Ольбрихт отиб ташланади.

Гитлернинг радио орқали халққа мурожаати

“Бир нечта майда жароҳат, кўкариш ва куйишдан бошқа ҳеч қандай зарар кўрмадим. Буларнинг барчасини илоҳий бир иноятнинг тасдиғи деб биламан. Мен ҳаётим мақсадига эришиш учун тўхтаган жойимдан яна давом этаман. Халқим олдида қасам ичиб айтаманки, бу урушнинг олдини олиб ҳам ва кечиктириб ҳам бўлмайди. Ҳар бир немис фуқаросининг асосий бурчи бундай жиноий тўдаларни қўлга олишдир. Улар қаршилик кўрсатган тақдирда эса ҳеч қандай шафқат қилмасдан ўлдириши шарт”, деган у 22 июль кун радио орқали мурожаатида.

Гуруҳ аъзоларининг кейинги тақдири

Гуруҳ етакчилари ўлдирилгач, бу ҳаракатда иштирок этган бошқа кишиларни қўлга олиш учун Гестапо – фашистлар Германиясининг сиёсий полицияси суриштирув ишларини олиб боради. 7 мингдан ортиқ киши терговга чақирилади. Генерал Тресков эртаси куни ўрмонда ўз жонига қасд қилади. Маршал Вицлебен, шунингдек, яна 5 минг киши ўлимга ҳукм қилинади. Захира қўшинлари қўмондони Фроммнинг бу воқеаларда иштироки бир неча ойдан сўнг аён бўлади ва 1945 йилнинг 12 март куни ўлимга ҳукм қилинади.

Бугунги кунда полковник Штауффенберг портлатиб юборган йиғилиш бўлиб ўтган зал реконструкция қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Гитлер Валькирия операцияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг