Германияда Шенген визани сохталаштирган ўзбекистонликлар ушланди
3-саҳифа
−
06 июн 4088 2 дақиқа
Германияда қисқа муддатли виза билан боғлиқ схема бўйича тергов олиб борилмоқда. Тергов талқинига кўра, ушбу визалар Ўзбекистон фуқаролари учун ноқонуний равишда расмийлаштириб берилган. Бу ҳақда “Die Zeit” хабар берди.
Қайд этилиича, 220 нафарга яқин полиция ходими Германиянинг Гессен ва Қуйи Саксония федерал ерларидаги еттита объектда тинтув ишларини ўтказган. Иш тижорат мақсадида чет элликларни мамлакатга ноқонуний олиб кириш, уларнинг ноқонуний яшаши, алдов йўли билан виза бериш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ.
Тергов талқинига кўра, таркибида Ўзбекистоннинг бир неча фуқароси бўлган халқаро гуруҳ иш қидираётган ўзбекистонликлар учун қисқа муддатли Шенген визасини расмийлаштириш билан шуғулланган бўлиши мумкин. Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, бунинг учун улар тегишли органларга сохта маълумотлар ва авиачипталарни тақдим этган. Германияга кириб борганларидан сўнг, одамлар Европа Иттифоқи давлатларининг қалбаки ҳужжатлари билан таъминланган, кейин эса ушбу маълумотлардан суғурта, солиқ ва миграция тузилмаларида рўйхатдан ўтиш, банк ҳисоб рақамлари очиш ҳамда мобиль телефон рақамларини улаш учун фойдаланилган.
Тинтувлар давомида ҳуқуқ-тартибот ходимлари 12 нафар гумонланувчини ва Германияда қолиш учун қонуний асоси бўлмаган яна 9 кишини қўлга олган. Улардан Европанинг турли давлатларига тегишли қалбаки эканлиги тахмин қилинаётган шахсни тасдиқловчи гувоҳномалар ва ҳайдовчилик гувоҳномалари, 20 дан ортиқ мобиль телефон, 2 та ноутбук, шунингдек, банк, рўйхатдан ўтиш ва суғурта ҳужжатлари мусодара қилинган.
Тергов маълумотларига кўра, схема иштирокчилари сохта визани расмийлаштириш учун 2 минг евро, авиачипталар учун яна 2 минг евро, қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаси учун эса 400 евро миқдорида пул олган бўлишлари мумкин. Ушбу иш бўйича тергов ҳаракатлари ҳали ҳам давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италиянинг Тошкентдаги элчиси бўлган 56 ёшли Пападиа де Боттини ди СантʼАньезе ҳамда унинг ҳамкори, 53 ёшли россиялик аёл Татьяна Тараканова Рим прокуратураси томонидан ноқонуний миграцияга кўмаклашиш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда гумонланиб қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Улар россияликларга Шенген ҳудудига кириш учун узоқ муддатли туристик визаларни 1 йилдан 3 йилгача қонун талабларисиз бериб келган.
Live
Барчаси