“2 киши жароҳатланди”. Эрон ҳужуми ортидан Озарбайжон ТИВ баёнот берди
Олам
−
05 Март 5871 2 дақиқа
Аввалроқ, Озарбайжоннинг Нахичевон Автоном Республикасидаги аэропорт Эрон ракета ҳужумларига учрагани хабар қилинган эди. Мазкур ҳодисани Озарбойжон томони кескин қоралади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
Қайд этилишича, битта дрон Нахичевон Автоном Республикаси аэропортининг терминал биносига зарба берган, яна бошқа бир дрон эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб биноси яқинига тушган. Ҳудуддаги мактаб ўқувчилар ва ўқитувчилари эвакуация қилинган.
“Аэропорт биносига қилинган ҳужум оқибатида бино шикастланган ва икки нафар тинч аҳоли жароҳатланишига сабаб бўлган ушбу дрон ҳужумларини кескин қоралаймиз”, дейилади вазирлик баёнотида.
Шунингдек, баёнотда мазкур ҳужум икки мамлакат орасидаги муносабатларга салбий таъсир этиши ҳам билдирилган.
“Озарбайжон Республикаси ҳудудига қарши қилинган ушбу ҳужум халқаро ҳуқуқ норма ва тамойилларининг бузилиши ҳисобланади. Қолаверса, минтақадаги кескинликни оширишга хизмат қилади”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, вазирлик Эрондан тез орада бу ҳолатга аниқлик киритишини талаб қилган.
“Биз Эрон Ислом Республикасидан энг қисқа муддатда ушбу ҳолат бўйича аниқлик киритишини, тегишли текширув ўтказишини ва келажакда бундай ҳужумлар такрорланмаслигини таъминлаш учун зарур шошилинч чоралар кўришини талаб қиламиз”, дейилади баёнотда.
Келтирилишича, Озарбайжон томони тегишли жавоб чораларини кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
Мазкур воқеадан сўнг Эрон Ислом Республикасининг Озарбайжондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мужтабо Демирчилу Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган, у ерда Эрон томонига кескин норозилик билдирилган ва тегишли норозилик нотаси топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Яқин Шарқдаги можаро бошланганидан буён илк бор Туркия осмонида Эрондан учирилган деб тахмин қилинган баллистик ракета йўқ қилинганди.
Live
Барчаси