16 минг америкалик ўлими учун Хитой айбдор – АҚШ сенатори
Олам
−
11 Апрель 2020
15766АҚШ сенатори Линдси Грехем дунёда, жумладан, АҚШда ҳам коронавирус тарқалиши сабабчиси Хитой эканлигини айтиб ўтди. Унинг фикрича, америкаликларнинг ўлимида расмий Пекин айбдор.
"Биз, АҚШ Сенати Трампни айбламаймиз, биз Хитойни айблаймиз. 16 минг америкаликнинг ўлими ва 17 миллион ишсиз қолганлар учун Хитой жавобгар", дейди сиёсатчи.
Унинг сўзларига кўра, вируснинг бундай оммавий тарқалишига Хитой ҳукумати имкон берган. Шунингдек, расмий Пекин маълум вақт вирус билан боғлиқ ҳолатларни жаҳон ҳамжамиятидан яширган.
Грехем АҚШ Хитойни ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартиришга мажбур қилиши кераклигини таъкидлади. Хусусан, у расмий Вашингтонни Хитойдан олган қарзининг бир қисмини қайтармасликка чақирди.
Маълумотларга қараганда, АҚШда коронавирус пандемияси бошлангандан бери ишсизлик даражаси энг юқори даражага чиққан. Унинг кўлами 1929 йилда бошланган Буюк депрессия давридаги кўрсаткичлардан ошади. Ҳозирда мамлакатда расман ишсизлар сони 17 миллионга яқинлашгани айтилмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда 501 615 нафар одамда коронавирус инфекцияси аниқланган. Уларнинг 29 191 нафари соғайган, 18 777 нафари вафот этган.
LiveБарчаси