15 майдан бошлаб бир қатор фаолият турларига рухсат бериляпти
Жамият
−
15 Май 2020
24391Бироз аввал, Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 14 майдаги қарори билан мамлакатда карантин чекловлари 2020 йилнинг 1 июнига қадар узайтирилгани ҳақида хабар берган эдик.
Республикаси махсус комиссияси қарори билан 15 майдан бошлаб қуйидаги фаолият турларига ҳам рухсат берилмоқда:
“Қизил” тоифадаги ҳудудларда:
• якка тартибдаги ҳунармандчилик;
• автомобилларга ва қишлоқ хўжалик машиналарига техник хизмат кўрсатиш;
• электрон қурилмаларни (компьютер ва маиший техника воситалари) ва алоқа воситаларини таъмирлаш;
• ижара ва лизинг хизматлари;
• бухгалтерия соҳасига оид хизматлар (аудиторлик, солиқ маслаҳати ва бошқалар) кўрсатиш;
“Сариқ” тоифадаги ҳудудларда “қизил” тоифадаги ҳудудларга қўшимча равишда:
• риэлторлик фаолияти;
• реклама ва маркетинг фаолияти;
• хусусий бандлик агентликлари фаолияти;
• меҳмонхоналарга ўз ошхоналарида овқат пишириш ҳамда хоналарга етказиб бериш;
• парк ва истироҳат боғлари (аттракционалар, кўнгилочар объектлар ҳамда тезкор овқат тайёрлаш нуқталари фаолияти бундан мустасно) фаолияти. Бунда парк ва истироҳат боғларига кириш карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда соат 09-00 дан 20-00 га қадар 2 нафар шахсдан кўп бўлмаган гуруҳларда (оилавий гуруҳлар бундан мустасно) амалга оширилади;
“Яшил” тоифадаги ҳудудларда “сариқ” ва “қизил” тоифадаги ҳудудларга қўшимча равишда:
• очиқ сунъий қопламали спорт ўйингохлари (ташриф буюрувчилар сонини чеклаш шарти билан, ечиниш ва ювиниш хоналаридан фойдаланмаган ҳамда оралиқ масофани сақлаган ҳолда);
• компьютер (сканер, нусха кўчириш, матн териш, чоп этиш) ва полиграфия хизматлари;
• музейлар фаолияти (ташриф буюрувчилар сонини чеклаган ҳамда оралиқ масофани сақлаган ҳолда);
• ветеринария хизматлари;
• биноларга хизмат кўрсатиш ва ландшафтни ободонлаштириш фаолияти.
LiveБарчаси