120 ёшли онахон коронавирусдан соғайди
Олам
−
29 Октябрь 2020
9606Туркиянинг Ширнак шаҳрида 120 ёшни қаршилаган аёл коронавирусдан соғайди. Мамлакат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 28 октябрь куни аёл билан видеоалоқа орқали мулоқот қилиб, уни соғайгани билан қутлади. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар бермоқда.
12 нафар фарзанднинг онаси, 100 дан зиёд набира ва эвараларнинг бувиси бўлган Манижа Энжу бундан 15 кун аввал соғлиқни сақлаш бошқармаси мобил гуруҳлари томонидан ўтказилган текширувларда коронавирус тестини топширади. Кутилмаганда унинг тести натижалари ижобий чиқади ва онахон Ширнак шаҳар туғруқ ва болалар шифохонасининг коронавирус беморларини даволашга ихтисослашган бўлимига ётқизилади.
Манижа Энжу журналистлар билан мулоқотда муолажалар орқали саломатлиги тиклангани, бундан хурсандлигини айтиб, шифокорларга миннатдорлик билдирган.
Президент Ражаб Тойиб Эрдўған ушбу хавфли вирусдан омон қолган 120 ёшли Манижа Энжу билан видео телефон орқали қўнғироқ қилди. Суҳбат давомида Эрдўған кекча онахон ва унинг оила аъзолари билан мулоқотда бўлиб, онахонга саломатлик тилаган.
Айни вақтда дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар 44 миллион 521 522 киши ташкил этмоқда. Уларнинг 1 миллион 174 769 нафари вафот этган, 30 миллион 78 минг нафари соғайган.
Туркияда ушбу кўрсаткичлар қуйидагича:
• касалланганлар – 368 513 нафар;
• соғайганлар – 319 181;
• вафот этганлар – 10 027.
LiveБарчаси