100 минг доллар пора билан қўлга тушган Когон прокурорига суд ҳукми ўқилди
3-саҳифа
−
07 Август
32079Жорий йилнинг февраль ойида Бухоро вилояти Когон тумани прокурори Баҳодир Ғуломов катта миқдорда пора билан қўлга олинганди. Унинг иши 2 август куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида кўриб чиқилиб, суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Билдирилишича, прокурор фирибгарлик йўли билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритиш мақсадида жорий йилнинг январь ойи бошларида ўзига аввалдан таниш бўлган МЧЖ экспедитори Н.Н. ва хавфли рецидивист З.А. билан жиноий тил бириктириб, мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда Бухоро вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган “Когон ёғ - экстракция заводи” АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши бўйича жамият таъсисчиларидан бири М.И.нинг ишончига кириб, жиноят иши доирасида унга нисбатан айблов эълон қилмаслик ва жиноий жавобгарлик масаласини ҳал этмаслик масаласини Бухоро вилоят прокуратурасида ишловчи мансабдор шахслар орқали ҳал этиши мумкинлигини айтиб, 100 минг АҚШ доллари миқдорида пора беришга далолат қилган.
Шундан сўнг Баҳодир Ғуломов 15 январь куни Бухоро шаҳрида жойлашган “Турон” меҳмонхонаси олдида 100 минг АҚШ долларини жиноий шериги Н.Н., шунингдек, у жиноий ҳаракатларини давом эттириб, “Когон ёғ – экстракция заводи” АЖга алоқадор шахсларни Бухоро вилоят прокуратурасида ишловчи мансабдор шахслар орқали терговга жалб қилмаслик ва жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига такроран 100 минг АҚШ доллари миқдорида пора беришга далолат қилган ҳамда фирибгарлик йўли билан 44 минг АҚШ долларини қўлга киритган. Шундан 10 минг АҚШ долларини З.А. олиб, қолган 34 минг АҚШ долларини Н.Н. келгусида Баҳодир Ғуломовга бериш учун ўзида сақлаб келган.
2024 йил 13 февраль куни Бухоро шаҳар марказий шифохонаси ёнида ўтказилган тезкор тадбирда Баҳодир Ғуломов Н.Н. орқали 56 минг АҚШ долларини олган вақтида далилий ашёлар билан ушланган. Тезкор тадбир давомида судланувчи Н.Нўмоновнинг Cobalt машинасидан “Когон ёғ - экстракция заводи” АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши бўйича жамиятга алоқадор тўрт нафар шахсларни терговга жалб қилмаслик ва жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига сўралган 100 минг АҚШ доллари ҳисобидан 34 минг АҚШ доллари мавжудлиги аниқланиб, тегишли тартибда баённома асосида олиб қўйилган.
Суд мажлисида собиқ прокурор айбига иқрорлик билдириб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканини, давлат раҳбаридан кечирим сўрашини айтиб, суддан ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраган.
Суд ҳукми билан Баҳодир Ғуломов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик), 28, 211-моддаси 3-қисми “а” бандида (жуда кўп миқдорда пора беришда иштирокчилик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга прокуратура органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, суд ҳукми билан Н.Н. 11 йил, хавфли рецидивист ҳисобланган З.А. 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Хонобод шаҳрида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари юзасидан ўтказаётган йиғилишда Когон прокурорининг қўлга олиниши бўйича баъзи тафсилотларни очиқлаганди.