1 сентябрдан пенсия ва нафақа пули 10 фоизга оширилади – Президент фармони
Жамият
−
30 Июль 2020
14204Бироз аввал, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Фармонга кўра, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 1,1 баробар оширилади.
2020 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
• пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 262 470 сўм;
• ёшга доир энг кам пенсиялар – ойига 513 350 сўм;
• болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – ойига 513 350 сўм;
• зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 315 030 сўм этиб белгиланмоқда.
Бу 2,8 миллион кексалар, 687 минг ногиронлиги бўлган шахслар, 210 мингдан ортиқ боқувчисини йўқотганларни пандемия даврида моддий қўллаб-қувватлаш имконини беради.