1 октябргача умумтаълим мактаблари ўқитувчилари гриппга қарши эмланади – Президент қарори
Жамият
−
26 Август 2020
10391Ўзбекистондаги умумтаълим мактаблари директорлари, ўқитувчилари ва бошқа ходимлари жорий йилнинг 1 октябрига қадар гриппга қарши эмланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган "Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда айтилган.
Қарор билан Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг республикадаги барча умумий ўрта таълим муассасаларининг раҳбар, педагогик ва бошқа (ёрдамчи) ходимларини марказлашган тартибда 2020 йил 1 октябрга қадар гриппга қарши эмлаш ҳақидаги таклифи маъқулланмоқда.
Қарорга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар бир таълим муассасасига борган ҳолда ходимларни эмлаш ўтказишни ва тегишли соғлиқни сақлаш муассасаларини вакцина ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш чораларини кўриши керак.
Вазирлар Маҳкамаси мазкур қарорда белгиланган бир марталик моддий ёрдам ва ходимларни эмлаш учун зарур маблағларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6038-сон Фармонида назарда тутилган ҳамда бошқа қўшимча манбалар ҳисобидан амалга оширади.