1 майдан бошлаб айрим мигрантлар Россиядан қувилади
Олам
−
26 Апрель 13205 2 дақиқа
Жорий йилнинг 30 апрель куни Россия Федерациясида бўлиб турган чет эл фуқаролари учун ҳуқуқий мақомга эга бўлиш муддати тугайди. Бу ҳақда 2024 йилнинг 30 декабрь куни Россия Президенти Владимир Путин томонидан қабул қилинган фармонда сўз боради.
Ушбу фармонга кўра, айнан 30 апрель кунидан бошлаб берилган имкониятлар муддати ўз ниҳоясига етади. Ушбу фармон хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Россия ҳудудида қонуний қолиш асосларини йўқотган тақдирда, ўз ҳуқуқий мақомини тартибга солиш имкониятини тақдим этади.
Шундай қилиб, жорий йилнинг 1 май кунидан бошлаб, ҳуқуқий мақомини тартибга солмаган шахсларга нисбатан мамлакатдан чиқариб юбориш ва келажакда Россияга киришни тақиқлаш каби чоралар қўлланилади.
Билдирилишича, фуқаролар тегишли рухсатнома ҳужжатларини олиш учун Россия Ички ишлар вазирлиги органларига ёки Москва шаҳридаги “Сахарово” марказига мурожаат қилишлари зарур.
Маълумот учун, 2024 йил якунига кўра, Россия ҳудудида 6,3 миллион нафар чет эллик фуқаролар яшамоқда, улардан 1,4 миллион нафари ўзбекистонликлар саналади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилда миграция қоидаларини бузгани учун Россиядан 80 мингдан ортиқ мигрант мажбурий тарзда чиқариб юборилгани хабар қилинган эди. Москва шаҳри ва вилоятидан 2024 йилда 23 минг мигрант чиқариб юборилган. Улар суд томонидан Россия Маъмурий кодексининг 18.8-моддаси (Россияга кириш ёки унда яшаш тартибини бузиш) бўйича ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилган ва энди улар келгуси беш йил давомида Россияга қайтиш ҳуқуқига эга бўлмайди.
Live
Барчаси