1-курс талабаларига ижара компенсацияси шартномасиз тўлаб берилади
Жамият
−
11 Октябрь 2022
7282Жорий йилда биринчи курс талабаларига ҳеч қандай ижара шартномасисиз сентябрь ва октябрь ойлари ижара тўлови тўлаб берилади. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, жорий йилда 1-курсда таҳсил олаётган, ижарада яшайдиган талабаларга, истисно тариқасида, сентябрь ва октябрь ойи ижара тўловларининг 50 фоизи, Тошкент шаҳрида БҲМнинг 1 бараваригача (ҳозирда 300 минг сўм), қолган ҳудудларда эса БҲМнинг 0,5 бараваригача (ҳозирда 150 минг сўм) ҳеч қандай ижара шартномаси талаб этилмасдан тўлаб берилади. Ижара шартномасини тақдим этган талабаларга ноябрь ойидан тўловлар давом эттирилади.
“Мазкур имкониятдан фойдаланиш учун ижарада турадиган талабалар ўзи таълим олаётган факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари ёки олий таълим муассасасининг талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлимига мурожаат қилишлари мумкин”, дейди Саъдуллаев.
Бунда, олий таълим муассасалари томонидан биринчи курсда таҳсил олаётган, ижарада яшаётган талабалар рўйхатини шакллантириш ҳамда ижара компенсация тўловларини амалга ошириш юзасидан ректор (директор) буйруғи расмийлаштирилиб тегишли маблағлар тўланади.
Эслатиб ўтамиз, Ҳукумат қарори билан 2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан, ота-онасига (қонуний вакилларига) тегишли бўлмаган уйда ижарада яшайдиган талабаларга улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи буджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланганди.