Адлия вазирлиги “квартира”лар нархи асоссиз оширилаётганига муносабат билдирди

Жамият

image

Сўнги вақтларда Ўзбекистонга хориждан ташриф буюрувчи фуқароларнинг кескин кўпайиши кузатилмоқда. Бу жараёнда айрим ўзбекистонликлар томонидан уй-жой ижараси орқали кўпроқ даромад олиш мақсадида аввал ижарага берилган квартиралардан ижарачиларни мажбурлаб чиқариб юбориш ёки асоссиз равишда нархни ошириш ҳолати кузатилмоқда.

Адлия вазирлиги пойтахт ва бошқа шаҳарларда уйлар ижара нархининг оширилиши юзасидан тушунтириш берди.

Қайд этилишича, уй-жойни ижарага бериш шартномаси ёзма шаклда тузилиши, бунда шартнома солиқ органларида давлат ҳисобига қўйилиши керак. Шартномани давлат ҳисобига қўйиш ижарага берувчининг мажбурияти ҳисобланади ва бу шартнома тузилган кундан 3 кундан кечиктирмай амалга оширилиши керак. Ижарага берувчи шартномани давлат солиқ органларида ҳисобга қўймаса БҲМнинг 5 бараваридан (1 млн 500 минг сўмдан) 10 бараваригача (3 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ижара шартномасининг муддати

Уй-жойни ижарага бериш шартномаси 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Шартномада муддат кўрсатилмаган бўлса, у 5 йилга тузилган ҳисобланади. Ижарага олувчи янги муддатга шартнома тузишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади.

Ижара учун тўланадиган ҳақ

Ижара ҳақи миқдори ижарага берувчи ва ижарага олувчининг ўзаро келишувига биноан шартномада белгилаб қўйилади. Ижара ҳақининг миқдори бир томонлама ўзгартирилишига йўл қўйилмайди. Ижара пули шартномада кўрсатилган муддатларда тўланиши керак.

Шартномани бекор қилиш 

Ижара шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилинади. Ижара шартномасини ижарага берувчининг талаби билан бекор қилиш муайян асосларга кўра фақат суд тартибида амалга оширилади. 

Бу асослар жумласига қуйидагилар киради:

•    ижара пули олти ой ёки қисқа ижарада эса шартномадаги муддатдан кейин 2 мартадан кўпроқ ҳақ тўланмаган бўлса;
•    уй-жой вайрон қилинса ёки унга путур етказилса;
•    уй-жойдан ғайриқонуний мақсадлар учун фойдаланилган бўлса.

Ижарага олувчи уй-жойдан бошқа мақсадда фойдаланса ёки қўшниларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузса, ижарага берувчи ижарага олувчини қоидабузарликка йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириши мумкин.

Ижарага олувчи огоҳлантириш олганлардан кейин ҳам қоидабузарликларни давом эттирса, ижарага берувчи шартномани суд тартибида бекор қилишга ҳақли.

Юқоридагиларга кўра, шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Ижарага берувчилар томонидан квартирадан чиқиб кетиш ёки кўпроқ ҳақ тўлашга оид ноқонуний талаблар устидан фуқаролик ишлар бўйича судларга мурожаат қилиш орқали бузилган ҳуқуқларни тиклаш мумкин.

Ҳужжатларни, шу жумладан даъво аризасини расмийлаштириш бўйича амалий ёрдам олиш учун адлия органларига ҳамда “Мадад” ННТ ва унинг ҳудудий бюроларига (+99871 256 52 53, advice.uz) мурожаат қилишингиз мумкин. Адлия ҳужжатларга ёрдам беради!


Мақола муаллифи

Теглар

Адлия вазирлиги

Баҳолаганлар

144

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made