Ҳақиқий аҳволни билишимиз учун кунига қанча одам тест топшираётгани очиқ айтилиши керак – Шайхов

Интервью

QALAMPIR.UZ интернет нашри раҳбари Қамариддин Шайхов айни вақтда коронавирус хасталигидан даволанмоқда. Хусусий тиббиёт муассасаларида ўтказилган таҳлил натижалари журналистда пневмония мавжудлигини кўрсатди. Айни вақтда уй шароитида даволанаётган Қамариддин Шайхов “Америка овози”га интервью берди. У мамлакатдаги мавжуд вазият ҳақида гапираркан, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан коронавирус бўйича рақамларни аниқ-тиниқ тақдим этишни сўради. 

“Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирус тести натижалари бўйича эълон қилинаётган кундалик рақамлар давлат тиббиёт муассасаларида олинаётган таҳлиллар билан боғлиқми ёки хусусий клиникалардаги тестлар ҳам бу рақамлар ичидан ўрин олганми? Ўзингизга маълум, аллақачон Ўзбекистонда хусусий клиникаларга коронавирус тестини ўтказишга рухсат берилган. Ва кўрсатилаётган натижаларнинг қай бири такрорий эмас? Чунки такрорий тест топшираётганлар талайгина. Мен ўзим шифохонага киргунча ва чиқаётганда давлат тиббиёт муассасаси томонидан олинадиган таҳлилни топширдим. Бундан ташқари, хусусий клиникада ҳам тест топширдим. Жавоблар фарқли эди. Хўш, бу тестларнинг ҳаммаси рўйхатга олинганми? Олинган бўлса бу рўйхат қай асосда шакллантириляпти? Бу савол мени бир журналист сифатида қийнаяпти. Аммо бу саволга ҳали ҳам аниқ жавоб ололганим йўқ. Бу савол очиқ қоляпти. Ким унинг ҳисоб-китобини қиляпти?”

Айни вақтда расмий ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 23 558 кишини ташкил этмоқда. Уларнинг 137 нафари вафот этган, 13 680 киши соғайган. Ўзбекистонда кунлик касаллик аниқланиш ҳолатлари 600 дан ошмоқда. Шайховнинг фикрича, ҳақиқий касаллар сони бундан бир неча баравар кўп бўлиши мумкин. Боиси бир кунда қанча тест ўтказилаётгани юзасидан очиқ маълумотлар йўқ. Тест қанча кам ўтказилса, натижаси ҳам шунча кам бўлади. 

“Бошқа тарафдан қарасак, Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам кунига 500-600 та янги касал аниқланяптими? Балки хусусий клиникалардаги ҳолатларни ҳам қўшсак, 1 500 та аниқланаётгандир. Балки уларники умуман рўйхатга олинмаётгандир. Ёки аксинча. Ҳозирча бу саволга ҳеч ким жавоб бергани йўқ. 

Коронавирусни ўтказиб юборганларда зотилжам аниқланаётган ҳолатлар ҳам бор. Айрим одамлар коронавирусга тест топшира олмаяпти, аҳволи оғирлашгандан кейин МСКТдан ўтяпти. 40, 10, 15, 50 фоиз ва айрим ҳолларда унданда юқори даражада зотилжам ташхиси қўйиляпти. Булар коронавирус бўлди деганими ё бўлмади деганими? Бу бўйича ҳам жавоб йўқ. 

Яна тестга тўхталадиган бўлсак: АҚШда, Қозоғистонда ёки бошқа давлатда ҳолат кучайиб боряпти дейишяпти. Қани айтингчи, бу яхшими? Бу тестнинг кўп ўтказилаётганидан далолатми? Ёки ўша мамлакатда Соғлиқни сақлаш тизими инқирозга ботиб бораётганидан далолатми? Агар кунига мингта тест ўтказсангиз, ундан 500 тасида коронавирус аниқланса, натижа камдек кўринаверади. Лекин кунига 1 миллион тест ўтказилиб, унинг 500 мингида коронавирус аниқланса, кўпайиб кетибди деб ваҳима қилинади. Йўқ, бу тестнинг кўп ўтказилаётганидан, бу ўша ерда тест тизими изчил шаклда ишлаётганидан далолат эмасми? Ўзим шу хасталикка чалиниб, уч марта тест топширганимдан кейин ҳам менга зотилжам ташхиси қўйилгач, мана шу саволлар мени қийнаяпти. Ўзбекистондаги ҳақиқий вазиятни билишимиз учун ҳар куни қанча одам тест топшираётгани очиқ айтилиши керак”, дейди Шайхов. 

Ушбу интервьюнинг тўлиқ талқинини ушбу манзилда томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Қамариддин Шайхов

Баҳолаганлар

346

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг