Отабек Умаров Ҳабибнинг Ўзбекистонга келишига бошчилик қилмоқда
Жамият
−
14 Октябрь 2019
10952Аввалроқ, UFC бўйича жаҳон чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедов шу йилнинг 23 ноябрь куни Ўзбекистонга келаётгани ҳақида хабар берган эдик. Спортчининг мамлакатга навбатдаги ташрифига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви – Президент хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари – Триатлон федерацияси раиси Отабек Умаров бошчилик қилмоқда.
Отабек Умаров ижтимоий тармоқрлардаги саҳифаси орқали Ҳабиб Нурмуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташрифи ва ўтказилиши кутилаётган тадбирлар, қолаверса, Ўзбекистонда ўтадиган ММА бўйича биринчи турнир ҳақида маълум қилди.
“Менга ММА спорт тури ҳақида жуда кўп ёзишади. Инсонда ғалабага бўлган иштиёқ ва ишончни оширадиган ҳамда турли йўналишлардаги спортчиларни бирлаштирувчи ушбу спорт турини ривожлантириш ҳақида таклифлар беришади.⠀
Бу йўналишда анча ишларни амалга оширдик. Бунинг самараларидан бири сифатида тез кунларда ўтказилиши кутилаётган GFC турнирини мисол қилишимиз мумкин. Бу Ўзбекистонда ММА бўйича биринчи турнирдир. ⠀
⠀
Шоу доирасида Ўзбекистондан етти нафар, Нурмуҳамедов залидан эса олти нафар спортчилар чиқиш қилади.⠀Ҳамда ушбу турнир доирасида 23 ноябрь куни таниқли спортчи Ҳабиб билан учрашув ташкил этаётганимизни маълум қиламиз. Уни юқори даражада ташкил этиш учун имкон қадар ҳаракат қиламиз.⠀
Сиз ҳам ушбу учрашувни ташкил этишда иштирок этишингиз мумкин. Бунинг учун ушбу пост остида Ҳабиб билан учрашишга Сиз муносиб деб билган, профессионал спортда ютуқларга эга бўлган дўст ва танишларингиз ҳақида ёзиб қолдиринг.⠀
Бу кун кимнингдир ҳаётида ёрқин из қолдириб катта ғалабага йўл очиши мумкин”, деб ёзади Отабек Умаров.
Эслатиб ўтамиз, Ҳабиб Нурмуҳамедов Ўзбекистонга илк бор жорий йилнинг май ойида ташриф буюрган эди.