Украинага аталган “аср жанги” – Спорт дайжести

Спорт

Бугун Украина фойдасига ҳал бўлган “аср жанги”, гонорарларини устозларига берган Баҳодир Жалолов ва онлайн қимор ўйнайдиганларни кескин гаплар билан “сийлаган” Нурсултон Рўзибоев ҳақида сўз очамиз.

Усик мутлақ жаҳон чемпионига айланди

19 май куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда ўтказилган замонавий бокс тарихидаги энг муҳим жанглардан бирида украиналик боксчи Александр Усик британиялик Тайсон Фьюрини мағлуб этди.

Илгари мағлуб бўлмаган Фьюрини мағлуб этиб, Усик оғир вазнда мутлақ жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди – охирги марта бу унвонни 1999 йилда Леннокс Льюис эгаллаган. Шу тариқа, украиналик боксчи тўртта бокс ташкилоти – WBA, WBO, IBF ва WBC бўйича жаҳон чемпиони бўлди.

Жанг 12 раунд давом этди. Жанг давомида ташаббус ё Фьюрига, ё Усикка ўтди, аммо 9-раунд якунида украиналик боксчи британияликни нокдоунга туширди.

Жангда Александр Усик ҳакамлар қарори билан ғалаба қозонди.

"Бу мен учун, оилам учун, ватаним учун ажойиб имконият", деди Усик ўзининг ғалабасини эълон қилгач.

У реванш жангига ҳам тайёр эканини қўшимча қилди. Усик шу кунгача бокс рингида мағлубиятсиз қолмоқда.

Ўз навбатида, Тайсон Фьюри Усик билан жангни “фантастик” деб атади, бироқ айни пайтда ҳакамлар қарорига рози эмаслигини билдирди.

"Мен бу жангда ғалаба қозондим деб ўйлайман, у бир неча раундда ғалаба қозонди, лекин раундларнинг аксариятида мен ғалаба қозонганман", дейди Фьюри.

Фьюрининг сўзларига кўра, одамлар урушаётган мамлакатни қўллаб-қувватлайди.

Украинанинг “Трибуна” спорт нашри бош муҳаррири Олег Шербаков украиналик боксчини “ҳақиқий халқ ҳимоячиси”, деб атади. Шербаковнинг сўзларига кўра, Усик "фронт чизиғдан бир километр узоқликда" украиналик аскарлар билан учрашган ва уларга совғалар берган. Апрель ойида боксчи уйидан айрилган украиналикларга ёрдам бериш, шунингдек, Украина Қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Усик” жамғармасига асос солган.

“Менга қолса, уйини сотиб, йўқ бўлиб кетмайдими?” Рўзибоев онлайн қимор ўйнайдиганларга кескин жавоб қайтарди

Аввалроқ, ўзбекистонлик UFC жангчиси Нурсултон Рўзибоев Ўзбекистонга қайтиб келгани хабар қилинганди.

Спортчи QALAMPIR.UZ'га жангига пул тикиб, уй ва машиналарини ютқазиб қўйган одамлар ҳақида танқидий руҳда фикр билдирди. 

“Агар менга пул тикканлар ютқазган бўлса, мен ҳам ютқазганимдан хурсандман. Ҳеч қачон атайлаб ютқазмаганман, мағлубиятимнинг сабабини ўзимдан кўрдим. Онлайн қимор ўйнайдиганлар менга яна пул тикса ва мен яна мағлуб бўлсам, ютқазганимдан мамнун бўламан. Менга қолса, уйини сотиб, йўқ бўлиб кетмайдими? Мен доим бунақа ўйинлардан йироқ бўлинглар, деб айтганман”, дейди Рўзибоев.

Маълум бўлишича, Рўзибоевга охирги жангдан кейин кўплаб одамлар унга пул тикиб, спортчининг ғалабаси учун уй ва машинасини сотганини ва ютқазганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рўзибоев охирги жангидан қанча даромад қилгани хабар қилинганди.

Исроилдаги ўйинда тарихдаги энг узун пенальтилар серияси қайд этилди 

Жорий йилнинг 20 май кунида Исроилнинг “Димона” клуби мамлакат иккинчи лигасига чиқиш учун биринчи босқич плей-офф ўйинида “Шимшон”ни мағлуб этди. Ушбу учрашувда жамоалар пенальтилар серияси бўйича жаҳон рекордини янгилади. Бу ҳақда Гиннеснинг рекордлар китоби хабар берди.

Манбага кўра, икки жамоа ўртасида дарвоза томон 56 та зарба йўллаган, бу мутлақ рекорддир. Аввалги энг узун пенальтилар серияси 2005 йилда бўлиб ўтган, ўшанда “Палас” Намибия кубоги финалида “Сивисс”ни мағлуб этган. Ўшанда жамоалар 48 марта пенальти тепишган.

Исроилдаги плей-офф ўйинидаги учрашувнинг асосий ва қўшимча вақти дуранг билан якунланди. Пенальтилар сериясида “Димона” футболчиларига омад кулиб, 23:22 ҳисобида ғалабага эришди.

Афсонавий Чусовитина Олимпиадада қатнашмайди 

Ўзбекистонлик афсонавий спортчи Оксана Чусовитина жароҳат олиб, Париж-2024 Олимпиадаси учун ўтказиладиган лицензион мусобақада қатнашмайдиган бўлди. Бу ҳақда спортчининг ўзи Instagram саҳифасида маълум қилди.

Жароҳати боис, 48 ёшли Чусовитина 24 май куни Тошкентда старт оладиган лицензион турнирда иштирок эта олмайди. Бу дегани у Париж Олимпиадасида қатнашмайди.

Маълумот учун, Чусовитина шу вақтга қадар 8 та Олимпия ўйинларида иштирок этиб, Гиннес рекордлар китобига кирган. Париж Олимпиадаси унинг фаолиятидаги 9-Олимпиада бўлиши мумкин эди.

Ўзбекистон Париж-2024 Олимпиадаси тайёргарлиги учун 73 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлади

Ўзбекистонлик спортчиларнинг 2024 йилнинг биринчи чорагида Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарлиги ва халқаро ўқув-машғулот йиғинлари учун 73 миллиард 355 миллион 700 минг сўм сарфланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, Ўзбекистондаги спорт ташкилотлари томонидан тизимли тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва уюшмаларнинг устав харажатлари, миллий терма жамоа спортчилари учун анжом ва махсус инвентарлар хариди, тиббий-биологик таъминот, спортчиларнинг турнир ва чемпионатларда иштироки билан боғлиқ харажатлар ҳам давлат маблағлари томонидан молиялаштирилмоқда.

Баҳодир Жалолов гонорарларини нимага сарфлаганини маълум қилди

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Жалолов жанглардан тушган даромадининг ярмини устозларига бергани маълум бўлди. Бу ҳақда спортчи Халқаро бокс ассоциациясига (IBA) берган интервьюсида маълум қилди.

“Тўғрисини айтсам, гонорарларимнинг яримни устозларимга бердим. Шу вақтга қадар эришган ютуқларимнинг асосий сабабчилари устозларимдир. Даромадимнинг қолган қисмини оиламга сарфладим. Онамни Умра сафарига жўнатдим. Оиламдаги камчиликларимни тўлдирдим. Опа-сингилларимга қарашдим. Мени отам йўқ, ҳозир ота ўрнида сингилларимга отаман”, дейди Жалолов.

Маълумот учун, Баҳодир Жалолов ҳозирда Париж-2024 Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда. У охирги жангини ҳаваскор боксда Россиянинг Хабаровск шаҳри мезбонлик қилган “Константин Коротков” хотира турнири доирасида яна бир ўзбекистонлик боксчи Лазизбек Муллажоновга қарши ўтказиб, ғалаба қозонганди.

Россиялик фигурали учувчиларга Ўзбекистон жамоасига қўшилишга рухсат берилди

Россия фигурали учиш федерацияси (ФФККР) Ижроия қўмитаси жуфтлик бўлиб қатнашаётган фигурали учувчилар Екатерина Гейниш ва Дмитрий Чигиревга Ўзбекистон терма жамоаси сафига қўшилишга рухсат берди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

“ФФККР Гейниш ва Чигиревга Ўзбекистон терма жамоасига ўтишга рухсат берди”, дейилади хабарда.

Конькида учувчилар 2022 йилдан буён турли хил мусобақаларда жуфтлик баҳсларида иштирок этиб келади. Улар Москва чемпионати совриндори ва кубок ғолиби бўлган, шунингдек, Панин-Коломенкин хотира турнирида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган. Спортчилар Нина Мозер мураббийлигидаги гуруҳда машқ қилади.

Қайд этиш жоиз, Халқаро спорт ташкилотларининг Россияга қўяётган санкциялари туфайли, жуфтлик нуфузли мусобақаларда қатнашишда муаммоларга дуч келиши мумкин, шунинг учун ҳам улар Ўзбекистон фуқаролигини олишга қарор қилган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳодир Жалолов UFC Олимпиада Нурсултон Рўзибоев Париж-2024

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг