Хўрланган, зўрланган, ўлдирилган... Нафс қурбони бўлган йил болалари

Таҳлил

image

2023 йилни сарҳисоб қилиб, QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган хабарларни кўздан кечирар эканман, кўнгилни хира қилувчи аёлларга нисбатан зўравонлик, вояга етмаганларни зўрлаш, ёши 60 га етганларнинг набираси тенги қизларга бузуқ ҳаракатлар қилгани каби ҳолатларнинг ортиб бораётганига гувоҳ бўлдим. Сизу бизгача етиб келган, маълум қилинган зўравонликлардан даҳшатга тушдим. Афсуски, бу мавзуларни, муаммоларни доим ҳам муҳокама қилиш, овоз чиқариб гапиришга ўрганмаган халқмиз. 

Сўнгги маълумотларга қараганда Ўзбекистонда 14 ёшгача бўлган болалар сони 10,5 млн дан зиёдни ташкил этмоқда. Статистикага кўра, 2022 йилга келиб болаларга нисбатан жинсий эксплуатация ва зўравонликнинг олдини олиш халқаро индексида Ўзбекистон олдинги йилга нисбатан 7 поғонага пастлаган, яъни 59 давлат ичидан 58-ўриндан жой олган.

Ёшларни хато қилди десангиз, қариб қуюлмаганларнинг бу ҳаракатларини қандай баҳолаш мумкин? Энг ачинарлиси ҳуқуқимизни ҳимоя қилади деганларимиз амалдорлар, ички ишлар ходимларининг қизларга қилаётган зўравонликларига чидаб бўлмайди. 

QALAMPIR.UZ 2023 йилда аёллар ва ёш қизларга қилинган жирканч тажовузларни бир жойга жамлади.

12 ёшли Муслима воқеаси

2023 йилнинг 31 январь куни бўлган воқеа кўпчиликни даҳшатга солди. Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида зўравонлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилди. 

Берилган маълумотларга кўра, қизни зўрлаган эркак марҳуманинг хонадонида 2022 йилнинг ёз ойларида ёлланма ишчи сифатида ишлаган.

Воқеа жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўз якунига етгач, иш судга юборилди. 

Қотиллик бўйича иш шу йилнинг 26 май куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида кўриб чиқилган. 

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, эркак Жиноят кодексининг 226-моддаси (маъмурий назорат қоидаларини бузиш) 1-қисми, 137-моддаси (одам ўғирлаш) 3-қисми “б” банди, 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми, 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми, 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “в” банди ва 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в”, “ж”, “з”, “о” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 4-қисми тартибида узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 

Шунингдек, Жиноят кодексининг 34-моддаси (рецидив жиноят) 3-қисми “б” бандига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилиб, унга тайинланган жазони махсус тартибли колонияда ўташи белгиланган.

Педофил амалдорлар иши

12 ёшли қиз билан содир бўлган воқеа ҳали ёдимиздан чиқмасдан, яна бир ҳолат жамоатчиликни даҳшатга солди. Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурязов вилоят Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари билан тил бириктириб, Меҳрибонлик уйининг вояга етмаган 15-17 ёшли қизларини 10 ой давомида зўрлаб келган. 

Амалдорларнинг бу ишига рози бўлмаган қизларни меҳрибонлик уйи директори турли хил қийноқларга солган. Масалан, қизлардан бирининг укасини калтаклаган, яна бирини эса хонага қамаб, оч қолдирган.

Иш Жиноят ишлари бўйича Хива туман судида жими-жимида кўриб чиқилиб, 2022 йил 6 сентябрда ҳукм эълон қилинган.

Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Ойбек Машарипов ва Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурязов Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 1 йил-у 6 ойдан озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Тасаввур қиляпсизми? Вояга етмаган қизларни ойлаб зўрлаган амалдорлар учун, озодликни чеклаш жазоси. Судланувчиларнинг ҳимоячиси томонидан киритилган апелляция шикоятларига асосан, жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган. 

Қинғир ишнинг қийиғи 40 кунда ҳам ошкор бўлар деганларидек, амалдорларнинг бу қилмишлари жамоатчиликка маълум бўлиб қолди. Суд ҳукми одамларнинг кескин эътирозларга сабаб бўлди. Турли эътирозлар, “катталар”нинг ҳолатни қоралаб чиқишлари ортидан Бош прокуратура томонидан чиқарилган суд ҳукми ва аппеляция инстанцияси ажримининг қонунийлиги ўрганилди. 

29 март куни судланган Машарипов ва Қурязовларга енгил жазо тайинлангани ва бошқа ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест келтирилган.

Шу йилнинг 3 ноябрь куни, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида Хоразмдаги меҳрибонлик уйида қизларни зўрлаган амалдорларга оид жиноят ишини апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Амалдорлар, юқорида санаб ўтилган моддалар билан айбли деб топилди ва Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида уларнинг ҳар бирига узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шу тариқа, судланувчиларга нисбатан қўлланилган “гаров” тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, Ойбек Машарипов ва Анвар Қурязов суд залидан қамоққа олинди.

Оилавий болалар уйининг зўрланган 13 ёшли қизи

Афсуски, ота-она меҳрига зор бўлган меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини зўрлаш шу билан тугамади. Жорий йилнинг апрель ойида ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 13 ёшли оилавий болалар уйи тарбияланувчиси уни асраб олган эркак томонидан зўрлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўша вақтда, қиз ҳомиладор бўлиб қолгани ва унинг боласини мажбуран туширтирилгани айтилди. 

Ҳолат ўрганилиб, иш судга оширилган ва 6 июнь куни жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида суд ҳукми эълон қилинган.

Ҳукмга кўра, 12 ёшли қизни зўрлаган эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми “а” банди ва эски таҳрирдаги (2023 йил 11 апрелга қадар амалда бўлган) 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. 

Келтирилишича, ушбу шахсга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш)га асосан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

4 нафар “эркак” томонидан зўрланган 13 ёшли қиз

Нафс ёмон нарса. Бувим раҳматли “нафс бало” деб айтардилар. Жорий йилнинг май ойлари бошида Бухорода 13 ёшли қиз чўлда 4 нафар эркак томонидан зўрлангани ҳақида хабарлар тарқалди. 

Ўшанда зўрлик қурбони бўлган қиз акасининг оиласи билан бирга яшагани, унинг келинойиси қизни бегона эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбур қилиб келгани айтилганди. 

Қиз доимий тарзда эркаклар томонидан зўрланиб келинган ва келинойиси уни яна 4 нафар эркак қўлига топширган. Эркаклар эса қизни чўлдаги кулбалардан бирига мажбурлаб олиб боришган. Ҳайдовчидан ташқари, уч нафар эркак 13 ёшли қизни навбатма-навбат зўрлаган. Ўша вақтда бу ҳолатни Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов тасдиқлаганди.

Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилганди. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг берган сўнгги маълумотларига кўра, мазкур масала биринчи инстанция судида кўриб чиқилган. Ҳозирги кунда апелляция инстанцияси суди давом этяпти.

Чўлдаги зўравонлик

Кейинги зўравонлик ҳам Бухорода. Ёдингизда бўлса, ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятидаги чўлда бир аёлни бир неча шахслар куч ишлатиш йўли билан зўрламоқчи бўлаётгани акс этган видео тарқалганди. ИИВ ҳолатга изоҳ бериб, воқеа жорий йилнинг 30 март куни Ғиждувон тумани “Қорахони” маҳалласи “Жилвон” чўл ҳудудида содир бўлгани, туманнинг “Сармижон” маҳалласида яшовчи 1994 йилда туғилган эркак таниши шу маҳаллада яшовчи 1991 йилда туғилган аёлни туманнинг “Жилвон” чўл ҳудудига олиб бориб, унинг эркига зид равишда жинсий алоқада бўлган. Ўзи билан бирга борган шериги ҳолатни видео тасвирга олган ва кадрлар орқали уни ўзига қарам қилиб, ёнида бўлган бошқа танишлари билан ҳам алоқада бўлишга мажбурлаган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 121-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, иш юзасидан гумон қилинувчи 3 нафар шахс ушланганди. Ҳозирги кунда иш судга юборилган ва биринчи инстанцияда кўриб чиқилиб, судланувчилар томонидан берилган аризага мувофиқ аппеляция инстанцияси суди давом этмоқда.

16 ёш қизни зўрлаганлар

Кейинги хабар янада даҳшатлироқ. Шу йилнинг апрель ойи бошидан Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида 2022 йил август ойида 11 эркак 2006 йилда туғилган, вояга етмаган қизни зўрлагани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. 

Прокуратура ҳолат юзасидан тергов давомида 8 нафар шахс гумонланувчи, 3 нафар шахс айбланувчи тариқасида ишга жалб қилингани улардан уч нафарига қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилгани айтилганди. 

Жорий йилнинг 1 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Янгиариқ туман судида 2006 йилда туғилган қизни гуруҳ бўлиб зўрлаган 4 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. 

Ҳукмга кўра, зўрлаганлар Жиноят кодексининг олдинги таҳрирдаги 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми “а” банди, 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Уларнинг уч нафари 11, 1 таси 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Юқорида айтганимиздек, бошида бу ҳолатда 11 киши иштирок эткани айтилганди. Суд ҳукмига кўра 11 нафар шахс судга жалб қилинган. Қолган гумонланувчиларнинг бу масалага алоқаси бор йўқлиги ҳақида маълумот берилмаган. 

31 ёшли аёлни зўрлаган 4 “эркак” 

Шу йилнинг июль ойида Фарғонада 31 ёшли аёл 4 нафар эркак томонидан зўрлангани ҳақида хабар берилгани ёдингизда бўлса керак. Олий суд Матбуот котиби Азиз Обидов QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, жорий йилнинг 17 август куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Бешариқ туман судида 28, 24, 39 ҳамда 34 ёшли судланувчиларга оид жиноят иши кўриб чиқилган. 

Суд ҳукмига кўра, улар Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 2-қисми “в” банди, 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 1-қисми ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “в” банди билан айбли деб топилган ҳамда 9, 8, 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

8 яшар қизга уятсиз-бузуқ ҳаракат қилган 63 ёшли қария

Ақли жойида кап-катта одамлар вояга етган аёлларга зўравонлик қилаётгани одамни сескантириб юборади. Лекин, набираси тенги қизларга уятсиз ҳаракатлар қилаётган қариб қуюлмаганлар ҳам бор, афсуски. Жорий йилнинг август ойида пойтахт Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида 63 ёшли эркак 8 яшар қизнинг қаршилигига қарамай, уни ўпиб, уятсиз-бузуқ ҳаракат содир этгани ҳақида хабарлар ва тасвирлар тарқалганди. Орадан 3 ой ўтиб, мўйсафидга суд ҳукми ўқилиб, у 5 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси С. Абдуғаниев раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ 63 ёшли эркак Жиноят кодексининг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 50-моддаси (озодликдан маҳрум қилиш) 6-қисми талабидан келиб чиққан ҳолда 5 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 

Миллий гвардия ходими зўрлаган 13 ёшли қиз воқеаси

Ота-она доим фарзанди билан гаплашиши керак. Ҳар қандай мавзуда гаплаша олиш, фарзанд учун сирдош бўлиш, муаммоларини эшитиб унга тўғри йўл кўрсата олиш жуда муҳим. Апрель ойида “Сукут сақлама” (Nemolchi.uz) лойиҳаси Тошкент вилоятида 13 ёшли қиз Миллий гвардия ходими томонидан бир неча йил аввал зўрланганини айтиб чиққанди. Лойиҳа, қизни зўрлаган вақтда эркак Миллий гвардия ходими бўлмаганини билдирган. Жабрланган қиз ота-онаси билан Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилган. 2019 йилнинг ёзида эса бувисининг уйига, Тошкент вилояти Қибрай туманига келган. 

Қизнинг Nemolchi.uz'га айтишича, воқеа содир бўлган куни дугонаси билан уйига қайтаётган қизни бувисининг қўшниси унга куч ишлатиб, бир бинога олиб кирган ва ўша ерда қизни зўрлаган. “Мен ёрдам чақириш учун бақирдим, лекин кўчада ҳеч ким йўқ эди. У мени куч билан судраб қўшимча иморатга олиб кирди ва сўрига ташлади. Шундан сўнг у бир қўли билан икки қўлимдан ушлаб, иккинчи қўли билан кийимимни ечди... Сўнг, менга кийинишимни буюрди ва ҳеч кимга айтмаслигимни тайинлади, акс ҳолда мени ўлдириш билан қўрқитди”, дея қизнинг гапларидан иқтибос келтиради Nemolchi.uz.

Бу воқеа содир бўлган вақтда қиз 13, эркак эса 27 ёшда бўлгани айтилган. 13 ёшли қизча узоқ вақтга қадар таҳдидлардан қўрқиб бўлган воқеани ҳеч кимга айтмаган. Унинг ота-онаси бу воқеадан хабар топиб, эркакни жавобгарликка тортиш учун 2022 йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрига келган. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари тугаб, 18 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ тумани судида 13 ёшли қизни зўрланган Миллий гвардия собиқ ходими устидан суд ҳукмини эълон қилган. 

Билдирилишича, суд ҳукмига мувофиқ судланувчи Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

4 нафар қизчага тегажоғлик қилган болалар боғчаси директорининг ўғли

Май ойининг бошида ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги болалар боғчаларидан бирида директорнинг ўғли 4 нафар қизчага тегажоғлик қилгани ҳақида хабарлар тарқалгани ёдингизда бўлса керак. 

Ўшанда боғча мудирасининг 11-синф ўғли 4 нафар қизчани ухлашга ётганидан кейин, турли тегажоғликлар қилгани айтилганди. 

Бош прокуратурага ҳолат бўйича маълумот бериб, воқеа 230-сонли мактабгача таълим ташкилотида содир бўлганини маълум қилган. 

Ўша вақтда Тошкент шаҳар ИИББ ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 119-моддаси билан жиноят иши қўзғатилгани ва тергов давом этаётганини билдирган. 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳолатга изоҳ бераришича,Чилонзор туманидаги боғча раҳбари хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашиб, болалар ҳаётини хавф остига қўйганлиги учун лавозимидан озод қилинган.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг QALAMPIR.UZʼга берган маълумотида мазкур масала юзасидан очилган жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида кўриб чиқилаётгани, суднинг қонуний қарори ҳақида қўшимча ахборот берилиши келтирилган. 

13 ёшли қизни зўрлаган Ички ишлар ходими

Кўпчилик жиноят содир этилганда Ички ишлар ходимларига югуради. Бориб уларга муаммосини айтади ва жиноятчидан ҳимоя қилишларини сўрайди. Лекин Ички ишлар ходимининг ўзи жиноят содир этса-чи? Тошкент вилоятида 13 ёшли қизни зўрлаган ички ишлар ходими 15 йилга қамалди. 

Ёдингизда бўлса, “Nemolchi” лойиҳаси ўзига келиб тушган хабар асосида ички ишлар ходими 13 ёшли қизни зўрлагани, ҳолат шу йили май ойининг охирида содир бўлгани ҳақида ёзганди. Қиз дугонаси билан кўчада кетаётган вақтида унинг қўшниси қизларни машинага ўтириб, сайр қилдириб келишни таклиф қилган. Қиз қўшнисини яхши танигани учун машинага ўтирган. 

Шундан сўнг, қўшни эркак ўсмир қизларни ижарага олинган “дача”га олиб бориб, зўрлаган. Қизларни яна маҳаллага олиб келиб ташлаган.

Қайд этилишича, бир ҳафта давомида қиз ўзини яқинларидан узоқ тутган ва онаси кейинчалик бу ишдан хабар топган. Қизнинг онаси дарҳол Ички ишлар органларига мурожаат қилган. Бир ҳафта ўтгач, текширув тайинланган, аммо натижалар жуда узоқ вақт давомида эълон қилинмаган.

1992 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Миробод тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори бўлиб ишлаган эркакка оид жиноят иши 25 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судида кўриб чиқилган. 

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ, эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жиноят зўрлаш Педофил Педофил амалдорлар уятсиз-бузуқ ҳаракатлар зўрлаган эркак

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made