“Мустақилликкача тугатамиз”. Ваъдавозликдан чарчаган аҳоли Шайхонтоҳур туман ҳокимига мурожаат қилди
Таҳлил
−
14 сентябр 520 4 дақиқа
Бундан бир неча ойлар аввал “Чақар” маҳалласидаги болалар майдончаси, ҳордиқ олиш учун ўрнатилган ўриндиқлар ва автомобиллар тураргоҳи замонавий услубда реконструкция қилинади дея бузиб ташланган эди, орада ишлар жадал бошланди-ю, ҳали ҳеч бир қурилиш якунланмасидан тўхтаб қолди. Аҳоли вакиллари эса айни шу масалада Қалампир.узга мурожаат йўллади.
Маҳалладаги 200 га яқин хонадон вакиллари эса ёзнинг жазирамасида, чангга беланган майдон ва ишлар қачон охирига етказилади деган савол билан қолиб кетади. Ишни битириб берамиз, дея айтилган муддат эса аллақачон ўтиб кетган.
“Февраль ойидан бошлаб мана бу ердаги “решотка”ларимизни ҳаммасини териб олиб кетиб, “Обод маҳалла”га тушдинглар, сизларга чиройли қилиб шу ерларни монтаж қилиб берамиз, болалар майдончаси, фаввора, амфитеатрлар бўлади, жуда қулайликлар яратиб берамиз, деб бизга ваъда беришган эди. Ўша ваъдасига мувофиқ мана шунақа ишларни бошлашди-да, апрелдан майгача жадал ишлашди. Ишлашмади эмас, йўлларимизни тўғрилашди, лекин чала ташлаб кетишди. Мана, сентябрь ойининг 14-санасига келдик, лекин ҳеч қандай масъуллардан дарак йўқ”, дейди маҳалла фуқароларидан бири.
Шунингдек, яна бир фуқаро автомобиллар тураргоҳи бузиб ташланганини билдирди.
“Мана ҳозир аҳамият берган бўлсангиз, машиналар йўлнинг бўйида турибди. Машинага тураргоҳ қилиб берамиз, деган. Орқада, адашмасам, 38 та “нормалний” гараж бор эди. Уни бузишди. Мана бу ерга гараж қилиб берамиз, дейишди. У февралнинг бошида эди. Мана ҳозир лойиҳага аҳамият берган бўлсанглар, тураргоҳга умуман жой йўқ. Мана бу ёққа, фаввора қилишяпти, олтита-ми-еттита фаввора. Болалар ўйнайдиган жойи йўқ, онахонлар кўчага чиқа олмаяпти. Мана февралдан бери мана шу аҳволда ётибди. Мустақилликка битириб берамиз, дейишган. Ўша тендерни ютиб олган Жалолиддин деган бола, мустақилликка битириб берамиз, дейишган. Ёзда ҳоким ўринбосарига чиққанимизда, аномал иссиқ, ҳозир ишлаша олмайди, дейишган. Ўшандан бери бир марта келишгани йўқ”, дейди маҳалла фуқароларидан бири.
Яна бир турғун эса Шайхонтоҳур туман ҳокимига мурожаат қили, фуқаролар ундан норози эканини айтди.
“Агар ёмғир ёғса, лой қилиб қўйишибди. Лекин ўтиш йўли бутун тупроқ. Маблағга қараш керак эмас, маблағ қолмади деб ўтириш керак эмас. Буни йўлини топиш керак. Шайхонтоҳур туман ҳокими, эшитинг, фуқароларингиз сиздан норози. Бизлар порталгача бордик, учрашдик сиз билан. Ваъдалар бердингиз. Эртага Қўчқоров келиб ҳамма ёқни тўғрилайди, дедингиз. Қўчқоров ҳалигача келгани йўқ. Бугун 14 сентябрь. Биз борганимизга 10 кун бўлади. Шунинг учун сиздан илтимос, бизнинг мурожаатимизни тўғри қабул қилиб, мана шу ажратилган маблағ бўйича ишларни қўйиб қўйинглар, ҳеч бўлмаса йўлни тўғрилаб қўйинглар ва мана бу бетонларни четга олиб, болаларга “страховка” қилиб қўйишсин”, дейди маҳалла фуқароларидан бири.
Биз аҳолининг фикрларини тинглагач, ушбу маҳалланинг раиси билан ҳам боғланишга ҳаракат қилдик, аммо раис ўша вақтда муҳим ишлари билан бошқа манзилда эканини айтиб, маҳаллага келолмаслигини маълум қилди. Шундан сўнг, қурилиш ишларини амалга ошириши керак бўлган фирма раҳбарининг рақамини топиб у билан боғланишга урингандик, аммо боғланишнинг имкони бўлмади.
Шу вақтда манзилга Шайхонтоҳур туман ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари етиб келиб, аҳоли вакилларининг саволларига жавоб берди.
“Ташкилий масала бу. У ечилди. Сизлар ҳозир озгина сабр қилинглар. Икки ойдан кейин, мен сизга айтаман, шу холамнинг ўзлари дуо қиладилар. Макетида қандай бўлса, шундай бўлади”, дейди Шайхонтоҳур туман ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари.
Шундай қилиб, аҳоли вакиллари ва ҳоким ўринбосарининг узоқ савол-жавобларидан сўнг бошланган ишларнинг қачон тугатилиши маълум бўлди.
“Бунёдкор қурилиш” деган фирма – МЧЖ тендерда шаффоф ютиб чиққан. Ўша фирма қиляпти бу ишни. Бу ерга, адашмасам, 12 миллиардлар ажратилган. Ҳамма қоғозли ташкилий ишларимиз ҳал бўлди. Икки ой муддатда бу ерда тўлиқ топшириб чиқиб кетамиз. Энди шартномасида ёзилган, 180 кун қилиб ёзилган ўзи. Олти ой-да ўзи, бундай ўйласа, октябрь охирлари, ноябрь бошига.
Муддати бор, муддатида улгуряпмиз. Фақатгина ўртада ўша ташкилий масалада бир ой, бир ярим ойча чўзилиб қолгани, ёз пайти эди-да, тупроқли ишлар тўхтаб қолганининг эвазига чанг кўтарилган, шунинг эвазига халқнинг эътирози кўпроқ. Бошланган пайтда жадал бошланди, кейин ўртада мана бунақа сусткашлик бўлгандан кейин халқ, энди халқимизда тўхтаб қолди ёки кетиб қолди ёки бир иш бўлди, шу билан ташлаб кетди, деган фикр, нотўғри фикр уйғонган. Ўша фикр нотўғри бўлгани учун келдик, тушунтиряпмиз. Узоғи икки ойда битириб чиқиб кетамиз.
Эрта-индиндан жадаллашади ишлар. Ҳозир шу ернинг ўзида 15 та қурувчи бор. Эрта-индиндан 60 та, 70 та ишчи бўлади бу ерда”, дейди Расулжон Қўчқоров
Шундай қилиб, ҳокимият вакилининг сўзларига кўра, апрель-май ойларида бошланган ишлар жорий йилнинг октябрь ойи охирларига батамом битказилиб, ҳудудда аҳоли учун қулай шароит яратилади. Маҳалла вакиллари эса ушбу ваъдага ишонган ҳолда натижани кутишади.
Умид Сулаймонов
Live
Барчаси