Бензема Олмалиққа, Неймар Наманганга келади – Спорт дайжести
Спорт
−
27 Август 2023
7938Бензема Олмалиққа, Неймар Наманганга келади. Роналду эса Тожикистонга борадиган бўлди. Спорчиларга ўта меҳрибон бўлган Андижон вилояти ҳокими бу сафар футболчиларни рағбатлантирди ва бу қайси маблағлар асосида амалга оширилиши очиқланди. Шунингдек, Абдураҳмонов яна бир ўзига хос қарор чиқарди. Энди вилоят Марказий банк ходимлари ҳар куни эрталаб бадантарбия билан шуғулланади. Келишилган ўйинда қатнашган ўзбекистонлик ҳакам ва футболчилар умрбод футболдан четлатилди. Маҳмуд Муродов оёғидан операция қилинди. Шу ва бошқа хабарлар билан QALAMPIR.UZ’ДА спорт дайжести.
Президент бир гуруҳ спортчи ва мураббийларни тақдирлади
25 август куни Президент Шавкат Мирзиёев бокс бўйича Жаҳон чемпионлари Баҳодир Жалолов, Абдумалик Ҳалоқов, Ҳасанбой Дўсматов ва бошқаларни “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони ҳамда футбол бўйича миллий терма жамоа аъзолари Аббосбек Файзуллаев, Абдуқодир Ҳусанов ва бошқаларни “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун давлат раҳбари “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолаган. Унга кўра, қуйидагилар мукофотланган:
“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан
- Абдуллаев Руслан Анвар ўғли - Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси;
- Дўсматов Ҳасанбой Маъруфжон ўғли - Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси;
- Жалолов Баҳодир Исомиддин ўғли - Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси;
- Келдиёрова Диёра Бахтиёр қизи - Дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси;
- Мўйдинхўжаев Асадхўжа Зоҳидхўжа ўғли - Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси;
- Турабоев Музаффарбек Тоштемир ўғли - Дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси;
- Ҳалоқов Абдумалик Анвар ўғли - Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси.
“Келажак бунёдкори” медали билан
- Абдуллаев Аълохон Айюбхон ўғли - Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси;
- Баратов Дилшодбек Бахтиёр ўғли - Дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси;
- Боймуродов Отабек Одилжонович - Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоси;
- Жабборова Турсуной Валижон қизи - Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси;
- Жафаров Саиджамшид Рустам ўғли - Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси;
- Жўраев Ойбек Одилбек ўғли - Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси;
- Йўлдошев Муроджон Қувондик ўғли - Дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси;
- Мулложонов Лазизбек Ҳасанжон ўғли - Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси;
- Раҳмоналиев Умарали Маҳамадали ўғли - Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоси;
- Файзуллаев Аббосбек Сайиджон ўғли - Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси;
- Ҳусанов Абдуқодир Ҳикматжон ўғли - Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси;
- Юсупов Алишер Ҳалимбоевич - Дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси.
Бензема Олмалиққа, Неймар Наманганга келади. Роналду-чи?
24 август куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида футбол бўйича Осиё Чемпионлар лигасининг янги мавсумига қуръа ташланди.
Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг тўрт жамоаси гуруҳ босқичидаги ўз рақибларини билиб олди.
Тошкентнинг “Пахтакор” клуби “А” гуруҳидан жой олди. “Шерлар”га гуруҳ босқичида “Ал-Файҳа”, “Аҳал” ва “Ал-Аин” жамоалари рақиблик қиладиган бўлди. Қаршининг “Насаф” жамоаси эса плей-офф'га чиқиш учун “B” гуруҳида “Ал-Садд”, “Ал-Файсали” ва “Шаржа” клублари билан куч синашади. Олмалиқнинг ОКМК клуби “С” квартетида баҳсларга киришади. Миржалол Қосимов шогирдларига Бензема бошчилигидаги “Ал-Иттиҳод”, Эроннинг “Сепаҳон” ва Ироқнинг “Ал-Қува” жамоалари рақиблик қилади. Наманганнинг “Навбаҳор” клуби эса “D” квартетида мусобақадаги юришини бошлайди. Бабаян шогирдлари Неймар бошчилигидаги “Ал-Ҳилол”, шунингдек, “Насажи Мозандарон” ва “Мумбай Сити” клублари билан куч синашади.
Криштиану Роналду тўп тепадиган “Ал-Наср” эса “E” гуруҳидан ўрин эгаллади. Қуръа ҳеч қайси ўзбек клубини “E” гуруҳига туширмади. “Ал-Наср” кейинги босқичга чиқиш учун “Персополис”, “Ал-Дуҳаил” ва “Истиқлол” клублари билан баҳс олиб боради.
“Давлатимиз қашшоқлашиб қолмайди”. Андижон ҳокими футболчиларга iPhone 14 совға қилди
21 август куни футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 17-тури доирасида “Андижон” ва “Олимпик” клублари майдонда ўзаро баҳслашди. Мазкур учрашув 2:1 ҳисобида “Андижон” фойдасига якунланди.
Ўйин тугаганидан сўнг Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов футболчилар билан учрашди ва ўйинчилар билан ғалабани нишонлаш чоғида микрофон орқали трибунадаги мухлисларга юзланиб, спортчилар муносиб рағбатлантирилишини маълум қилди.
“Бугунги ғалаба билан, аввало, ҳамма андижонликларни табриклайман. Футболчиларга нима ваъда қилган бўлсам, ҳаммасини бераман. Ҳозир нима эканини айтмайман. Худо хоҳласа, буларга куч бераман, рағбат бераман. Сизлар у ёқдан қўллаб-қувватлайсизлар, мен пул томондан қўллаб-қувватлайман, соғ бўлинглар”, дейди Шуҳрат Абдураҳмонов.
Шундан сўнг вилоят раҳбари гол муаллифи Рубин Ҳебайга истаган автомашинасини бориб танлашини, қолган футболчиларга эса iPhonе 14 смартфонларини беришни ваъда қилди.
“Эртага бориб, машинани танласин. Сен машинани орзу қилганмидинг, эртага бориб, ўзинг танла. Сен қайсини танласанг, гап бўлиши мумкинмас, берамиз. Қолганларга iPhone 14”, дейди вилоят ҳокими.
QALAMPIR.UZ юқоридаги ҳолатда футболчилар айнан қайси маблағлар ҳисобига рағбатлантирилишини ўрганиш мақсадида вилоят ҳокимлиги билан боғланди.
Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Муслимбек Иброҳимовга кўра, футболчиларни рағбатлантириш ташаббуси бир неча ҳафта олдин илгари сурилган. Уни амалга оширишда Андижонда профессонал спортни ривожлантиришга ҳисса қўшиш ва спортчиларни қўллаб-қувватлаш истагини билдирган ҳомийлар жалб этилган.
“Ҳомийлар иштирокида маблағлар жамғарилган бўлиб, вилоят раҳбари айнан ушбу рағбатлар Андижон аҳли номидан спортчиларга топширилишини маълум қилиб ўтган. Бунда ҳомийлик ҳаракатларини ўз эгаларига тўлиқ етказиш мақсад қилинган”, дея маълум қилди у.
Абдураҳмоновдан навбатдаги хурмача қарор: ҳамма бадантарбияга чиқсин
Энди Андижон вилояти Марказий банк ходимлари ҳар куни эрталаб бадантарбия билан шуғулланади. Бу ҳақда вилоят Марказий банк ахборот хизмати хабар берди.
Унда айтилишича, кеча, 23 август куни Марказий банк Андижон вилоят Бош бошқармасидаги ходимлар вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг топшириғига асосан эрталабки соғломлаштириш машғулотларини ўтказган. Бундан асосий мақсад ходимлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш бўлган.
Шунингдек, хабарда ушбу машғулот ҳар куни ўтказилиши режалаштирилаётгани маълум қилинган.
Муродов операция қилинди
Чехияда ўзбекистонлик UFC жангчиси Маҳмуд Муродовнинг оёғида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу ҳақда спортчи ўз Instagram саҳифасида маълум қилди.
22 август куни спортчи тиззасидан операция қилинган ва амалиёт муваффақиятли якунланган.
“Ҳаммага салом! Биз Чехияга етиб келдик ва бугун оёғимни операция қилдирдик. Худога шукр ҳаммаси яхши ўтди. Энди реабилитация жараёнларидан ўтиб олишим керак. Шу йил якунига қадар яна битта жанг ўтказмоқчиман, албатта сизнинг қўллаб-қувватлашингиз билан. Ҳаммага раҳмат”, дейди Маҳмуд Муродов.
Аввалроқ спортчи QALAMPIR.UZ'га интервью берган эди, унда сўнгги жангида оёғидан жиддий жароҳат олганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Лондон шаҳрида ўтказилган UFC Fight Night турнирида Маҳмуд Муродов америкалик ММА'чи Браян Барберанани ҳакамларнинг якдил қарори билан мағлубиятга учратган эди. Муродов бу орқали 2 та мағлубиятли сериясига нуқта қўйди. Бунга қадар у UFC'да 5 та жанг ўтказиб, 3 тасида ғалаба қозонган.
Келишилган ўйинда қатнашган ўзбекистонлик ҳакам ва футболчилар умрбод футболдан четлатилди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитасининг навбатдаги йиғилишида ассоциациянинг футбол фаолиятини назорат қилиш бўйича махсус инспекцияси томонидан тақдим этилган “Андижон-SGS” клуби футболчилари ҳамда Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ҳаками Лочин Долимовнинг келишилган ўйинларда иштирок этганлиги тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон Про лигасида ҳакамлик қилиб келган Лочин Долимов ўзининг таниши орқали хориждаги А. исмли шахс билан Telegram'да алоқа ўрнатиб, келишилган ўйинларни ташкил этишга уринган.
Шунингдек, Лочин Долимов “Андижон-SGS” клубининг футболчилари Шаҳбозбек Жумабоев, Дилмурод Абдуқаҳҳоров ва Жавоҳир Қиличев билан тил бириктирган ҳолда 2023 йил 25 май куни Про лига доирасидаги “Навбаҳор Фарм” ва “Андижон-SGS” ўртасидаги учрашувнинг натижасига таъсир ўтказиб, учинчи шахслар ёрдамида букмекерлик конторалари орқали пул тикиб, моддий манфаат кўрган.
“Андижон-SGS” клуби футболчиси Шаҳбозбек Жумабоев ЎФА Интизом кодексининг тегишли бандларига асосан айбдор деб топилиб, унга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан умрбод четлатиш ҳамда жарима жазоси тайинланди.
Юқоридагилар билан бирга, футболчилар Дилмурод Абдуқаҳҳоров ҳамда Жавоҳир Қиличев ЎФА Интизом кодексининг тегишли бандларига кўра айбдор деб топилиб, Дилмурод Абдуқаҳҳоровга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан 2 йил муддатга четлатиш ҳамда жарима интизом жазоси берилди. Жавоҳир Қиличевга нисбатан эса футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан 1 йил муддатга четлатиш ҳамда жарима интизом жазоси қўлланилди.
“Ўзбекистон футбол ассоциацияси келишилган ўйинларни аниқлаш бўйича FIFA, ОФК, “Sportradar” ва бошқа тегишли ташкилотлар билан билан мунтазам равишда ҳамкорлик қилиб келаётганлигини маълум қилади. Ўз навбатида, келгусида аниқланадиган ҳолатлар юзасидан айбдор шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантиради”, дейилади ЎФА хабарида.
ДХХ кубоги ғолиблари аниқланди
Бугун, 26 август куни Тошкент шаҳридаги ЖАР стадионида футбол бўйича Давлат хавфлисизлик хизмати (ДХХ) кубоги мусобақасининг финал ўйини бўлиб отъди.
Бу йилги мусобақа ҳам шиддатли ва муросасиз баҳсларга бой бўлди. Ҳар бир жамоа ғолиблик учун астойдил кураш олиб борди.
Мусобақа якунларига кўра, мини-футбол баҳсларида ғолиблик Қашқадарё вилояти жамоасига насиб этди. Тошкент вилояти жамоаси эса кумуш медаллар соҳибига айланди.
Аёллар ўртасидаги мини-футбол ўйинларида эса самарқандлик футболчи қизларга тенг келадиган рақиб топилмади. Вице-чемпионлик эса Хоразм вакилоарига насиб этди.
Стадионига йиғилган минглаб мухлисларни ҳаяжонда ушлаб турган финал учрашувида эса Тошкент вилоятининг “Навбаҳор” ва Жиззахнинг “Турон” жамоалари тўқнаш келди. Муросасиз тарзда ўтган ўйинда жиззахликлар 2:0 ҳисобида зафар қучиб, якунда ДХХ кубоги футбол баҳсларининг ғолибига айланди.
Ғолиб жамоаларни тақдирлашдан аввал индивидуал томондан ўзини кўрсатган футболчилар мукофотланди.
Республика босқичида ўғил болалар ўртасида футбол ва мини-футбол бўйича ғолиб бўлган жамоалар маҳалласига мини-футбол майдони, 2-ўринни эгаллаган жамоалар учун универсал спорт майдони (баскетбол ва волейбол ўйинлари учун мўлжалланган), 3-ўринни эгаллаган жамоалар маҳалласига
“Стритбол” (бир саватли кўча баскетболи) спорт майдони қуриб берилади.
Қизлар мусобақасида ғолиб ва совриндор бўлган жамоалар пул мукофоти билан тақдирланди.
Бундан ташқари барча ғолиб ва совриндор иштирокчиларга диплом, медаль, велосипед ва телевизор топширилди.
Таъкидлаш жоиз, ҳозирда мусобақанинг дастлабки икки босқичида сараланган 365 нафар футболчи Ўзбекистоннинг профессионал футбол клублари музокара ўтказмоқда. ДХХ кубогида ўзини кўрсатган яна бир қатор футболчилар келгусида профессионал футбол жамоаларида кўриниш бериши мумкин.
Бу QALAMPIR.UZ’да ҳафта спорти янгиликлари эди. Ижтимоий тармоқлардаги QALAMPIR.UZ’нинг спорт саҳифларига обуна бўлинг.