Референдум катталарга қандай таъсир қилади?
Таҳлил
−
10 Март 2023
13418Кеча, 9 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилди.
Тайёрланган Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституция моддалари 128 тадан 155 тага унинг нормалари 275 тадан 434 тага кўпаймоқда, яъни Конституция қарийб 65 фоизга янгиланмоқда. Амалдаги 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгартиришлар киритилмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциядан давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш ва бугунги кун талабларига мослаштириш масалалари ҳам ўрин олган. Ўзгаришларга бирма-бир тўхталсак.
Биринчидан, парламент ваколатлари кучайтирилмоқда.
Бунда Қонунчилик палатаси билан Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари ҳар бир палатанинг алоҳида-алоҳида ваколатлари ва масъулият соҳалари аниқ белгилаб берилмоқда.
Жумладан, агар амалдаги Конституция бўйича Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 та бўлса, лойиҳага асосан уларнинг сони 12 тага етмоқда.
Хусусан, Давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш каби ваколатлар бевосита халқ томонидан тўғридан-тўғри сайланадиган Қонунчилик палатасига ўтказилади.
Шунингдек, илғор хорижий тажриба инобатга олиниб, Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига ўтказилмоқда. Бош вазир номзодини Қонунчилик палатасига тақдим қилишдан олдин Президент томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш тартиби жорий қилинади. Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин Президент Бош вазирни лавозимга тайинлайди.
Худди шундай Сенатнинг мутлақ ваколатлари ҳам амалдаги 14 тадан – 18 тага оширилмоқда. Жумладан, ҳудудий манфаатларни ифодаловчи орган сифатида Сенатнинг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашиш каби муҳим ваколати конституция билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Шунингдек, давлат ҳокимияти тизимида ўзаро тийиб туриш ва мувозанатни таъминлаш принципидан келиб чиқиб, вазирликлар ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузиш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларни тасдиқлаш ваколатини ҳам Сенатга ўтказиш таклиф этилмоқда.
Парламентнинг назорат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларини лавозимга қўйиш борасидаги функциялари кучайтирилмоқда ҳамда Президентнинг айрим ваколатлари парламентга ўтказилмоқда.
Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлигига номзод аввал Сенат билан маслаҳатлашилгандан кейин Президент томонидан тайинланиши тартиби жорий этилади.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизимини киритиш таклифи ҳам бор.
Ушбу йўналишдаги яна бир концептуал ўзгаришлардан бири бу маъмурий ислоҳотлардан келиб чиқиб Сенат таркибини ихчамлаштириш орқали унинг фаолият самарадорлигини оширишдир. Шу мақсадда сенаторлар сони амалдаги 100 тадан 65 тага ўзгармоқда. Бунда Сенатни шакллантиришнинг амалдаги тартиби сақланиб қолмоқда.
Қонун Сенат томонидан олтмиш кун ичида кўриб чиқилиши белгиланяпти. Агар Сенат қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида олтмиш кун ичида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси томонидан қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилиши назарда тутилган.
Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари ҳам кучайтирилиб, парламент назоратининг муҳим шакли бўлган парламент текшируви институти Конституцияда алоҳида мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича йиллик миллий маърузани эшитиш, давлат қарзининг энг юқори миқдорини белгилаш, парламент текширувини амалга ошириш каби муҳим ваколатлар палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига киритилмоқда.
Иккинчидан, Конституция лойиҳасига кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларини бошқариш амалиёти тугатилиб, кенгашларга ҳокимдан мустақил бўлган алоҳида Кенгаш раиси раҳбарлик қилиши белгиланади.
Содда қилиб айтганда, эндиликда вилоят ва туман (шаҳар)да халқ сайлаган депутатлар ҳоким фаолиятини бевосита ва холисона назорат қилиш имкониятига эга бўлади.
Учинчидан, лойиҳада давлат ҳокимиятининг бир қатор лавозимларига нисбатан айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ ушбу лавозимга сайланиши (тайинланиши) мумкин эмаслигига оид демократик қоида киритиляпти.
Булар:
- Қонунчилик палатаси Спикери;
- Сенат Раиси;
- амалдаги Конституцияда белгиланганидек Ўзбекистон Республикасининг Президенти;
- вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг раиси;
- ҳоким;
- Олий суднинг раиси ва раис ўринбосари;
- Судьялар олий кенгашининг раиси ва раис ўринбосари;
- Марказий сайлов комиссиянинг раиси;
- Бош прокурор лавозимлари.
Юқорида санаб ўтилган лавозимдаги мансабдор шахслар сурункасига икки муддатдан ортиқ айнан бир лавозимга қўйилмайди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида депутат Жаҳонгир Ширинов Навбатдаги масала фуқароларнинг сайлов ҳуқуқидан фойдаланишдаги инқилобий янгилик деб эьтироф этилаётганини таъкидлаб ўтди. Конституцияга киритилаётган таклифга мувофиқ, эндиликда қонунларда сайлаш ҳуқуқи чекланган шахслар рўйхати бўлмайди. Фақатгина суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Яъни юқорида санаб ўтилган шахслар, уларнинг сайлаш ҳуқуқи суднинг қарори билан чекланган бўлсагина улар сайловда иштирок эта олмайди, бошқа ҳар қандай вақтда улар ҳам сайлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Кеча, 9 март куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда референдумни ўтказиш ҳақидаги қарор қабул қилинмади. Лойиҳани такомиллаштириш бўйича кўп таклифлар билдирилгани сабабли мажлис бугун, 10 март куни ўз ишини давом эттирди. Депутатлар томонидан берилган 16 та таклифдан 9 таси қабул қилиниб, бирма-бир муҳокама қилинди. “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Конституцияга оид референдумни жорий йилнинг 30 апрель, якшанба кунида ўтказиш белгиланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг референдумни ўтказиш тўғрисидаги қарори юзасидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг хулосасини олиш тўғрисидаги масала ҳам қўллаб-қувватланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь