Ноқонуний газ ва “свет”га уланиш ўғрилик жинояти деб баҳоланади

Жамият

image

Умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ўғрилик жинояти деб баҳоланади. Бу норма жорий ээтилиши кўзланган Қонун бугун, 3 март куни Олий Мажлис Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинди.

Сенаторлар мазкур мажлисда “Энергия ресурсларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунини кўриб чиқмоқда.

“Амалдаги Жиноят кодексида белгиланган энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик чораларининг етарли эмаслиги ушбу жиноятни содир этиб, давлатга катта миқдорда зарар етказган шахсларга нисбатан бугунги кунда тегишли чоралар кўриш имкониятини бермаяпти. Шу сабабли, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик, бу борадаги ваколатли органларнинг кўрсатмаларини бажармаганлик ҳолатлари учун жавобгарлик чораларини кучайтириш зарурати вужудга келганлиги алоҳида қайд этилди”, дейди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шухрат Чўллиев.

Айтилишича, мазкур Қонун юқоридаги муаммоларни бартараф этиш билан бирга энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли.

“Умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд уларни ҳисобга олиш асбоблари ва пломбаларига қасддан шикаст етказиш, шунингдек, ушбу қилмишларни коммунал хизмати ташкилотларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари билан тил бириктириб, содир этганлик ҳолатлари эндиликда, ўғрилик жинояти деб баҳоланиши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, Жиноят кодексига “тижорат мақсади” тушунчаси киритилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг муайян фаолиятида фойда, даромад олиш, наф кўришга қаратилган мақсад эканлиги белгиланмоқда.

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари прокуратура органлари томонидан амалга оширилиши қонун билан мустаҳкамланмоқда”, дейди Сенатор Шухрат Чўллиев.

Маълумотларга кўра, 2022 йил ва жорий йилнинг ўтган даври юзасидан Бош прокуратура томонидан электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик ҳолатлари бўйича 433 та жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 368,1 млрд сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Шунингдек, сув таъминоти тармоқларига 1 624 та ноқонуний уланишлар аниқланиб, қоидабузарликларга йўл қўйган шахслардан 7 млрд 144 млн сўмлик қўшимча тўловлар ундирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made