Ўлаётган собиқ Президент, тақдири мавҳум 7 амалдор, соққа қилаётган Эрдўған, Сердарни кўндирган Сардор
Таҳлил
−
17 Декабрь 2022
25249Халқда “кавушимни олган бир киши, гумондорим минг киши” деган нақл бор. Қиш келиб, этимиз жунжикиб, қишлоқларни қўйинг, пойтахти азим Тошкентда ҳам газ ва “свет” муаммоси бошланганидан кейин ҳамма бирдан айбни бўйнидан соқит қилиб, нобоп об-ҳаво-ю огоҳлантирмай келган қишга бутун юкни ағдарди қўйди. Ташкилотларнинг расмий хабарларида “кутилмаганда келган қиш”, “огоҳлантирмай келган совуқ кунлар” деган кулгули ва энса қотар даражада мантиқсиз гапларни ўқий бошладик. Сизларни билмадим-у қиш менга ҳеч қачон SMS юбориб, “мен келяпман” демаган. Ёки ёзда қор ёғиб, кўчалар лойга ботмаган, агар уни “кутилмаганда келди” десак. Ё сиз қишдан “мен эртага келаман, кутиб тур” деган хабар олганмисиз?
Президент айбдорларни яширмади, аямади
Бекорга гапни қишнинг ёнини олишдан бошлаганим йўқ. Бечора қишнинг тили бўлса-ю гапирса: “Ҳа номард ўзинг-ку ёзи бўйи ҳаракатингни қилмаган, газни ғамламаган, “свет”ни қачон ўчириб-ёқишнинг тўғри-тузук режасини қилмаган. Энди яна мени ёқамга ёпишасанми? Ўттиз йилдан бери ёпишиб чарчамадингми”. Қиш тилга кирмагани бор гап, аммо бугунги энергетика инқирозларида кимлар айбдорлигини қиш айтмаса ҳам айтадиган топилди. Яна ким ким, Президент!
15 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилиш ҳафтанинг энг муҳим воқеаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ушбу йиғилишдан кўриндики, ҳар қайси ўзини ўтда ёнмас, сувда чўкмас, дахлсиз деб билганлар Президентнинг назаридан қочиб кутулолмайди.
Йиғилишда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, “Ўзбекнефтгаз” АЖ раиси Меҳриддин Абдуллаев, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ раиси Фарҳод Абдураҳмонов, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ раиси Дадажон Исақулов, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раиси Улуғбек Мустафоев, “Ўзтрансгаз” АЖ раиси Бекзод Норматов, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ раиси Баҳодир Эшмуродовга “ҳайфсан” берилди.
Президент ҳайфсан билан чекланиб қолгани йўқ. Уларга икки ойлик қаттиқ иш режмини тайинлади. Ҳа нима, ҳайфсанни олиб, ҳеч нарса бўлмагандек юраверишадими? Ишлаб, хатолар ва камчиликларни тузатишсин, ана ундан кейин кўрамиз улар ўз лавозимига лойиқми ё нолойиқ? Тўғрироғи, давлат раҳбарининг ўзи уларнинг ишига баҳо беришни ваъда қилди.
Ҳайдовчилар бағрига урилган шамол
“Дунёда нефтнинг нархи тушса ҳам Ўзбекистонда бензин нархи ошаверади”, дерди чорсулик таксист танишим Абдусаттор ака доим нолиб. Абдусаттор аканинг ўлганига икки тўлди. Бечора бу кунларни кўрмай кетди. Лекин ортидан фарзандлари, набиралари бензин нархи тушганини кўриб қолди. Ҳайдовчиларнинг куйган байрига шамолдек урилган АИ-80 маркали бензиндан акциз солиғи олиб ташлашни назарда тутувчи қарор ҳам шу ҳафтада имзоланди.
Президент томонидан имзоланган “Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга кўра, жорий йилнинг 10 декабридан 2023 йил 1 мартига қадар сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун акциз солиғи олиб ташланиб, натижада АИ-80 русумли автобензин маҳсулотининг чакана нархи амалдаги нархларга нисбатан ўртача 8,7 фоизга камайиши, нарх 5700 сўмга тушиши кузатилди.
Путиннинг аразидан ҳам соққа қилаётган Эрдўған
Газ билан боғлиқ муаммолар фақат Ўзбекистонда эмас. Дунёнинг манаман деган давлатлари ҳам газсизлик ва қиммат тарифлардан азият чекмоқда. Жумладан Европа мамлакатлари ҳам. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса айни вазиятдан ҳам фойдаланиб, газ орқали Туркия ғазнасини тўлдирмоқчи. У Туркманистон газини яқин иниси Илҳом Алиев бошқараётган Озарбайжон ёрдами билан Каспий денгизи орқали Туркияга олиб келиб, кейин уни Европа бозорига олиб бориб пулламоқчи. Ишни пухта қилганини қаранг. Туркманистонни бошқараётган ота-бола Бердимуҳамедовларга ҳам бу таклиф мойдек ёқиб тушди.
14 ноябрь куни Туркманбошида уч томонлама саммит бўлиб ўтди. Туркия-Озарбайжон-Туркманистон биринчи уч томонлама саммити доирасида бешта келишув имзоланди. Булар савдо, фан, таълим, маданият, божхона, энергетика ва транспорт соҳаларида бўлиб, Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлининг айтишича, Туркия, Озарбайжон ва Туркманистон туркман табиий газини етказиб бериш соҳасида ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳ тузади.
Туркия Каспий денгизидаги “Дўстлуғ” нефт-газ конини ўзлаштиришда Туркманистон ва Озарбайжон билан ҳам ҳамкорлик қилишга, қолаверса, Анқара Туркманистон ва Озарбайжон билан Туркияга электр энергияси импорти мавзусини муҳокама қилишга тайёр.
Президент Сердар Бердимуҳамедовга кўра, Туркманистон ва Озарбайжондан Туркияга ва ундан кейин жаҳон бозорларига табиий газ етказиб бериш бўйича ҳамкорлик ишончлилик ва хавфсизлик кафолатларига асосланиши керак.
Эрдўған Туркманистондан кайфияти чоғ бўлиб қайтди ва самолётда журналистларга Энергетика вазирлиги раҳбарига бир ой муддатда туркман табиий газини Европага экспорт қилиш масаласини ишлаб чиқишни топширганини айтди. Шунингдек, келаси йил бошида Сердар Бердимуҳамедов Туркияга давлат ташрифи билан келишини билдирди.
Шунингдек, Эрдўған нега айнан туркман газига қизиқиб қолганини ҳам очиқлади. Унинг айтишича, бунинг бош “айбдор”и Путин. Россия Президенти Европага газ сотмаслик билан таҳдид қила бошлагач, Эрдўған Путин сотмаса “ўзим сизларга газ етказиб бераман, соққасини келишсак бўлди”, деган йўлни танлаган.
Ўзбекистон учун ҳам аслида туркман гази бегона эмас. Бунга бироздан кейин қайтамиз.
Истанбул ҳокими Эрдўған каби қамали мумкин
Туркиядан узоқлашмасак, мамлакат бу ҳафта ҳам сиёсий тебранишлар сабаб диққат марказида турибди.
Эрдўған Туркманбошига кетганида Истанбул суди 14 декабрь куни мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партиясидан бўлган шаҳар мэри Экрем Имомўғли иши бўйича ҳукм чиқарди ва уни Марказий сайлов комиссияси вакилларини ҳақорат қилгани учун икки йилу етти ойга озодликдан маҳрум қилди. Ҳукм юқори орган томонидан тасдиқланса, Имомўғли сиёсий фаолиятга 5 йиллик тақиқ қўйилгани сабабли ўз лавозимидан айрилиши мумкин.
Унга қарши иш 2019 йилги Истанбул ҳокимлиги учун ўтказилган сайловлардан кейин қўзғатилган. У ўша йили 31 март куни бўлиб ўтган сайловда Эрдўғаннинг “Адолат ва тараққиёт” партиясидан номзод ва собиқ Бош вазир Бинали Йилдиримга рақиб бўлди. Бироқ, Йилдирим ва унинг партияси шаҳар ҳокимлиги учун ўтказилган сайлов натижаларини рад этди, МСК томонидан бекор қилинган биринчи сайловда ҳам, 23 июнь куни ўтказилган иккинчи тур сайловларда ҳам Экрем Имомўғли ғалаба қозонди. Айниқса, иккинчи турда юқори устунлик билан муваффақиятга эришди.
Имомўғли сайловда ғалаба қозонгач, 31 март куни бўлиб ўтадиган сайловни бекор қилганларни "аҳмоқлар" деб атади.
Суд ҳукми эълон қилинган куннинг ўзида 16 миллионлик Истанбул аҳолиси вакиллари шаҳар ҳокимлиги биноси олдига Имомўғлини қўллаб-қувватлашга тўпланди. Акция йирик митингга айланиб, эртаси куни ҳам давом давом этди.
Шуни алоҳида айтиб ўтиш ўринлики, Туркияни 2014 йилдан буён бошқариб келаётган Президент Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Истанбул мэри лавозимида фаолият юритган вақтида 10 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 1997 йил 6 декабрда у катта митингда ўқиган шеъри ва нутқи ортидан айбланиб, аслида шеър бир баҳона, 1999 йил 26 мартда мэрлик лавозимидан бўшатилиб, 10 ойлик қамоққа ташланган. Бироқ у 4 ой 10 кундан сўнг, 1999 йилнинг 24 июль куни озодликка чиққан. “Так что” Туркияда мэрнинг қамалиши биринчиси эмас.
Дунёда рўй бераётган ҳеч бир воқеага аралашмай қолмайдиган АҚШ Давлат департаменти Экрам Имомўғлига нисбатан суд қарори юзасидан хавотир билдириб, суднинг сиёсий фаолиятни тақиқлаган ҳукмидан ҳафсаласи пир бўлганини маълум қилди. Баёнотда қайд этилишича, суд ҳукми инсон ҳуқуқлари, асосий эркинликлари ва қонун устуворлигига риоя қилишга зид. Давлат департаменти ушбу суд ҳукмини баҳоларкан, мамлакатда журналистлар, фуқаролик жамияти фаоллари ва сиёсатчиларга таъқиблар давом этаётганини урғулади.
АҚШ Ўзбекистон мустақиллигини тан олади ва ёрдам беришга тайёр
АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистондаги вазият бўйича муносабати ҳам айнан тугаётган ҳафтада маълум бўлди. Гап шундаки, шу ҳафта 12-14 декабрь кунлари Ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШда бўлиб қайтди. Норовга ўтмишдошлари – собиқ Ташқи ишлар вазирлари Содиқ Сафоев ва Абдулазиз Комилов ҳамроҳлик қилди.
Норов Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашиб, ОАВга қўшма баёнот берди. Унга қайд этилишича, АҚШ Ўзбекистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқ.
Учрашувда Блинкен Норовни АҚШда кўриб турганидан мамнунлигини билдирар экан, стратегик ҳамкорлик бўйича ўтказиладиган мулоқот икки томон учун биргаликда дуч келаётган кўплаб муаммолар ҳақида эслатмаларни солиштириш учун жуда яхши ва муҳим имконият бўлишини таъкидлаган. У, шунингдек, Ўзбекистонни Қирғизистон билан чегарани демаркация қилиш бўйича келишувга эришгани учун олқишлаган.
“Ўйлайманки, бу минтақадаги ва ундан ташқаридаги кўпчилик учун ушбу муаммоларни ҳал қилишда дипломатия имкониятлари муҳимлиги ҳақида кучли сигнал беради. Шунингдек, ислоҳотлар, жумладан, диний эркинлик, мажбурий меҳнат бўйича олиб борилаётган ишни ҳам қадрлайман”, деган Блинкен.
Стратегик шериклик мулоқоти йиғилишида делегациялар икки мамлакатда савдо ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш ва тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳитни сақлаб қолишга қатъиятли эканликларини билдирган. Шунингдек, матбуот эркинлиги, журналистларни ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинган. Бундан ташқари, Афғонистон бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни муҳокама қилиб, АҚШ Ўзбекистонга гуманитар ёрдам кўрсатишдаги ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдирган.
Бердимуҳамедовни кўндирган Умурзоқов
Бояроқ Ўзбекистонда ҳам туркман газига боғлиқ янгилик борлигини айтдим. Гапнинг сираси энди келди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов шу ҳафтанинг 12 декабрь куни Ашхободга бориб, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашиб, уни Ўзбекистонга қўшимча 20 млн куб метр газ етказиб бериш бўйича кўндириб қайтди. Фақатгина кўндириш билан чекланмади, келишувни қоғозга тушириб, имзо ҳам чектириб олди.
Умурзоқов ва Бердимуҳамедов имзолаган ҳужжаатга кўра, Туркманистон Ўзбекистонга қўшимча равишда кунига 20 млн куб метр газ (3 ойда жами 1,5 млрд куб метр) газ бериш вазифасини олган.
Президент Администрациясидан айтишларича, агар бу лойиҳа амалга ошадиган бўлса, Ўзбекистонда қиш кунларида юзага келган газ муаммоси тўлиқ ҳал қилиниши мумкин.
Ўз ёғига қовурилаётган Қирғизистон
Дунё бўйлаб газ ва “свет” муаммоси оғирлашиб бораётган бир пайтда Қирғизистон ўз ёғига ўзи қовуриляпти. Мамлакатдаги барча мактаблар ва болалар боғчалари ўткир респиратор вирусли инфекция сабаб ёпилди. Таълим ва фан вазирлигининг маълум қилишича, барча мактабларда дарслар 24 декабргача онлайн режимда ўтказилади
“Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозир юқумли касалликлар тарқалишининг энг юқори чўққиси. Касалликнинг кучайиши муносабати билан биз республикадаги барча мактабларни онлайн таълимга ўтказяпмиз”, деган Таълим ва фан вазири ўринбосарни Нодира Жусупбекова.
Хўш, мактаблар ёпилишигача олиб борадиган жиддий сабаб борми, дейсизми? Бор, албатта. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, октябрь ойидан буён мамлакатда 118 та ҳолатда чўчқа гриппи аниқланган.
Бишкек, Ўш ва Тўқмоқ шаҳарларида оғир ўткир респиратор инфекциялар ва гриппга ўхшаш касалликларни эпидемиологик назорат қилиш давом этмоқда.
Ариповдан “ҳайфсан” олган Тошқулов
Ўзимизда эса таълим вазирлари “ҳайфсан” олиш билан банд. Гап шундаки, тугаётган ҳафтанинг 12 декабрь куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси раёсат мажлисида Олий ва касб-ҳунар таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва 2023 йилги асосий вазифалар ҳам муҳокама қилинган. Унда Бош вазир Абдулла Арипов Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловга бир қатор тизимли камчиликларни ўз вақтида бартараф этмагани учун “ҳайфсан” берган.
Тошқулов айнан қандай камчиликка йўл қўйгани маълум эмас.
Шунингдек, ушбу йиғилишда бюджет ташкилотларида Янги йил байрами корпоратив тадбирларини ўтказиш ва зиёфат ташкил этиш тақиқланди.
Бош вазир Абдулла Арипов барча турдаги давлат ташкилотлари ва ҳокимликларга бюджет ва ундан ташқари маблағлар ҳисобидан корпоратив йиғилишларни ташкил этиш, байрам дастурхонини ёзиш ва мушакбозлик уюштиришга “запрет” қўйган.
Лочин йўлаги тўсиб қўйилди
12 декабрь куни Хонкендини Арманистон билан боғловчи Лочин йўлагида, Шуша-Хонкенди автомагистралининг Россия ҳарбийлари вақтинча назорати остидаги қисмида озарбайжонлик экологик фаоллар ва ноҳукумат ташкилотлар вакиллари ташаббуси билан норозилик акцияси бошланди. Акция бир ҳафтадирки, давом этмоқда.
Фаоллар Арманистонни экологик террорда айблаб, конлардан ноқонуний фойдаланишга қарши шиорлар айтмоқда, шунингдек, Қорабоғдаги Россия ҳарбий контингенти қўмондони Андрей Волков билан учрашишни талаб қилмоқда. Акция иштирокчилари сони ортиб бормоқда. Улар автомобиль йўлини тўсиб қўйган ва талаблари бажарилмагунча ҳудудни тарк этмоқчи эмас.
Намойишлар 11 декабрь куни Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Россияга Озарбайжон ҳудудида вақтинча жойлашган Россия ҳарбий контингенти фаолияти муносабати билан норозилик нотасини топширганидан кейин бошланди. Нота озарбайжонлик экспертлар гуруҳи россиялик ҳарбийлар вақтинча жойлаштирилган ҳудудлардаги экологик вазиятни кузата олмагани, тўғрироғи ҳудудга киритилмагани ортидан топширилган.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон Лочин йўлагини тўсиб, газ таъминотини тўхтатиб қўйгани, бу эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғда гуманитар инқирозга сабаб бўлганини айтиб чиқди. У, шунингдек, Бакуни Лочин йўлагини тўсиб қўймасликка чақирган барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакилларига миннатдорлик билдирди, айрим дўст давлатлар сукут сақлаётганидан ҳайратда эканини тилга олди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антунио Гутерриш эса Лочин йўлагидаги вазиятдан хавотир билдирди ва томонларни ҳаракат эркинлигини таъминлашга чақирди.
Минада портлаган ҳарбийлар
Озар-арман масаласи ва Қорабоғ можаросидан узоқлашмаймиз. Чунки шу ҳафтанинг 14 декабрь куни Озарбайжоннинг Арманистон билан чегарадош Калбажар вилоятида пиёдаларга қарши ўрнатилган мина портлаб, саккиз киши, жумладан, тўрт нафар ҳарбий хизматчи жароҳатланди. Улардан бири вафот этди.
Жароҳатланганларнинг тўрт нафари Қалбажар тумани Чирағ қишлоғида таъмирлаш-қурилиш ишлари билан шуғулланувчи компания ходимларидир. Бундан ташқари, воқеа жойига жўнатилган тўрт нафар ҳарбий хизматчи минада портлаган, улардан бири ҳалок бўлган.
Озарбайжон Қорабоғда давом этган қарийб 30 йиллик арман истилоси даврида Ереван ҳудудларни тўлиқ миналаштиргани ва ҳамон портловчи моддалар жойлаштирилган ерлар харитасини бермай келаётганини даъво қилади. Расмий Баку жорий йилнинг август ойидан буён Арманистон-Озарбайжон чегарасининг Калбажар ва Лочин йўналишларида 1119 та, Қорабоғ иқтисодий райони ҳудудида 1609 та мина топилгани ва зарарсизлантирилганини маълум қилган.
Эрдўғаннинг куёви уруш майдонига янги қирувчини киритди
Айнан 2020 йилдаги Қорабоғ урушида Озарбайжоннинг қўли баланд келишида катта ҳисса қўшган Bayraktar дронлари муаллифи – Эрдўғаннинг куёви Селчук Байроқдор дунё уруш майдонига янги қирувчи самолётни киритди. Турк тилида “Kızılelma” – Қизил олма номини олган ушбу учоқ синови шу ҳафтада муваффақиятли ўтказилди.
“Bayraktar Kızılelma”нинг 18 дақиқа давом этган илк парвози турк авиация тарихида янги даврни очгани айтилмоқда.
“Bayraktar Kızılelma” лойиҳасига 2021 йилда старт берилган эди. Оғирлиги 6 тонна бўлган самолёт 1,5 тонна фойдали юкни кўтара олади. У Туркияда ишлаб чиқарилган AESA радар тизими билан жиҳозланган.
Самолётнинг илк кўргазмали парвози 2023 йилга мўлжалланган, ўшанда Туркия республиканинг 100 йиллигини кенг нишонлайди.
Россия терроризм ҳомийси
Польша парламентининг қуйи палатаси (Сейм) 14 декабрь куни Россияни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлат сифатида тан олиш ҳақидаги резолюцияни қабул қилди. Унга 231 депутат овоз берди, 226 депутат овоз беришда қатнашмади.
Резолюция матнида 2014 йил июлида Малайзия ҳаво йўллари самолётининг ҳалокатга учраши ва 2010 йил апрелида Смоленск яқинида Польша ҳукумати лайнерининг ҳалокатга учраши учун Россия бевосита жавобгар экани қайд этилган.
Сейм резолюцияси жорий ички ёки ташқи воқеалар бўйича парламент ўз фикрини билдиришнинг рамзий, мажбурий бўлмаган шаклидир. Бу норматив акт эмас. Қоидага кўра, бундай қарорлар ҳукуматнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ёки ҳокимият эътиборини бирон бир муаммога жалб қилиш учун ишлаб чиқилади.
“Ўлаётган” Саакашвилининг сўнгги илинжи
Олти йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Грузиянинг собиқ Президенти Михаил Саакашвили Франция Президенти Эммануэль Макронга мактуб йўллади. Унда Саакашвили Франция раҳбаридан ёрдам сўрайди ва ўлаётганини, вақти камлигини қайд этади.
“Мен бутун умрим давомида Грузия ва Украинада эркинлик ва ислоҳотлар учун курашдим, Россиянинг империалистик сиёсатига қарши чиқдим. Путин мени ўзининг ашаддий душманларидан бири деб билади. У омма олдида мени ўлдиришга ваъда берди. Ҳозир мен унинг шахсий маҳбусларидан бири сифатида қамоқдаман. Токсикологлар мени қамоқхонада заҳарланган, деган хулосага келишди”, дейилади мактубда.
У Макрон ва Франция халқининг ёрдамига умид қилишини ёзган.
Саакашвили 2004-2013 йилларда кетма-кет икки муддат Грузия Президенти бўлган. Кейинчалик у Украинада ҳам турли лавозимларда ишлаган. Аммо Украинанинг собиқ Президенти Пётр Порошенко билан муносабатлари бузулиши натижасида унга берилган украин паспорти бекор қилинган. Владимир Зеленский Президентликка сайлангач, Саакашвилига Украина фуқаролиги қайтариб берилди. 2021 йилнинг сентябрь ойида у Грузияга қайтиб келди ва ҳибсга олинди.
Россия ва россияликлар яна қора рўйхатда
16 декабрь куни Европа Иттифоқи ўзининг қора рўйхатига Россиянинг 141 жисмоний ва 49 юридик шахсини, жумладан, Россия вазирлари, губернаторлари, судьялари, Давлат Думаси депутатлари, санъаткорлар ва бошловчиларни, шунингдек, Россия Федерациясининг бешта сиёсий партиясини, жумладан, Бирлашган Россия, Россия Либерал-демократик партияси, Адолатли Россияни киритди.
Рўйхатда қўшиқчи Григорий Лепс, блогер Дмитрий Пучков, режиссёр Никита Михалков, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг қизлари – Айшат ва Карина, шунингдек, унинг амакиваччасиҳам бор.
Янги санкциялар пакети доирасида Европа Иттифоқи Европа бизнесларига янги корхоналарни сотиб олишни ёки Россия Федерациясининг энергетика секторида иштирок этувчи компанияларнинг мавжуд акцияларини оширишни тақиқлади.
LiveБарчаси