Эрдўған Туркиянинг ниятини айтди
Олам
−
17 Декабрь 2022
9128Туркия яқин келажакда глобал газ нархлари марказига айланиш ниятида. Бу ҳақда кеча, 16 декабрь куни Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған Истанбул яқинидаги Силиври ерости газ омборининг янги қувватларини ишга тушириш маросимида маълум қилди ва уни Европадаги энг йирик газ омбори деб атади.
“Биз [Россия Президенти Владимир] Путин билан музокаралар олиб бордик [Туркия ҳудудида газ хабини яратиш бўйича]. Фракия (Туркиянинг Европа қисми) энергия марказига айланади. Мақсадимиз имкон қадар тезроқ Туркияни глобал газ нархлари марказига айлантириш”, дейди Эрдўған.
Давлат раҳбари 3,2 миллиард куб метр сиғимга эга Силиври ерости газ омбори дастлаб мамлакат газ тақсимлаш тизимига кунига 28 миллион куб метр газ етказиб бериш имконини берганини эслатди. Ваҳоланки, иншоотнинг иккинчи навбати ишга туширилиши билан ундаги газ омбори ҳажми 4,6 миллиард куб метрга, суткалик газ етказиб бериш эса 75 миллион куб метрга этади.
Унинг сўзларига кўра, Силиври газ омборининг салоҳияти Туркиянинг кўк ёқилғига бўлган йиллик эҳтиёжининг саккиз фоизини қоплаш имконини беради. Газ сақлаш иншоотининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш учун ўрнатилган қуввати 4,2 МВт бўлган шамол турбинаси ҳам қурилган.
Туркия ҳудудида “Шимолий оқим” орқали йўқолган транзит ҳажмини қайта йўналтириш мумкин бўлган марказ яратиш ғояси билан Россия Президенти Владимир Путин “Россия энергетика ҳафталиги” форумида чиқиш қилди. Унинг сўзларига кўра, гап Туркияда бошқа қувур тизимини қуриш ва хаб яратиш имконияти ҳақида бормоқда, агар улар бундан манфаатдор бўлса, у орқали газ учинчи давлатларга, биринчи навбатда Европа мамлакатларига етказиб берилади. Бу масала жорий йилнинг 13 октябрь куни Путиннинг Туркия Президенти Эрдўған билан Остонада бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити доирасидаги учрашувида муҳокама қилинган.
Шунингдек, Эрдўған туркман газини ҳам Озарбайжон ёрдами билан Каспий денгизи орқали Туркияга олиб келиб, сўнг уни Европа мамлакатларига пуллашни режалаштиряпти. Шу мақсадда 14 декабрь куни Туркманбоши шаҳрида Туркия-Озарбайжон-Туркманистон Президентларининг биринчи уч томонлама саммити бўлиб ўтди. Саммитдан сўнг Эрдўған Энергетика вазирлиги раҳбарига бир ой муддатда туркман табиий газини Европага экспорт қилиш масаласини ишлаб чиқишни топширганини айтди.
LiveБарчаси