Туркиянинг илк учувчисиз қирувчи самолёти биринчи парвозини муваффақиятли амалга оширди
Технология
−
15 Декабрь 2022
4999“Baykar”нинг ўз сармояси билан ишлаб чиқилган илк Турк учувчисиз қирувчи самолёти “Bayraktar Kızılelma” илк парвозини муваффақиятли якунлади.
“Baykar” маълумотларига кўра, “Bayraktar Kızılelma” биринчи парвоздан олдин керакли синовларни ўтказиб, Текирдоғ Чорлу шаҳридаги Акинжи парвоз таълим ва синов марказида соат 14:59 да ҳавога кўтарилди. Биринчи парвозни 15:17 да муваффақиятли якунлаган самолёт қўнди. “Bayraktar Kızılelma”нинг 18 дақиқа давом этган илк парвози турк авиация тарихида янги даврни очгани айтилмоқда.
“Baykar” 100 фоиз ўз капитали билан бошлаган “Bayraktar Kızılelma” лойиҳасига 2021 йилда старт берилган эди. 2022 йил 14 ноябрда монтаж линиясидан чиқарилган TC-ÖZB қуйруқ рақамига эга “Bayraktar Kızılelma” Чорлу шаҳридаги Акинжи парвоз ўқув ва синов марказига топширилди. Бир ойлик синовдан сўнг бу ерда биринчи парвоз рекорд даражада — лойиҳа бошланганидан бир йил ўтгач амалга оширилди.
“Baykar Teknoloji” техник директори ва Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг куёви Селчук Байроқдор бу воқеани Twitter’да баҳам кўрди.
“Биз [уни] энди ерда ушлаб туролмадик ва у учиб кетди. Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин...”, деб ёзади Байроқдор.
Биринчи турк учувчисиз самолёти қисқа учиш-қўниш йўлакларидан фойдаланиши мумкин бўлган тарзда ишлаб чиқилган, жумладан, Туркия денгиз флотининг Анадолу флагманига асосланган.
Самолётни ишлаб чиқиш “Baykar”нинг учувчисиз самолётлар соҳасидаги 20 йиллик тажрибасидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Оғирлиги 6 тонна бўлган самолёт 1, 5 тонна фойдали юкни кўтара олади. “Bayraktar Kızılelma” Туркияда ишлаб чиқарилган AESA радар тизими билан жиҳозланган.
Самолётнинг илк кўргазмали парвози 2023 йилга мўлжалланган, ўшанда Туркия республиканинг 100 йиллигини кенг нишонлайди.
“Bayraktar Kızılelma” учувчисиз ҳарбий самолёти қисқа учиш-қўниш йўлагига эга бўлган кемалардан, шу жумладан Туркия денгиз флотининг флагмани – TCG Anadolu’дан уча олади. Бу хусусият “Bayraktar Kızılelma”ни хориждаги операциялар учун самарали воситага айлантиради.
“Baykar”, тахминан 20 йил аввал дронларни ишлаб чиқишни бошлаганидан бери умумий даромадининг 75 фоизини экспортдан олган.
Туркия Экспортчилар Ассамблеяси томонидан 2021 йилда мудофаа ва ҳаво-космик секторда экспорт етакчиси сифатида эълон қилинган “Baykar”, 2022 йилда 18 хил давлатга бир миллиард доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилди. Бундан ташқари, “Baykar” 2022 йилда имзолаган шартномаларнинг 98 фоизи экспорт шартномалари эди.
LiveБарчаси