Раҳмат, укам Норов ёхуд ака-укаларнинг “тил топишолмаган” йиғилиши
Жамият
−
02 Август 2022
40031Мажлис зали ҳозир. Байроқлар ўз жойида. Зал сўнгги бор кўздан кечирилмоқда. Журналистлар ҳам айтилган вақтга келишни бошлади. Бироздан кейин “Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия” мулоқот форматининг биринчи йиғилиши бошланади.
Йиғилишда иштирок этадиган делегациялар – Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли бошчилигидаги Туркия ҳайъати ва Жайхун Байрамов раҳбарлигидаги Озарбайжон ҳайъати аллақачон Тошкентга етиб келган.
Учлик учрашувидан олдин Норов ва Чавушўғли гаплашиб олиши керак. Мезбон Норов учрашув жойига эртароқ етиб келди. Пандемия талабларига биноан қўлини антисептик воситалар билан тозалашни унутмади. Ҳозирликнинг сўнгги ҳолати билан танишди.
Учрашув аввалида Норов Чавушўғлини отаюрти Ўзбекистонда кўраётганидан мамнунлигини ифода этди. Вазирлар узоқ сўрашиб, бир-бирига илтифот қилиб бўлгач, асосий масалаларни ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилди.
Норов ва Чавушўғли мулоқотдан сўнг йиғилиш ўтказиладиган залга ўтиш вақтида ҳам йўлакда тўхтаб, инглиз тилида (!) муҳокамаларни давом эттирдилар. Байроқлар олдига яқинлашилганда эса қаердандир Ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов бошчилигидаги Озарбайжон делегацияси пайдо бўлди.
Томонлар – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов, Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, Инветициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов, Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли, Савдо вазири Меҳмет Муш, Транспорт ва савдо вазири Одил Караисмоилўғли, Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов, Иқтисодиёт вазири Микоил Жабборов, Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев йиғилиш ўтказиладиган асосий залга йиғилди.
Уч Туркий давлат ҳайъатлари йиғилишини Владимир Норов инглиз тилида бошлаб берди. Унинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг Туркия ва Озарбайжон билан мулоқоти ўтган 5 йилда кенгайиб бормоқда. Озарбайжон билан товар айланмаси қарийб етти баравар, Туркия билан эса икки ярим бараварга кўпайган.
Вазир Ўзбекистон учун Баку-Тбилиси-Карс темир йўлининг транзит салоҳиятидан фойдаланишнинг муҳим аҳамияти, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўл қурилиши лойиҳаси, “Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар” темир йўли лойиҳасини амалга ошириш, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия учун умумий аҳолиси 1,9 миллиард ва ялпи ички маҳсулоти $3,5 триллион бўлган Жанубий Осиёнинг истиқболли бозорларига тўғридан-тўғри кириш учун ноёб имконият яратиши хусусида гапирди.
Йиғилишда савдо, инвестиция, саноат, транспорт ва коммуникациялар соҳаларида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва илгари суриш, “Транс-Каспий-Шарқий-Ғарбий-Ўрта йўлак” мултимодал транспорт йўналиши, жумладан, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия иттифоқчи давлатлари ҳудудлари орқали ўтувчи транзит йўлаклар салоҳиятини ошириш, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркиянинг юқори транзит салоҳиятидан унумли фойдаланиш мақсадида, халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича уч давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги муҳокама қилинди.
Йиғилишда Озарбайжон делегацияси ҳам тўлиқ инглиз тилида нутқ қилди. (!) Туркиялик вазирлар эса ўз она тилида гапиришди. Ўзбекистон томонидан фақат Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ўзбек тилида сўз олди ва бу эътирофга лойиқ. Йиғилиш сўнгида уч томонлама декларация имзоланди.
Томонлар ўзаро манфаатдор бўлган минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда қатъий эканлигини билдирдилар.
Афғонистондаги тинчлик ва барқарорлик Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили эканлигини эътироф этдилар, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг тўсиқларсиз гуманитар ёрдам кўрсатиш, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини давом эттириш ҳамда инклюзив бошқарув ва афғон манфаатдор томонлари ўртасида мулоқот муҳимлигини таъкидладилар.
Иқтисодиёт, савдо, инвестиция ва транспорт соҳасида, шу жумладан транспорт ва транзит коммуникацияларининг барча турларида ҳамкорликнинг тўлиқ салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларини давом эттиришда қатъий қарорларини билдирдилар.
Аҳамиятлиси шуки, Озарбайжон Республикасининг Қорабоғ ва Шарқий Зангазур вилоятларига сармоя киритиш орқали Озарбайжонни можародан кейинги реабилитация, реконструксия ва реинтеграция саъй-ҳаракатларига ҳисса қўшиш муҳимлигини таъкидлар ва Озарбайжон томони Туркия ва Ўзбекистон компанияларининг Озарбайжоннинг озод қилинган ҳудудларини тиклаш ва қайта қуриш лойиҳалари инфратузилмасидаги иштирокини юқори баҳолади.
Шунингдек, халқаро транспорт алоқаларини кенгайтириш учун Шарқий Зангазур ва Озарбайжон Республикасининг Нахичеван Мухтор Республикасини боғловчи Зангазур йўлагини очиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш бўйича Тошкент декларацияси қабул қилинди.
Йиғилишдан кейин ўтказилган брифингда 73-йилда туғилган Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов ўзбекистонлик 67 яшар вазир Норовга укам дея мурожаат қилди.
Ўйлашимизча, нутқини инглиз тилидан ўзбекчага ўгирган Байрамов "brother" ўзбекчада ҳам айни маънони англатади деб ўйлаган чоғи.
Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Байрамовнинг хатосини англади ва ҳижолат чекди шекилли, сўз навбати ўзига келганда, дарров Норовга акам деб гап бошлади.
Йиғилиш шу тахлит якунига етди, вазирлар ортига қайтди.