Олмазордаги қурилишда қон чиқди. Ҳокимбува қаердасиз?
3-саҳифа
−
19:39 3183 4 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Олмазор туманидаги қурилиш майдони акс этган видеолар тарқалгач, жамоатчиликда бир қатор саволлар пайдо бўлди. Тадбиркор мазкур ерни қандай асосда эгаллаган? Қурилиш учун рухсат қачон ва қайси шартлар асосида берилган? Қурилиш вазирлиги ва назорат инспекцияси лойиҳанинг талабларга мувофиқлигини текширганми? Ҳудуддаги дарахтлар кесилган бўлса, Экология қўмитаси бу ҳақда хабардор бўлганми?
Видеолардан кўринишича, маҳалла аҳолиси ушбу қурилишдан аввалдан норози бўлган. Улар қурилиш белгиланган ҳудуддан ташқарига чиққанини, хавфсизлик талаблари етарлича таъминланмаганини таъкидлаган.
Фалокат содир бўлиб, котлован тупроғи кўчиши ортидан ижтимоий тармоқларда воқеа жойидан олинган тасвирлар тарқалди. Шундан сўнг, Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий муносабат билдириб, ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар ва тез ёрдамга мурожаат қилганлар йўқлигини маълум қилди.
Бироқ QALAMPIR.UZ’га воқеа гувоҳлари ва маҳалла аҳолиси етказган маълумотлар ҳамда таҳририят қўлидаги видеоларда бу баёнотга зид ҳолат акс этган. Кадрларда жароҳатланган шахсни замбилда олиб чиқиб кетилаётганини кўриш мумкин. Шунингдек, тез тиббий ёрдам чақирилгани ҳақида ҳам гувоҳлар маълумот берди.
QALAMPIR.UZ’га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, фалокат оқибатида бир нафар фуқаро жароҳатланган ва ҳозирда шифохонада даволанмоқда.
Унинг сўзларига кўра, қурилиш ишларига алоқадор МЧЖ мансабдор шахсларининг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ҳамда 192-11-моддаси (нодавлат ташкилотда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш) аломатлари мавжудлиги сабабли жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қурилиш вазирлиги воқеа юзасидан расмий муносабат эълон қилди. Унда қурилиш тасдиқланган лойиҳа асосида амалга оширилганми, шаҳарсозлик нормаларига риоя қилинганми, меҳнат муҳофазаси талаблари бажарилганми каби масалалар ўрганилаётгани маълум қилинди.
Бироқ ушбу муносабат “ҳамма нарса ҳақида, аммо ҳеч нарса демаган” баёнотга ўхшади.
Чунки, таҳририят томонидан берилган энг оддий саволлар – қурилишга рухсат қачон берилгани, лойиҳа қачон тасдиқлангани ва бу ерда қандай объект қурилиши кўзда тутилгани ҳақидаги саволга аниқ жавоб тақдим этилмади.
Ҳокимликнинг маълумотига кўра, вазият Тошкент шаҳар ҳокими назоратига олинган ва махсус комиссия тузилган.
QALAMPIR.UZ мухбирлари воқеа жойига борганида комиссия аъзоларининг айримлари ҳудудда бўлган. Бироқ улар ўзларини қуйи бўғин ходимлари эканини билдириб, интервью бериш ваколатига эга эмасликларини айтди.
Уларнинг таъбири билан айтганда, “катталарни топишнинг имкони бўлмади”.
Маҳалла аҳолиси қурилиш давомида техник талаблар бузилгани ва лойиҳада кўзда тутилганидан ортиқ ер майдони эгалланганини билдирди.
Шундан сўнг, таҳририят Тошкент шаҳар қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекцияси ходимидан изоҳ олишга ҳаракат қилди.
Шу билан бирга, бу қурилиш атрофидаги энг муҳим саволлардан бири – мазкур ер хусусий тадбиркор қўлига қандай ўтгани.
Маълум бўлишича, бинода илгарилари “Карвонбанк” фаолият юритган. Банк банкрот деб топилгач, бино узоқ йиллар давомида Олмазор тумани Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими сифатида фойдаланилган.
2022 йилнинг бошида мазкур бўлим бошқа манзилга кўчирилгач, бино қўшнидаги 243-сонли мактаб балансига ўтказилган. Режага кўра, мактаб ҳомий топиб, бинодан таълим муассасаси эҳтиёжлари учун фойдаланиши лозим эди.
Бироқ ҳомий топилмаган. Орадан кўп ўтмай эса ер майдони хусусий сектор ихтиёрига ўтиб, бу ерда кўп қаватли қурилиш бошланган.
Қандай тартибда давлат мулки хусусийлаштирилгани ва бу қарорни ким қабул қилганига аниқлик киритиш мақсадида таҳририят бир қатор давлат идораларига журналистик сўровлар юборди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маълумотига кўра, 2 август куни воқеа жойига шаҳар ва туман ҳокимлиги вакиллари чиққан. Бироқ таҳририятнинг бугунги мурожаатига на Тошкент шаҳар ҳокимлиги, на Олмазор туман ҳокимлиги, ва на бошқа мутасадди ташкилотлар вазиятга изоҳ беришни ҳохламади.
Бахтсиз ҳодиса содир бўлди. Жиноят иши қўзғатилди. Аммо жамоатчиликни қизиқтираётган асосий саволлар – қурилиш қандай рухсат билан бошлангани, давлат ери қандай қилиб хусусий секторга ўтгани ва бунинг учун ким жавобгар экани ҳали ҳам очиқ қолмоқда. QALAMPIR.UZ ушбу мавзуни кузатишда давом этади.
Live
Барчаси