Олмазордаги қурилишда қон чиқди. Ҳокимбува қаердасиз?

Review

Reklama
0:00

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги Беруний кўчасида қурилиш майдонида юз берган фалокат ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар орқали жамоатчилик эътиборига тушди. QALAMPIR.UZ мухбири ҳолатни яқиндан ўрганиш мақсадида воқеа жойига етиб борди.

Суриштирувлар давомида бир қанча саволлар муҳокама марказига чиқди. Жумладан, қурилиш вақтида ернинг ўпирилиб кетиши ортидан аҳоли орасида саволлар кўпайди. Тадбиркор бу ҳудудни ўзбошимчалик билан эгаллаб олганми? Қурилиш учун рухсат қайси шартлар асосида берилган? Назорат инспекцияси қурилиш жараёнида техник талаб ва меъёрларга амал қилинаётганини текширганми? Ҳудуддаги дарахтларнинг кесилиши ва бошқа жойга кўчирилишидан экология идоралари хабардор бўлганми?

Фалокатдан кейин олинган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳодиса оқибатида жароҳатланган ва тез ёрдамга мурожаат қилганлар йўқлигини маълум қилди.

Бироқ QALAMPIR.UZ’га воқеа гувоҳлари ва маҳалла аҳолиси етказган маълумотлар, шунингдек, ҳодиса акс этган видеоларда жароҳатланган шахслар бўлгани ва тез тиббий ёрдамга мурожаат қилингани кўринади.

“Булар ҳатто тез ёрдам ҳам чақирмади. Биз ўзимиз дарахт босиб қолган одамни кўриб тезда тез ёрдам чақирдик”, дейди воқеага гувоҳ бўлган аҳоли вакили.

Орадан кўп ўтмай, Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ’га фалокат оқибатида бир киши жароҳатланганини ва у айни пайтда шифохонада даволанаётганини маълум қилди.

Бош прокуратура берган маълумотга кўра, қурилишга алоқадор МЧЖ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларида Жиноят кодексининг 257-моддаси — меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш ҳамда 192¹¹-моддаси — нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилишда назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов олиб борилмоқда.

“DONMAH-IMEX” кимга тегишли?

Энди воқеа жойидаги қурилишнинг ўзига тўхталамиз. Бу ҳудудда айнан қандай объект қурилаётгани, қурилиш учун ким рухсат олгани ва ушбу компаниянинг ортида кимлар тургани жамоатчилик учун қизиқ.

Қурилиш паспортида кўрсатилган ҚР-код орқали МЧЖ ҳақидаги маълумотларни олиш мумкин. Унда келтирилишича, “DONMAH-IMEX” масъулияти чекланган жамияти 2019 йил 6 февралда рўйхатдан ўтказилган.

Жамиятнинг устав фонди 10 млрд 924 млн 206 минг 300 сўмни ташкил этади. Компаниянинг расман рўйхатдан ўтган фаолият турига кўра, у ғалла, уруғлар ва ҳайвонлар учун озуқаларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланади.

Аммо Беруний кўчасидаги манзилда нима қурилаётгани бўйича ҳам очиқ ҳужжатларда маълумот бор. Объектнинг тегишли юридик ҳужжатларида бино замонавий меҳмонхона апартаментлари биноси сифатида ихтисослаштириб реконструкция қилиниши белгиланган. Режага кўра, қурилиш якунланишига 562 кун қолган.

Навбат таъсисчиларга.

Яқин вақтгача “DONMAH-IMEX” МЧЖнинг 95 фоиз улушига Якубов Самук Салихджанович эгалик қилган. Абдусаттаров Абдуманнон Каҳарович эса қолган 5 фоиз улуш эгаси бўлган.

Аммо жорий йил 15 июль куни компания қайта рўйхатдан ўтказилган. Натижада таъсисчилардан бири бутунлай ўзгарган, иккинчисининг улуши эса қисқариб, компанияда тенг ҳамкорлик кўриниши пайдо бўлган.

Ҳозирда янги шахс — Хусанов Муҳаммад Мурод ўғли ва Якубов Самук Салихджанович компаниянинг 50 фоиздан улушига эга.

Жумладан:

  • объект бош режасининг ечими тўғри топилгани;
  • объектнинг меъморий ечими тўғри топилгани;
  • лойиҳада автотураргоҳ масаласи ҳал этилгани;
  • қурилиш чизиғига амал қилингани

каби талаблар бажарилгани қайд этилган.

Қолаверса, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси томонидан ҳам 2026 йил 12 февраль куни қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун объект рўйхатдан ўтказилгани ҳақида рухсатнома берилган.

Демак, қоғозларда лойиҳа ижобий. Аммо бу ерда бошқа савол пайдо бўлади. Лойиҳа 2025 йил 3 февралида ижобий баҳоланган бўлса, ҳудуд аҳолиси манзил 2023 йилнинг ўзидаёқ ўраб олинганини айтмоқда. Бу қандай бўлган?

Қурилиш лойиҳаси ҳали ижобий хулоса олмаган пайтда ҳудудда қандай ишлар амалга оширилган?

Аҳолининг айтишича, бу ерда йиллар давомида ўнлаб дарахтлар кесилган. Бунинг оқибатида табиатга қарийб 1 миллиард сўмлик зарар етказилган.

“1980 йилларда катта-катта чинорлар бор эди. Бу ер яшил ҳудуд эди. Ҳатто яқин йилларда ҳам ям-яшил, ҳушманзара жой эди. Болаларимиз ва ўзимиз шу ерга чиқиб дам олардик”, дейди маҳаллий аҳоли.

QALAMPIR.UZ’да бу бўйича аниқ рақамлар ва маълумотлар бор. Аммо бунга бироздан кейин қайтамиз. Аввал бир пайтлар давлатга тегишли бўлган ер қандай қилиб тадбиркорга ўтиб қолгани ҳақида гаплашамиз.

Давлат мулки қандай қилиб “DONMAH-IMEX”га ўтди?

Бу ердаги бино 2000 йиллар бошигача “Карвонбакка”га тегишли бўлган. Корхона банкрот деб эълон қилингач, бино бир муддат халқ тили билан айтганда, Олмазор туманининг “паспорт столи”га айлантирилган.

QALAMPIR.UZ ўз манбалари орқали қўлга киритган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 12 октябрдаги 1474-сонли қарорига асосан, 2019 йил 13 декабрда ҳудуд Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси, 243-сонли умумтаълим муассасаси номига давлат рўйхатидан ўтказилган.

Кейинчалик эса Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси, Олмазор тумани 243-сонли умумтаълим мактаби ва “DONMAH-IMEX” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2020 йил 8 майда инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан олди-сотди шартномаси тузилган.

Шунингдек, 2020 йил 12 майда берилган 17-сонли давлат ордерига асосан, мазкур ҳудуд “DONMAH-IMEX” МЧЖ номига 2022 йил 23 августда давлат рўйхатидан ўтказилган.

Бироқ, бу ерда энг муҳим нуқта бор. Ҳужжатларда “инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан” деган жумла мавжуд. Лекин айнан қандай инвестиция мажбуриятлари назарда тутилгани, компания давлатдан ушбу ҳудудни олиш эвазига нималарни бажариши керак бўлгани, ушбу мажбуриятларнинг ижроси ким томонидан назорат қилингани ва бажарилмаган тақдирда қандай чоралар кўрилиши кераклиги бўйича на шаҳар ҳокимлиги, на бошқа масъул ташкилотлар бизга аниқ жавоб берди.

Демак, давлат мулки хусусий компания тасарруфига ўтган. Аммо бунинг эвазига компания зиммасига қандай мажбурият юкланган? Ва энг муҳими — улар бажарилганми? Бу савол ҳозирча очиқ қолмоқда.

3006 квадрат метр ер масаласи

Кадастр ҳужжатига кўра, доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ер участкасининг майдони 3006 квадрат метрни ташкил этади. Компания раҳбари сифатида эса Олимов Комолиддин Зулпикарович кўрсатилган.

Бош прокуратура берган маълумотда ушбу уч шахснинг барчаси ёки улардан қайсидир бири қўлга олингани ҳозирча очиқланмаган. Қизиқ жиҳати шундаки, жорий йил 15 июлга қадар компаниянинг асосий улушдори бўлган Якубов Самук Салихджанович яна бир компания — “EVRODOM” МЧЖнинг ҳам 58,43 фоиз улушига эгалик қилади. Номидан ҳам англаш мумкин: “EVRODOM” қурилиш соҳасига ихтисослашган.

Яна бир эътиборли жиҳат — Беруний кўчасидаги баҳсли қурилиш марказида турган “DONMAH-IMEX” МЧЖ раҳбари сифатида кўрсатилган Олимов Комолиддин Зулпикарович “EVRODOM” МЧЖда ҳам худди шу лавозимни эгаллайди.

Бу ҳолатлар ҳали ўз-ўзидан бирор қонунбузарликни англатмайди. Аммо айнан шу маълумотлар ушбу қурилиш лойиҳасининг ортида кимлар тургани ва компаниялар ўртасидаги алоқалар қандай экани ҳақидаги саволларни янада долзарб қилади.

Ҳужжатларда ҳаммаси жойидами?

Ер ўпирилишига сабаб бўлган қурилиш лойиҳаси паспортида келтирилган ҳужжатларга қаралса, ҳаммаси ижобий. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси, лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг 2025 йил 3 февралдаги хулосасига кўра, қурилиш лойиҳаси 11 та категория бўйича тўлиқ ижобий баҳоланган.

Бироқ, маҳалла аҳолиси вакиллари қурилиш жараёнида техник талаблар бузилгани, лойиҳада белгиланган ҳудуддан кўра кўпроқ ер эгаллаб олингани ҳақида эътироз билдирмоқда.

Агар бу даъволар тасдиқланса, унда яна бир муҳим савол пайдо бўлади: Компания ўзига тегишли ёки фойдаланиш ҳуқуқи берилган 3006 квадрат метрдан ташқарига чиққанми? Агар чиққан бўлса, бунга ким рухсат берган? Рухсат берилмаган бўлса, назорат қилувчи идоралар буни қачон аниқлаган?

Маҳалла раисининг сўзларига кўра, у раисликка сайлангунга қадар барча ҳужжатлар аллақачон расмийлаштириб бўлинган. Раис ҳужжатлар билан танишмоқчи бўлганда, маҳалла раисини қурувчи-тадбиркорлар хатлаб ўтиб, ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмаган.

Шундан сўнг, Тошкент шаҳар қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекцияси ходимидан изоҳ олишга ҳаракат қилдик. Ходимнинг сўзларига кўра, ҳозирда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Тайинли жавоб ололмагач, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси матбуот хизматидан изоҳ сўрадик. Улар қуйидагича жавоб берди:

“Ҳозир ўрганиш ишлари давом этмоқда. Котлован қазиш жараёнида буюртмачининг, техник лойиҳачининг, муаллифлик пудратчининг ички назоратчилари фаолияти ҳамда лойиҳа ҳужжатлари ишчи гуруҳ томонидан ўрганилмоқда. Унинг якунларига кўра расмий маълумот берилади”.

Ҳа, матбуот хизмати мана шундай “ҳамма нарса ҳақида ҳеч нарса” қабилидаги расмий маълумот берди. Жамоатчилик кутаётган саволлар бундан анча аниқ. Қурилиш бошланишидан олдин ҳудуд текширилганми? Котлован қазиш жараёнида хавфсизлик талабларига амал қилинганми? Лойиҳада белгиланган майдон бузилмаганми? Ички назорат тизими ишлаганми? Ва агар ишлаган бўлса, нега фалокат юз берди? Бу саволларга тергов ва махсус комиссия хулосаси ойдинлик киритиши керак.

800 миллион сўмлик дарахтлар масаласи

Энди юқорида айтганимиз — ҳудудда қурилиш компанияси томонидан амалга оширилган дарахткушлик ҳақида гапирамиз. Мазкур ҳудудда пойтахт Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда Экология ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида ушбу қурилиш объектида экология қонунчилиги талаблари кетма-кет бузилгани аниқланган.

Жумладан, 2025 йил 16 апрель куни ҳудуддаги 2 туп чинор дарахти белгиланган тартибдаги рухсатномаларсиз бошқа жойга кўчириб ўтказилгани аниқланган.

Суд қарорига асосан ҳуқуқбузарга 24,7 миллион сўм жарима ҳамда 6,6 миллион сўм миқдорида табиатга етказилган зарар белгиланган. Орадан кўп ўтмай, 2025 йил 24 апрель куни ўтказилган назорат тадбирида 14 туп чинор дарахти ноқонуний равишда кўчириб ўтказилгани оқибатида шикастлангани аниқланган. Суд қарорига мувофиқ 9,3 миллион сўм жарима ҳамда 42 миллион сўм миқдорида зарар ундирилган. Воқеа шу билан тугамаган.

2025 йил 17 декабрь куни мазкур қурилиш майдонида 6 туп чинор, 3 туп арча ва 1 туп софора дарахти ноқонуний кесилгани аниқланган. Бунинг оқибатида табиатга 605 миллион сўм миқдорида зарар етказилгани белгиланган. Тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилган.

Шунингдек, етказилган зарар суммасини ҳуқуқбузар МЧЖдан ундириш юзасидан Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан тегишли қарор қабул қилинган. Бироқ бугунги кунга қадар мазкур зарар қопланмаган.

Шу сабабли суд қарорини мажбурий тартибда ижро этиш учун ҳужжатлар Мажбурий ижро бюросига юборилган. Аммо қурилиш компанияси шунда ҳам етарли хулоса чиқармаган кўринади.

2026 йил 13 июль куни ўтказилган навбатдаги ўрганишда яна 3 туп чинор дарахти таг қисмидан ноқонуний кесиб ташлангани аниқланган.Ҳуқуқбузарга нисбатан 10,3 миллион сўм жарима ҳамда 218,3 миллион сўм миқдорида зарар қўллаш юзасидан судга даъво аризаси киритилган.

Шу ўринда қатор савол туғилади: Бу компания вакиллари навбатдаги “блатной”ларми? Нега шунча дарахтнинг кесилиши, ноқонуний кўчирилиши ва табиатга етказилган юзлаб миллион сўмлик зарар бошқа ҳолатлардагидек шов-шув бўлмади? Нима учун жарима ва зарар ундириш бўйича суд қарори мавжуд бўла туриб, кейинчалик яна дарахт кесилган?

Умуман, бир неча маротаба экологик қонунчиликни бузган компания фаолияти устидан назорат қандай олиб борилган? Манзилда умумий ҳисобда 800 миллион сўмлик зарар етказилган 13 туп дарахт кесиб ташланган ва 16 туп чинор ноқонуний кўчирилиб, уларга шикаст етказилган. Булар оддий рақам эмас–бу шаҳар экологияси. Бу эса давлат томонидан ҳимояланиши керак бўлган яшил ҳудуд.

Мораторий бор эди. Аммо дарахтлар нега кесилди?

Ваҳоланки, бундай вазиятларнинг олдини олиш учун давлат даражасида қатор фармон ва қонунлар қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистонда дарахт кесишга муддатсиз мораторий эълон қилинган. Ушбу қурилиш компанияси бунга амал қилмаган.

Қолаверса, экологик муаммолар кўпайгани ортидан бу соҳага алоҳида эътибор берилиб, 2025 йил 19 ноябрь куни “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинган.

Унга кўра, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида амалдаги штат бирликлари сақланган ҳолда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилган.

Яъни экология, дарахтлар ва атроф-муҳит масаласига давлат даражасида эътибор кучайтирилган бир даврда Олмазор тумани Беруний кўчасида айнан дарахтларнинг кесилиши ва ўзбошимчалик билан кўчирилиши ҳолатлари қайд этилган.

Жарималарни тўлаб қўйиб, яна билганимизча кесаверамиз, деган қараш билан ҳаракат қилинганми? Ёки кимдир бу компанияга нисбатан қатъий чоралар кўрилмаслигига ишонганми? Жарима ҳуқуқбузарликни тўхтатиш воситасими ёки шунчаки “иш харажати”га айланиб қолганми? Саволлар кўп. Жавоблар эса ҳозирча аниқ эмас.

Фалокатдан кейин махсус комиссия тузилди. Аммо “катталар” қаерда?

Ҳудудда кузатилган фожиадан кейин вазият Тошкент шаҳар ҳокимининг назоратига олинган.

Ҳоким топшириғига биноан Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини назорат қилиш инспекцияси, прокуратура органлари, Олмазор тумани ҳокимлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирокида тезкор махсус комиссия тузилган.

QALAMPIR.UZ воқеа жойига борганида ишчи гуруҳ аъзоларининг бир нечтасини кўрди. Аммо улар кичик ходим эканини, интервью бера олмаслигини билдирди. Уларнинг таъбири билан айтганда, “катталарни топишнинг имкони бўлмади”. Бу ҳолат ҳам ўз-ўзидан савол уйғотади.

Агар вазият шаҳар ҳокимининг назоратида бўлса, махсус комиссия тузилган бўлса, қурилиш, прокуратура, Фавқулодда вазиятлар ва ҳокимлик вакиллари жараённи ўрганаётган бўлса — нега жамоатчиликка тушунтириш берадиган масъул шахсни топиш шунчалик қийин?

Беруний кўчасидаги воқеа оддий бир қурилишдаги бахтсиз ҳодиса сифатида қараладиган масаладан анча каттароқ. Чунки бу ерда бир вақтнинг ўзида бир нечта савол туғилмоқда. 

Биринчиси — қурилишнинг ўзи. Лойиҳа ҳужжатлари ижобий хулоса олган. Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рухсатнома берилган. Аммо амалдаги жараёнда хавфсизлик талаблари бузилганми ёки йўқми — буни тергов ва махсус комиссия аниқлаши керак.

Иккинчиси — ер масаласи. Бир пайтлар давлат тасарруфида бўлган ҳудуд инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан хусусий компанияга ўтган. Аммо ушбу мажбуриятларнинг мазмуни ва ижроси жамоатчиликка аниқ тушунтирилмаган.

Учинчиси — ер майдони. Кадастр бўйича 3006 квадрат метр ер мавжуд. Аҳоли эса қурилиш вақтида бундан каттароқ ҳудуд эгаллаб олинганини айтмоқда. Бу даъвога ҳуқуқий баҳо берилиши керак.

Тўртинчиси — дарахтлар. 13 туп дарахт кесилган, 16 туп чинор ноқонуний кўчирилиб, шикастланган. Табиатга етказилган зарар юзлаб миллион сўмга баҳоланган. Суд қарорлари ҳам бор. Шунга қарамай, янги дарахт кесилиши ҳолати қайд этилган.

Бешинчиси — назорат. Агар объектга барча тегишли рухсатномалар берилган бўлса, унда қурилиш жараёнини ким ва қандай назорат қилган? Назорат амалга оширилган бўлса, нега экологик қонунчиликнинг кетма-кет бузилишлари ўз вақтида тўхтатилмаган?

Ва ниҳоят, олтинчи савол — жавобгарлик. Бугун мазкур воқеа бўйича жиноят иши қўзғатилгани маълум. Бир киши жароҳатланган. Тергов давом этмоқда.
Ҳозирча бу саволларнинг барчасига тўлиқ жавоб йўқ. Бу воқеа ҳужжатлардаги “ижобий хулоса” билан реал ҳаётдаги вазият ўртасидаги тафовутни, давлат мулкининг хусусий секторга ўтиши жараёнидаги шаффофликни, қурилиш устидан назоратни ва энг муҳими, дарахтлар муҳофазаси бўйича амалдаги талабларнинг қанчалик ишлаётганини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.

Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.
 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends