Ўт балоси: ҳар иккинчи ёнғин хонадонларда содир бўлмоқда
Жамият
−
16 июл 1034 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида 2026 йилнинг дастлабки олти ойида қайд этилган ёнғинлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 10 фоизга камайди. Бироқ ёнғинлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони аксинча ошган. 2026 йилнинг январь–июнь ойларида Тошкент шаҳрида 339 та ёнғин содир бўлган. Бу ўтган йилнинг мос давридаги 376 та ёнғинга нисбатан 37 тага ёки 9,8 фоизга кам. Бу ҳақда кеча, 15 июль куни Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида сўз борди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг олти ойида пойтахтдаги давлат ва тадбиркорлик субъектларига қарашли 5 мингдан ортиқ объектда ёнғин хавфсизлиги бўйича текширувлар ўтказилган. Шунингдек, 6 минг 458 та профилактик кўрик ташкил этилиб, 108 минг 577 та ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилиши аниқланган. Уларнинг 87 минг 327 таси ёки 80,4 фоизи бартараф этилган.
Текширувлар давомида ёнғин хавфи юқори бўлган 3 мингдан ортиқ бино ва иншоотдан фойдаланиш вақтинча чекланган. Бундан ташқари, 11 мингдан ортиқ носоз электр қурилмаси ва тармоғи камчиликлар бартараф этилгунга қадар тармоқдан узилган.
Шунингдек, аниқланган қонунбузилишлар учун 13 минг 792 нафар фуқаро ва мансабдор шахсга нисбатан жами 9 миллиард 585 миллион сўмлик жарималар қўлланган.
Статистикага кўра, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида Тошкент шаҳрида 339 та ёнғин содир бўлган. Бу ўтган йилнинг мос давридаги 376 та ёнғинга нисбатан 37 тага ёки 9,8 фоизга кам. Ёнғинларда тан жароҳати олганлар сони ҳам сезиларли камайиб, 11 нафардан 3 нафарга тушган.
Бироқ, ёнғинлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 7 нафардан 10 нафарга етган. Айниқса, Шайхонтоҳур, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларида ўлим билан якунланган ёнғинлар кўпайгани қайд этилди. Энг оғир ҳодисалардан бири 16 февраль куни Шайхонтоҳур туманидаги хонадонда содир бўлган. Ёнғинни бартараф этиш вақтида уй эгасининг келини ва икки нафар набираси воқеа жойида ҳалок бўлган, куйиш жароҳати олган уй эгаси эса шифохонада вафот этган.
Мутахассислар таҳлилига кўра, жорий йилда содир бўлган ёнғинларнинг 46,6 фоизи, яъни 158 таси аҳоли яшаш хонадонларига тўғри келган. Қолган ёнғинлар эса ишлаб чиқариш корхоналари, савдо объектлари, транспорт воситалари, очиқ майдонлар ва бошқа иншоотларда юз берган.
Матбуот анжуманида, ёзнинг юқори ҳароратли кунларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида республика бўйлаб 5 июлдан 5 сентябргача “Долзарб 60 кун” профилактик тадбири ўтказилаётгани айтиб ўтилди.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.
Live
Барчаси